Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 15 / Хўжалик юритиш қоидалари

Тугатилаётган корхонанинг ходимлар олдидаги мажбуриятлари

Умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлган бизнинг МЧЖ апрелдан ихтиёрий равишда тугатиляпти.

Ихтиёрий тугатишда ходимларга қандай тўловлар назарда тутилган ва у қандай муддатларда амалга оширилади?

АВ амортизациясини ҳисоблаб ёзишни қайси ойдан бошлаб тўхтатиш керак?

Юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқни қачонгача тўлаш керак?

Л.Матсалаева,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

1. Муассислар корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин улар томонидан тайинланган тугатувчи – тугатиш комиссияси ёки жисмоний шахс – унинг ходимлари билан меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларни тўхтатиш чора-тадбирларини кўриши керак (Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида низомнинг1 17-банди, бундан кейин – ПҚ-630-сон Низом).

Оралиқ тугатиш балансига мувофиқ, у тасдиқланган кундан бошлаб тугатувчи томонидан меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган қарз сўндирилади (ПҚ-630-сон Низомнинг 23-банди). Меҳнат шартномаси корхона тугатилиши муносабати билан бекор қилинганда иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт. Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин (Меҳнат кодексининг 102-моддаси, бундан кейин – МК). Шу билан бирга иш қидириш даврида 2 ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади, бунда ходимга тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади. Агар ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 10 календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтсалар, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойларидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўладилар (МКнинг 67-моддаси).

Огоҳлантириш ўрнига пуллик компенсация тўланиши иш берувчини меҳнат муносабатлари тугатилганда ходимга тегишли бўлган фойдаланилмаган таътил учун компенсация, ишдан бўшатиш нафақасини тўлашдан, шунингдек МКнинг 67-моддасига мувофиқ ишга жойлашиш даврида иш ҳақини сақлашдан озод қилмайди.

Иш берувчи огоҳлантириш муддати давомида ходимларга ҳафтада ўртача ойликни сақлаган ҳолда 1 кундан кам бўлмаган қўшимча бўш кун бериб, унга бошқа иш топишга имкон туғдиришга мажбур (Олий суд Пленумининг 17.04.1998 йилдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида»ги 12-сон қарори, бундан кейин – ОСнинг 12-сон Қарори).

Муддатли меҳнат шартномасида уни иш берувчининг ташаббуси билан муддатидан олдин бекор қилганлик учун ходимга неустойка тўлаш ҳақидаги мажбурият назарда тутилиши мумкин (мазкур ҳолда корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан). Агар бундай мажбурият белгиланмаган бўлса, иш берувчи неустойка тўлашдан озод қилинади (МКнинг 104-моддаси).

Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади, унинг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас (МКнинг 109-моддаси);

ходимга тегишли иш ҳақи (унинг миқдори хусусида низо бўлмаса) тўланиши керак (МКнинг 110-моддаси):

меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар ишлаётган ходимга, – меҳнат шартномаси бекор қилинган куни;

меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаётган ходимга, – у ҳисоб-китоб қилишни талаб этган куни тўланиши керак.

 

ҚИСҚА ХУЛОСА

Меҳнат шартномаси корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан бекор қилинганда иш берувчи томонидан ходимга қуйидагилар тўланиши керак:

тегишли иш ҳақи МКнинг 110-моддасида кўрсатилган муддатларда;

фойдаланилмаган асосий ва қўшимча таътилларнинг барчаси учун пуллик компенсация;

ишдан бўшатиш нафақаси ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида;

МКнинг 67-моддасига мувофиқ иш қидириш даврида (2 ёки 3 ой) ўртача ойлик иш ҳақи.

 

Агар жамоа келишувида, жамоа шартномаларида ёки корхонанинг бошқа локал ҳужжатларида, шунингдек ходим билан тузилган меҳнат шартномасида тўлаш меҳнат шартномаси бекор қилиниши билан юқори даражада ўрнатилган пул тўловлар (қонунларда белгиланганидан фарқли ўлароқ) ёки қонунларда кўрсатилмаган қўшимча пул тўловлари кўзда тутилган бўлса, ходимлар уни олишга ҳақлидирлар (ОСнинг 12-сон Қарори 48-банди).

2. 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»нинг2 6-параграфига мувофиқ асосий воситалар бўйича амортизацияни ҳисоблаш мазкур объектнинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ сўндирилгунга қадар ёхуд уни балансдан ҳисобдан чиқарилгунча амалга оширилади. Ҳисоблаш мазкур объектнинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ сўндирилган ёки бу объект балансдан ҳисобдан чиқарилган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасида тўхтатилади.

Амортизацияни ҳисоблашни тўх­татишга, асосий воситалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервациялашга ўтказилган ҳолатлар, шунингдек уларни буткул тўхтатиш шарти билан объектни қуриб битказиш, тўлиқ жиҳозлаш, қайта қуриш, модернизациялаш, техник қайта жиҳозлаш давридагина йўл қўйилади.

Агар сизнинг МЧЖ муассислари 3 ой мобайнида ишлаб чиқариш мақсадларида улардан фойдаланиш зарурати йўқлиги туфайли асосий воситаларни консервациялаш тўғрисида қарор қабул қилишса, уларни янги мулкдорга сотиш давригача (энг кўп муддат – қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб 24 ой) амортизацияни ҳисоблаш тўхтатилади (Фойдаланилмаётган асосий воситаларни, қурилиши тугалланмаган объектларни консервация қилиш тартиби тўғрисида низом3).

3. Ихтиёрий тугатилаётган корхоналар юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга ошираётган орган ихтиёрий тугатишни амалга ошириш қарори тўғрисида хабардор қилган кундан бошлаб мол-мулк солиғини ҳисоблашни тўхтатадилар (Солиқ кодексининг 269-моддаси иккинчи қисмининг 5-банди). Агар ихтиёрий тугатиш қонун ҳужжатлари билан белгиланган муддатда – рўйхатдан ўтказувчи орган хабардор қилинган кундан бошлаб 9 ойдан ошмаган муддатда – якунланмаган (ПҚ-630-сон Низомнинг 37-банди) ёки тугатиш тартиб-таомили тўхтатилган ва фаолият қайта тикланган бўлса, мол-мулк солиғи суммаси уни ҳисоблаб ёзиш бекор қилинган кундан бошлаб имтиёз қўлланилган бутун давр учун тўлиқ миқдорда ундирилади.

 

1Президентнинг 27.04.2007 йилдаги ПҚ-630-сон Қарори билан тасдиқланган.

2Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

3ВМнинг АВ томонидан 16.09.2003 йилда 401-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қарори билан тасдиқланган.

 

Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 2679 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика