21 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар биринчи ўқишда қуйидаги қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар:
● янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг лойиҳасини, у халқаро стандартларга мос келадиган божхона ишининг ягона қонунчилик базасини янада шакллантириш, божхона маъмуриятчилигининг барча босқичлари ва даражаларида ҳуқуқий нормалар ва ёндашувларнинг бир хил шаклда қўлланилишини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни божхона томонидан тартибга солишнинг уйғунлиги ва шаффофлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги, «Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги, «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги бир қатор янги қонунлар қабул қилинганлиги билан ҳам боғлиқ бўлди;
● «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси. Ҳужжат халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, етакчи хорижий мамлакатларнинг тегишли ҳуқуқий муносабатларни қонунчилик йўли билан тартибга солиш тажрибасини ҳисобга олган ҳолда амалдаги норматив базани такомиллаштиришга, дори воситаларига нисбатан техник талабларни халқаро амалиёт билан уйғунлаштиришга, фармацевтика соҳасининг ривожланишига ғов бўлиб турган ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф этишга қаратилган.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини сифатли ва самарали дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлашни янги босқичга кўтаради.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаларининг асосий қоидалари ҳар томонлама муҳокамадан сўнг маъқулланди ва депутатлар уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар. Келиб тушган таклифларни инобатга олиб, ҳужжатларни кейинги ўқишга тайёрлаш масъул қўмиталарга топширилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Ахборот хизматининг материали асосида тайёрланди.