Иқтисодий тадқиқотлар марказида БМТнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО) томонидан тайёрланган йиллик шарҳнинг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз ҳар томонлама барқарор ривожланаётгани, иқтисодий-ижтимоий соҳаларда эришаётган ютуқларимиз халқаро ҳамжамият томонидан муносиб баҳоланаётгани алоҳида таъкидланди.
Буюк Британиянинг нуфузли «Legatum» халқаро институти 2014 йил 4 ноябрда Дунё мамлакатларининг фаровонлик индексини эълон қилди. Сайёрамиз аҳолисининг 96 фоизи ва жаҳон ялпи маҳсулотининг 99 фоизини қамраб олган бу рейтингда Ўзбекистон 142 мамлакат орасида 57-ўринни эгаллади. Жорий йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан ўтказилган «Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари» рейтингида Ватанимиз 158 мамлакат орасида 44-ўринда, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида эса биринчи ўринда қайд этилди.
Мамлакатимиз Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ўз олдига қўйган вазифаларни тўла амалга оширмоқда. Хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя, аҳолининг иқтисодий фаровонлигини таъминлаш, самарали давлат бошқаруви ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳаларда қатор қўшма лойиҳалар бажарилди. Бугунги кунда БМТ органлари юртимиздаги идора ва ташкилотлар билан биргаликда ҳамкорлик дастурининг 2016–2020 йилларга мўлжалланган устувор йўналишларини ишлаб чиқмоқда.
ЭСКАТОнинг йиллик шарҳида бу жиҳатлар алоҳида қайд этилган.
Тадбирда Осиё-Тинч океани минтақасидаги иқтисодий ва ижтимоий ҳолатга оид маъруза тингланди.
ЎзА материали асосида.