Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 15 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ФУҚАРОЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ ТАРТИБИ БЕЛГИЛАНДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 31.03.2015 йилдаги 73-сон Қарори билан Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга (3.12.2014 йилдаги ЎРҚ-378-сон) мувофиқ Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу Низомнинг амал қилиши:

кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга;

давлат органларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда оғзаки, ёзма, электрон шаклда, аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида берилиши мумкин. Бунда жисмоний ва юридик шахслар якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этишлари мумкин.

Қуйидагиларга:

давлат органларининг «ишонч телефони»га келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади;

давлат органининг расмий веб-сайти орқали ёки унинг расмий электрон почта манзилига келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади;

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисидаги низом (ВМнинг 30.12.2012 йилдаги 378-сон Қарори билан тасдиқланган) талаблари ҳисобга олинган ҳолда кўриб чиқилади.

Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

аноним мурожаатлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;

қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

Давлат органида мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек унинг кўриб чиқилишини назорат қилиш давлат органининг мурожаатлар билан ишлаш учун масъул бўлган таркибий бўлинмаси ёки масъул ходими томонидан амалга оширилади.

Қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги ахборот, шунингдек қабул қилиш тартиби давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек уларнинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

Агар жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилиш пайтида мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш давлат органининг ваколатига кирмаслиги аниқланган тақдирда, уларга мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилади. Бунда жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг талаби билан бу ҳақда ёзма шаклда жавоб берилади. Мурожаатни кўриб чиқиши учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.

Мурожаатни тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурият юзага келган тақдирда мурожаатни кўриб чиқувчи таркибий бўлинма мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахсдан, шунингдек ушбу давлат органининг ваколатлари доирасида — белгиланган тартибда бошқа давлат органларидан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.

Агар мурожаатда жойнинг ўзида ўрганишни талаб этувчи ҳолат баён қилинган бўлса, шунингдек бошқа зарур ҳолларда мурожаатни кўриб чиқувчи давлат органи мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқишни таъминлаши мумкин.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат органи томонидан тегишли қарор қабул қилинади, бу ҳақда дарҳол ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилувчига хабар берилади.

Мурожаатга жавоб хатида мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асослар (заруриятга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) бўлиши керак. Мурожаатларга жавоб хати, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади.

Жисмоний ёки юридик шахслар жамоа бўлиб мурожаат қилган тақдирда жавоб мурожаат қилганларнинг рўйхатида биринчи бўлиб кўрсатилган шахсга ёки, уларнинг талабига кўра, бошқа шахсга юборилади.

Мурожаат қилувчига жавоб юборилган кун мурожаатни кўриб чиқиш тугалланган кун ҳисобланади.

 

ТУРИН УНИВЕРСИТЕТИ ҚАНЧА АБИТУРИЕНТНИ ҚАБУЛ ҚИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2.04.2015 йилдаги «2015-2016 ўқув йилига Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида қабул тўғрисида»ги 78-сон Қарори билан талабаларни қабул квотаси белгиланди.

Ўтган йилдагига нисбатан бакалавриат учун квота 75 кишига оширилди.

Янги ўқув йилида бакалавриатга тўлов-контракт асосида қуйидаги мутахассисликларга қабул бўлади:

«Машинасозлик технологияси» – 150 киши (2014–2015 ўқув йилида 100 киши эди);

«Энергетика» – 25 киши;

«Саноат-фуқаролик қурилиши ва архитектура» – 25 киши;

«Ахборот технологиялари ва саноатда АБТ» – 50 киши (2014–2015 ўқув йилида 25 киши эди).

Магистратурага «Мехатроника» мутахассислиги бўйича 25 кишини қабул қилиш режалаштирилмоқда. Илгари магистратурага «Машинасозлик технологияси» мутахассислиги бўйича тўлов-контракт асосида абитуриентлар қабул қилинган эди. Магистрлар учун квота ўзгармади.

 

ПОЙТАХТ САВОДСИЗ РЕКЛАМАДАН ХОЛИ БЎЛАДИ

Сўнгги пайтларда Тошкент шаҳар кўчалари, хиёбонлари, бино ва иншоотлари, ёритиш устунлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига жойлаштирилган айрим реклама, эълон, ёзув ва турли ахборотларда орфографик хатолар аниқланган. Мазкур хатолар «Давлат тили тўғрисида»ги (21.10.1989 йилдаги 3561-XI-сон, 21.12.1995 йилдаги 167-I-сон Қонун таҳририда), «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги (2.09.1993 йилдаги 931-XII-сон) ва «Реклама тўғрисида»ги (25.12.1998 йилдаги 723-I-сон) қонунларда назарда тутилган талабларни бузадиган иккиламчи ва маънавиятимизга зид маънолар келиб чиқадиган мазмунга эга бўлмоқда.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокими томонидан 2015 йил 19 мартда бино ва иншоотларда ҳамда ёритиш устунларига жойлаштирилган хусусий эълон, реклама ва турли ахборотларни тартибга келтириш бўйича қарор қабул қилинди.

Туман ҳокимликларига Ички ишлар бош бошқармаси, Давлат солиқ бошқармаси, Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, Ободонлаштириш бош бошқармаси, Савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси ва халқ истеъмол моллари департаменти, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва мутасадди ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳларини тузиш топширилди.

Ишчи гуруҳларга қуйидаги вазифалар топширилди:

бино ва иншоотлар, савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектларига жойлаштирилган реклама, эълон ва ахборотлардаги матн, ташқи дизайни ва ҳажмини ўрганиб чиқиш;

орфографик хатолар билан ёзилган ва юқорида айтиб ўтилган қонунларга зид реклама, эълон ва ахборотларни тартибга келтириш;

тадбиркорлик субъектларига ўрнатиладиган реклама ва эълонлар қонун талабларига жавоб бериши, матнларнинг давлат тилида тўғри ёзилиши ҳамда жойлаштиришдан аввал, матнлар пухта текширилиши лозимлигини тушунтириш;

«Реклама тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ташқи рекламани кўча ёритгичларининг таянчларида ҳамда кўча ва йўллар қатнов қисми узра жойлаштириш хавфсизлик техникаси талабларига риоя қилган ҳолда ва йўл белгилари, светофорлар, чорраҳалар, пиёдаларнинг ўтиш жойлари, умумфойдаланишдаги транспорт воситалари бекатларини тўсиб қўймаган ҳолда, шунингдек бундай реклама йўл белгилари ва тасвирини такрорламаган ёки айнан тақлид қилмаган тақдирда амалга оширилишини назорат қилиш;

ташқи рекламани маданий мерос объектлари, ташқи ёритиш устунлари, йўл белгилари ва светофорларда, уларнинг тиргакларида ёки ҳаракатни тартибга солиб турувчи бошқа ҳар қандай қурилмаларда жойлаштириш тақиқланиши ҳақида огоҳлантириш;

қонун ҳужжатларига зид бўлган, орфографик хато билан ёзилган, иккиламчи маъноли сўзлар ва маънавиятимизга тўғри келмайдиган суратларнинг жойлаштирилишини олдини олиш чораларини кўриш.

Ҳужжат билан таъкидланишича, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли транспортларида жойлаштирилган реклама, ахборот воситалари, ёзувлар ва номларнинг матнларидаги қонунбузилиш ҳолатлари бўйича Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 12.10.2005 йилдаги 225-сон Қарори билан тасдиқланган) талабларига мувофиқ чоралар кўрилади.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни 
«Norma Profi» эксперти Елена ЕРМОХИНА
тайёрлади.

Прочитано: 2745 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика