Norma.uz

Ким учун жавобгармиз?

Қонун ҳужжатларимизда ота-оналар, болалар ва эр-хотинлардан ташқари, оиланинг бошқа аъзоларига ҳам алимент олиш ҳуқуқи берилади. Бу яхшими ёки ёмонми? Бу ҳақда қатъий фикр билдириш мушкул. Зеро ҳар бир ҳолатнинг ижобий ва салбий томони бўлади.

Кўпгина мамлакатларда бундай меъёрлар мавжуд эмас. Уларда қонун чиқарувчи ота-она ва болаларнинг алимент мажбуриятлари билан чекланади. ЎзР Оила кодексида (ОК) алимент мажбуриятлари бошқа оила аъзоларига ҳам татбиқ этилади. Кодексда улар сирасига бобо ва бувилар, невара, ака-ука ва опа-сингиллар, ўгай ота ва ўгай она, ўгай ўғил ва ўгай қизлар, шунингдек амалда тарбияда бўлган шахслар киритилади. Мазкур шахсларнинг ҳаммаси фақат муайян шартлар мавжуд бўлгандагина алимент тўлашлари шарт (ОКнинг 122-моддаси).

Биринчидан, бошқа оила аъзоларининг алимент мажбуриятлари, агар болалар, ота-оналар, эр-хотинлардан алимент олиш мумкин бўлмаса, юзага келади. Яъни улар иккинчи навбатга мансублар. Агар биринчи навбатдаги алиментчилар мавжуд бўлса, оиланинг бошқа аъзоларидан алиментлар ундирилмайди. Бедарак йўқолиб кетиш, вафот этиш, уларни тўлашдан бош тортиш, пул маблағларининг умуман йўқлиги ёки эҳтиёжмандни яшаши учун энг кам миқдор билан таъминлай олмасликнинг исботланган ҳолатларида алимент олишнинг имкони бўлмайди.

Оиланинг бошқа аъзоларида етарли пул маблағларининг борлиги иккинчи шарт ҳисобланади. Агар улар муҳтож бўлишса, улардан алимент ундириб бўлмайди.

 

АКА-УКА ОПА-СИНГИЛГА ЖАВОБГАР ВА АКСИНЧА

Ака-ука ва опа-сингиллар алиментлари тўлақонли ва тўлақонли бўлмаган қариндошларга татбиқ этилади. Тўлақонли бўлмаган ака-ука ва опа-сингиллар қондош ёки туғишган (умумий ота ёки онага эга бўлишлари) керак.

ОКнинг 125-моддасига кўра, агар вояга етмаган болалар ўз ота-онасидан таъминот ололмасалар, уларда таъминотни:

вояга етган, яъни 18 ёшдан катта;

меҳнатга лаёқатли (ногирон бўлмаган ёки эркаклар – 60 ёшдан ошмаган, аёллар – 55 ёшдан ошмаган);

пул маблағи етарли бўлган, бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлмаган ака-ука ёки опа-сингиллардан талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келади.

Меҳнатга лаёқатсиз вояга етган ака-ука ва опа-сингиллар ҳам алимент олиш ҳуқуқига эгалар. Булар биринчи навбатда бундай ёрдамни олишга муҳтож бўлган ногиронлардир. Уларни таъминлаш мажбурияти алиментни болалар, ота-она ва эр-хотинлардан олиш имконияти йўқ бўлганда вужудга келади.

 

БОБО ВА БУВИЛАРНИНГ МАЖБУРИЯТИ

Агар вояга етмаган болалар ота-онасидан таъминот ололмасалар, уларда ўз бобо ва бувиларидан пул таъминотини талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келади. Агар улар бунинг учун етарли маблағга эга бўлсалар, невараларига алимент тўлайдилар (ОКнинг 123-моддаси).

Амалиётда бундай ҳоллар жуда кам учрайди. Болалари невараларини таъминлай олмайдиган бобо ва бувилар одатда ўзлари ихтиёрий тарзда уларга ёрдам кўрсатадилар. Одатда бундай неваралар улар билан бирга яшайдилар.

 

НЕВАРАЛАРНИНГ БУРЧИ

Бобо ва бувилар бошқаларнинг моддий ёрдамига муҳтож бўладиган тақдирда акс вазият вужудга келади. Энди вояга етган, меҳнатга лаёқатли, етарлича пул маблағига эга бўлган неваралар меҳнатга лаёқатсиз, мададга муҳтож бўлган катта ёшли қариндошларини таъминлаш учун алимент тўлашлари шарт. Ҳатто аввалига бобо ёки буви улар учун алимент тўлаган, кейин эса невараларнинг ўзлари ана шу кексаларни таъминлайдиган вазиятлар учраши мумкин. Агар уларда болалари ёки эри ё хотинидан (собиқ эри ёки хотинидан) алимент олиш имконияти бўлмаса, албатта (ОКнинг 124-моддаси).

 

ТАРБИЯЛАГАНЛИК УЧУН ТЎЛОВ

Алиментларни нафақат қариндошлар, балки амалда тарбиялаганлар ҳам талаб қилишга ҳақлидир. Улар бирор-бир ҳужжатни расмийлаштирмасдан бола тарбиялаш мажбуриятини ўз зиммасига олган ҳар қандай шахс бўлиши мумкин. Бундай вазиятлар бугунги кунда анча кам учрайди, бироқ ҳар ҳолда йўқ эмас. Одатда ота-она таъминотисиз қолган болаларни васийлик органлари аниқлаб, оилага қабул қилиш ёки васийликка олиш ҳужжатини расмийлаштирадилар. Васийликда (ҳомийликда) турган шахслар зиммасига уларни тарбиялаганларга таъминот бериш мажбурияти юклатилмайди (ОКнинг 126-моддаси).

Ушбу ҳолда тарбиячилар тарбияланувчиларни таъминлаб турган муддат асосий шарт бўлиб ҳисобланади – у камида 5 йилни ташкил этиши керак. Бошқаларнинг болалари лозим даражада тарбияланиши керак. Ушбу ҳолатларнинг барчаси суд мажлисида аниқланади. Агар улар тасдиқланмаса, суд даъвони рад этиши мумкин. Бундан ташқари, алиментни ўз болалари ёки эр (хотин) тўлаши имконияти мавжуд бўлмаган тақдирдагина уни тарбияланувчилардан олиш мумкин.

 

ЎГАЙ ОНА ТЎҒРИСИДА ҒАМХЎРЛИК

Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ўгай ўғил ва ўгай қизлар ҳам иккинчи навбатдаги алимент тўловчилар сифатида қаралади. Улар ўгай ота ёки ўгай онага, агар улар ўз болалари, эри (хотини) ёки ота-онасидан таъминот олишмаса, алимент тўлашлари шарт. Қонунда ўгай ота ва ўгай онанинг тегишинча ўгай қизи ёки ўгай ўғлини таъминлаш ва тарбиялаш мажбурияти мустаҳкамланмаганлиги боис, фақат улар вояга етмаганларни тарбиялаган ва таъминлаганликларини исботлаган тақдирда алимент ундириш учун асос вужудга келади. Ушбу ҳолда ҳам, амалда тарбиялаганлар билан бўлганидек, камида 5 йил уларни тарбиялаган ва таъминлаган ҳамда буни лозим даражада бажарган бўлишлари лозим (ОКнинг 128-моддаси).

 

СУММАНИ ТАСДИҚЛАШ КЕРАК

Алимент миқдорини белгилашда суд тўловчи шахснинг ва алимент олаётган шахснинг моддий ва оилавий аҳволини, бошқа мажбуриятлари, шу жумладан қарамоғидагиларнинг борлигини таҳлил қилади. У тарафларнинг олаётган барча даромадлари ва нормал тўлақонли ҳаёт кечириши учун зарур харажатларини ҳисобга олади. Даъвогар ва жавобгар тақдим этган жами далилларни баҳолаб, суд алиментларнинг аниқ қатъий суммасини белгилаш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилади (ОКнинг 129-моддаси).

 

Елена ЕРМОХИНА, «Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 2250 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика