Автосалондан 31,3 млн сўмга харид қилинган, двигатели 108 от кучига эга «Нексия» автомашинасини ҳужжатлаштириш учун тўловлар миқдори менда қуйидагиларни ташкил этди: Йўл жамғармаси учун йиғим – 1 270 000 сўм; давлат рақами ва техник паспортни олиш учун – 223 000 сўм. Шу суммаси тўғрими?
Э.Усанов.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарори билан Республика йўл жамғармасига йиғимлар ва ажратмалар ставкалари тасдиқланган (24-илова). Унга мувофиқ фойдаланиш муддати 3 йилгача бўлган автотранспорт воситалари харид қилинганлиги учун уларнинг эгалари томонидан Ички ишлар вазирлиги органларида рўйхатдан ўтказиш чоғида тўланадиган йиғим ҳар бир от кучи учун энг кам иш ҳақининг (ЭКИҲ) 10 фоизи миқдорида ҳисобланади.
Шу билан бирга, бундай ҳолларда Ўзбекистон Республикаси, Россия Федерацияси ва Украинада ишлаб чиқарилган, ихтисослаштирилган савдо тармоғида харид қилинадиган янги автотранспорт воситалари бўйича тўланадиган йиғим миқдори харид қийматининг 3 фоизидан кам бўлмаслиги белгиланган.
Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини ва қатъий ҳисобдаги бланкаларни беришда, автомототранспорт воситалари, уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари)ни рўйхатдан ўтказишда, қайта рўйхатдан ўтказишда, мажбурий техник кўрикдан ўтказишда, шунингдек имтиҳонларни олишда ундириладиган тўловлар ставкаларига (АВ томонидан 21.12.2011 йилда 2303-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўра:
– автотранспорт воситаларига рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари учун – ЭКИҲнинг 1,5 баравари миқдорида;
– автомототранспорт воситаларини ва уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари)ни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун ЭКИҲнинг 10 фоизи миқдорида;
– транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини бериш учун ЭКИҲнинг 20 фоизи миқдорида тўлов ундирилиши белгиланган*.
Шуни ҳам қайд этиш лозимки, амалда ЙҲХБга юқоридаги масалалар бўйича мурожаат қилган фуқароларнинг қонунчиликда белгиланган тўловларни амалга ошириш билан бир қаторда, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги бошқа тармоқ – кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари ҳудудига туташган жойларда фаолият кўрсатаётган ташкилотлар («Стол услуг») каби ташкилотлар хизматидан фойдаланишлари ва қўшимча харажатлар қилишларига ҳам тўғри келмоқда.
*15.12.2014 йилдан ЭКИҲ миқдори – 118 400 сўм.
Жавобни «Norma Profi» эксперт-юристи, ю.ф.н. Маҳкам ВОҲИДОВ тайёрлади.