Norma.uz

«Ишингиз тезда битади, агар...»

ТОВЛАМАЧИЛИК ЙЎЛИ БИЛАН ҲАҚ БЕРИШНИ ТАЛАБ ҚИЛИШ ЖИНОЯТЛАРИНИ ТЕРГОВ ҚИЛИШ АМАЛИЁТИ ҲАҚИДА

 

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, хусусан, давлат хизматчиларининг товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилишларининг олдини олиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Шундай бўлса-да, бу турдаги жиноятларни тергов қилиш жараёнларини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳаси олдида турган долзарб масалалардан ҳисобланади. Бинобарин, бу турдаги жиноятларни тергов қилиш услубиятига оид илмий изланишлар ҳали етарлича олиб борилмаганлиги, ўқув-амалий қўлланмаларининг мавжуд эмаслиги ҳам соҳада ҳали кўп ишлар амалга оширилиши лозимлигини тасдиқлайди.

 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 214-моддасида товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Ушбу жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, ходим ўз хизмат вазифасини қонунда белгиланган тартибда бажариш ўрнига моддий манфаат кўриш учун уни пайсалга солади ёки етарли даражада бажармайди, пировард натижада фуқароларнинг давлат хизматчиларига нисбатан бўлган ишончи йўқолади.

Жиноят кодексининг 214-моддасига кўра, товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш деганда, давлат органининг, мулк шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса ёки ташкилотнинг, жамоат бирлашмасининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахс бўлмаган хизматчисининг хизмат вазифаси доирасига кирадиган муайян ишни бажариши ёки хизмат кўрсатиши эвазига ҳақ беришни ёки мулкий йўсиндаги манфаатни талаб қилиши, шунингдек, шахсни қасддан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилишининг олдини олиш учун ҳақ беришга мажбур этадиган аҳволга солиб қўйиши тушунилади.

Товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш жиноятининг объекти, яъни тажовуз йўналиши давлат органининг, мулк шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса ёки ташкилотнинг, жамоат бирлашмасининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг нормал фаолият юритиши, унинг нуфузи, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига қарши қаратилгандир.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилишнинг икки ҳолатини ажратиб беради. Биринчи ҳолатда, хизматчи иш бажариши ёки хизмат кўрсатиши учун очиқдан-очиқ ҳақ беришни талаб қилади (бунда хизматчи белгиланган тартиб ва ҳуқуқий нормаларни бузмаган ҳолда уларни бажариши мажбурий); иккинчи ҳолатда, хизматчи тўғридан-тўғри ҳақ талаб қилмайди лекин ҳақ олиш мақсадида у ёки бу иш (хизматни) бажаришни қасддан пайсалга солади (хизматчи бу ишни хизмат вазифаси юзасидан бажаришга мажбур бўлса ҳам) ва шу орқали ҳақ берувчи шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келади.

Ҳақ беришни талаб қилиш деганда хизматчининг ўз хизмат мажбуриятлари доирасига кирадиган маълум иш ёки хизматни бажариш эвазига моддий бойлик, пул, даромад, мулкий фойда беришни очиқдан-очиқ талаб қилиши тушунилади. Ноқонуний ҳақ талаб қилиш хизматчининг бажарган иши ёки кўрсатган хизмати учун иш берувчидан аниқ белгиланган ҳақ олиши ва айни пайтда манфаатдор шахсдан турли хилдаги «мукофот» талаб қилишида намоён бўлади ва бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бузиш орқали содир этилади.

Фуқарони қасддан ҳақ беришга мажбур этадиган аҳволга солиб қўйиш деганда, хизматчининг хизмат мажбуриятларини бажариши шарт ва мумкин бўлган ҳолатда ҳаракатсизлик қилиши, ўз хизмат мажбуриятларини бажаришдан асоссиз бош тортиши, иш (хизмат) бажаришни пайсалга солиши тушунилади. Шунингдек, бундай тамагирлик хизматчи вақт йўқлигини, қўшимча ишни бажариши мумкин эмаслиги, қўшимча қисм ва механизмларнинг етишмаслигини баҳона қилиб иш бажариш, хизмат кўрсатишдан асоссиз бош тортиши ёки пайсалга солишида юзага келади.

Қонун товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилганлик учун жиноий жавобгарликни бирон-бир оқибат юзага келиши билан боғламаган, аксинча, хизматчини жиноий жавобгарликка тортиш учун Жиноят кодексининг 214-моддасининг диспозициясидаги ҳаракатлар содир этилишининг ўзи етарлидир. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда қонунларнинг барча учун бир хил, қатъий амал қилишидан далолатдир.

 

Абдулазиз ҚАҲҲОРОВ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси 4-курс тингловчиси. 

Прочитано: 2290 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика