Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 21 / Хўжалик юритиш қоидалари

Ташқи рекламани жойлаштиришга рухсат олиш тартиби соддалашади

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ташқи рекламани жойлаштиришга рухсат бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг лойиҳасини (бундан буён матнда Лойиҳа деб юритилади) ишлаб чиқди. Бунга зарурат бормиди? «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг (25.12.1998 йилдаги 723-I-сон) 20-моддасига биноан ташқи рекламани жойлаштириш тартиби маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади. Унга рухсатнома бериш эса, масалан, Тошкентда шаҳар ҳокимлигининг реклама-ахборот фаолияти бўйича комиссияси* (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) томонидан амалга оширилади. Бироқ «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуннинг (20.12.2012 йилдаги ЎРҚ-341-сон) 16-моддасида белгилаб қўйилишича, ушбу тартиб-таомиллардан ўтиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланмоғи керак. Ҳозирги кунда бизда ташқи рекламани жойлаштиришга рухсат беришни расамадга солувчи норматив ҳужжат йўқ. Бу кемтикликни қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тўлдириш фурсати келди.

 

Умуман олганда, Лойиҳа тадбиркорлик фаолиятини янада эркинлаштиришга, ташқи реклама ёрдамида маҳсулотни кўз-кўз қилиш ва ўтказишга қаратилган. Лойиҳада рухсат олиш йўлидаги ғов-тўсиқларни бартараф этувчи, рухсат олиш жараёнини енгиллаштирувчи қатор янгиликлар бор. Бугунги кунда хўжалик юритувчи субъектлар Комиссияга бир туркум ҳужжатлар тақдим этишлари лозим. Ана шу ҳужжатларни кўриб чиқиш, аниқ муддатлари бўлмагани сабабли, кўпинча чўзилиб кетади. Ҳолбуки, тадбиркор рекламани ўз маҳсулоти ёки хизматини тезроқ ўтказиш мақсадида жойлаштиради. Табиийки, бунда вақт бизнес ишининг ривожига ҳам, ютуғига ҳам таъсир этади. Лойиҳада рухсат бериш тартиб-таомилларининг аниқ муддатлари белгилаб қўйилмоқда – илгари бу нарса йўқ эди. Комиссия 7 кун ичида хўжалик юритувчи субъект ташқи рекламани жойлаштира оладими-йўқми, ҳал этмоғи керак. Агар бундай қилиш рад этилган бўлса, у шу хусусда қарор қабул қилинган санадан эътиборан узоғи билан 1 иш кунида, рад этиш сабаблари ҳам кўрсатилган ҳолда хабардор қилинмоғи шарт. Борди-ю, реклама тарқатувчи белгиланган муддат ичида ҳеч қандай жавоб олмаган бўлса, рекламасини жойлаштиравериш ҳуқуқига эга. Бунинг учун жавобгарлик ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнини чўзиб юборган Комиссия зиммасига юкланади. Айни ана шу банд ҳужжатларни кўриб чиқиш чоғидаги бюрократик ғов-тўсиқлардан тадбиркорларни ҳимоя қилиш учун киритилган.

Реклама тарқатувчи ҳозирги пайтда эскизни тасдиқлатиш учун Комиссияга етарли миқдорда ҳар хил ҳужжатлар тақдим этиши керак. Моҳиятан олганда, бунга зарурат йўқ, чунки у бундай ҳужжатларни рўйхатдан ўтишда давлат органига топширган. Шу боис, ташқи рекламани жойлаштириш учун рухсат беришда тадбиркорларни ҳужжатларни такрор топширишдан озод этиш мўлжалланмоқда. Зарурати бўлганда эса Комиссия аъзолари уларни давлат рўйхатидан ўтказган, лицензия, сертификат ва бошқа ҳужжатлар берган органлардан талаб қилиб олиши ёки ана шу идораларнинг Интерактив хизматлар ягона порталида мужассам топган ахборот базасига мурожаат этиши мумкин.

Реклама тарқатувчилар Лойиҳанинг мазмуни билан давлат порталида танишишлари мумкин. Улардан баъзилари мазкур ҳужжат юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдириб улгурдилар ҳам. Бу таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилди ва инобатга олинди. Ҳозирги пайтда Лойиҳа тегишли идоралар билан келишиб олиш босқичида.

 

*Тошкент шаҳрида ташқи рекламани жойлаштириш тартиби (Тошкент шаҳар ҳокимининг 26.12.2007 йилдаги 1148-сонли қарори билан тасдиқланган).

Ирина ГРЕБЕНЮК,

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 2442 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика