Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 15 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Суд-бухгалтерия экспертизаси нимани аниқлади?

Мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя этиш юзасидан фаол иш олиб борилмоқда, назорат қилувчи идораларнинг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашуви сезиларли даражада қисқармоқда. Тадбиркорлик фаолиятини асоссиз чеклашларга имкон қадар йўл қўйилмаяпти. Буларнинг ҳаммаси умуман олганда, тадбиркорлик ҳаракатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш имконини бермоқда. Бизнес ишини юритишга янгидан-янги кафолатлар берилмоқда.

Таассуфки, солиқ бобидаги низолар айрим ташкилотлар ва тадбиркорлар фаолиятининг ҳамон узвий қисми бўлиб қолмоқда. Солиқ органларининг, жумладан, ҳар хил текширувлар ўтказиш чоғидаги ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари ишбилармонлар ҳаётида учраб турибди.

 

Судлашув, суд муҳокамасида иштирок этишдан ҳеч кимни ҳоли деб бўлмайди. Бундай жараёнларда ютиб чиқиш ўз ҳуқуқларинг ва қонуний манфаатларинг ҳимоясини билимдонлик билан, тўғри йўлга қўйишни таъмин этдинг демак. Бунда судларнинг вазифаси ҳуқуқ нормаларини ишнинг ҳақиқий ҳолатлари асосида қўлланишдан иборатдир. Борди-ю, суд процесси тарафдорлари ўртасида ихтилоф ва келишмовчиликлар бўлса, судда эса ҳақиқий ҳолатлар юз берганлигига шубҳа бўлса, экспертиза ўтказиш, бинобарин фактларни аниқлаш ва илмий асосда изоҳлаш зарурати келиб чиқади.

Кўпинча ҳатто тажрибали ҳуқуқшунос ҳимоячига фақат мустақил суд-бухгалтерия экспертизаси ёрдам бериши мумкин бўлади. Зотан, судья бухгалтерия борасида мутахассис бўлмаганлиги сабабли экспертнинг хулосаларини инобатга олмоғи лозим.

Суд-иқтисодий (суд-бухгалтерия) экспертизаси айни хўжалик операцияларини ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг иқтисодий шароитларини текширади.

Судлар томонидан кўриб чиқилаётган солиққа оид низолар доирасида суд экспертлари олдига солиқ тўловчининг иқтисодий даражотини баҳолаш мақсадида унинг ўтказган хўжалик операцияларини текшириш вазифаси қўйилади. Суд экспертлик муассасасига мурожаат этганлиги билан боғлиқ мисолни кўриб чиқайлик.

Солиқ органи хусусий корхонанинг (бундан буён матнда ХК деб юритилади) молия-хўжалик фаолиятини текшираётганда мазкур корхона 2011 йилнинг III ва IV чораги ҳамда 2012 йилнинг I чораги учун солиқ солиш обороти бўлмаганлиги сабабли ягона солиқ тўлови (ЯСТ) тўламаганлигини аниқлади. Текширувчиларнинг айтишича, Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга1 (бундан буён матнда 2203-сон Низом деб юритилади) мувофиқ 2011 йил 1 июлдан эътиборан ер солиғининг уч бараваридан кам бўлмаган миқдорда ягона ер солиғи тўлаш тартиби жорий этилди.

Солиқ органи ўз важ-иддаоларини асослаш тариқасида кўрсатиб ўтдики:

ҳокимлик ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси томонидан берилган гувоҳномада ХКга код ХХТУТ бўйича 21120 деб, яъни фаолият тури «Картошкачилик ва сабзавотчилик» деб берилган. ХК ихтиёрига берилган ер участкаси кадастр ҳужжатларига қараганда, чорвачилик билан шуғулланишга яроқли. Ана шу айтиб ўтилганлар муносабати билан ХК ягона ер солиғи тўловчиси бўла олмайди, негаки у Солиқ кодексининг (бундан буён матнда Кодекс деб юритилади) 362-моддаси иккинчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган шартларга тўғри келмайди;

корхона микрофирмалар жумласига кирадиган бўлганлиги сабабли Кодекс 350-моддасининг талабларига қараладиган бўлса, микрофирмалар ва кичик корхоналар Ягона солиқ тўловини тўловчилардир. Улар Кодекснинг 351-моддаси нормаларига кўра ягона солиқ тўловини тўлашни назарда тутадиган солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини ёки умумбелгиланган солиқлар тўлашни танлашга ҳақли;

солиқ солиш тартибини қўлланиш ҳақидаги, ХК томонидан солиқ органига тақдим этилган хабарномада (бундай ҳужжатни тақдим этиш солиқ солиш тизимини танлаш учун шартдир) ХК 2011 йилнинг II чорагидан эътиборан ягона солиқ тўлови тўлашни танлаган.

 

Текширувнинг хусусий корхона учун солиқ солиш тартибини аниқлаш борасидаги натижалари асослилигига ойдинлик киритиш мақсадида суд-иқтисодий экспертиза бир қанча жиҳатларни текширувдан ўтказди.

 

Биринчидан, ХК фаолиятининг рўйхатдан ўтказилган асосий тури таҳлил этилди.

Устав бўйича ХК фаолиятининг асосий тури «Чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотларини етиштириш, кўпайтириш» экан. Ҳокимлик ҳузуридаги тадбикорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси томонидан ХКга ХХТУТ 21120 бўйича, яъни «Картошкачилик ва сабзавотчилик» тармоғи коди бўлган гувоҳнома берилган. Хўжалик юритувчи субъектни давлат рўйхатидан ўтказиш китобида эса, ХХТУТ 21210, яъни «Бўрдоқичилик ва сутчилик чорвачилиги» коди кўрсатилган. Ҳужжатларда ХК фаолиятининг тури борасидаги кўзга яққол ташланаётган номутаносиблик экспертларни тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини расамадга солувчи норматив ҳужжатлар талабларини ўрганиб чиқишга ундади. Мазкур тартиб Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низом2 (бундан буён матнда ПҚ-357-сон Низом деб юритилади) билан расамадга солинади. ПҚ-357-сон Низомда хўжалик юритувчи субъект – юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш учун керакли ҳужжатлар рўйхати ҳамда рўйхатга олувчи идора (инспекция) масъул ходими фаолияти тартиби берилган.

Воқеаларнинг мавжуд ҳужжатлар бўйича хронологиясини ПҚ-357-сон Низом талабларига мувофиқ тиклаш асносида иқтисодчи экспертлар қуйидагиларни аниқладилар:

1) тадбиркор фаолиятининг асосий тури «Чорвачилик» деб кўрсатилган ХКни давлат рўйхатига олиш тўғрисида ариза-хабарнома берган ва ариза инспекция томонидан рўйхатга олинган;

2) аризага илова қилинган ҳужжатларда ХКнинг устави ҳам бор, унинг 2.2-бандида фаолиятнинг асосий тури «Чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотлари етиштириш, кўпайтириш» деб кўрсатилган;

3) Инспекциянинг СТИР беришга оид, солиқ органига йўлланган сўровида (3-шакл) фаолиятнинг асосий тури «Чорвачилик» деб кўрсатилган;

4) Инспекция юридик шахсларнинг давлат реестрига ХК фаолиятининг асосий тури тўғрисидаги маълумотларни киритар экан, кодни ХХТУТ бўйича 21210, яъни «Бўрдоқичилик ва сутчилик чорвачилиги» деб кўрсатган;

5) солиқ органига ХК тўғрисида 7-шакл бўйича тақдим этилган маълумотларда код ХХТУТ бўйича 21210, фаолият тури эса, «Бўрдоқичилик» деб кўрсатилган;

6) ХК давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисида берилган гувоҳномада тармоқ коди ХХТУТ бўйича 21120, яъни «Картошкачилик ва сабзавотчилик» деб кўрсатилган. 

Шундай қилиб, ҳужжатлардаги маълумотларни текшириш шуни кўрсатдики, асосий ҳужжатларда ХК фаолиятининг рўйхатга олинган асосий тури бўрдоқичилик ва сутчилик чорвачилиги бўлиб чиқмоқдаки, бу ўз навбатида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши тури ҳисобланади. Экспертлар шунингдек гувоҳномада код ХХТУТ бўйича 21120 деб янглиш кўрсатилганлигини аниқладилар. Зотан, мазкур ҳужжатда расмий шаклнинг ўзи ХХТУТ бўйича тармоқ кодинигина кўрсатишни, бинобарин фаолият турининг тавсифи шарт эмаслигини назарда тутилган.

 

Шундан кейин ХКни амалдаги қонун ҳужжатларимиз талабларидан келиб чиқиб, ягона солиқ тўлови тўловчилари сирасига киритиш имкониятини аниқлаб олишга тўғри келди.

Кодекснинг 362-моддаси талабларига мувофиқ қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар ягона ер солиғи тўловчилардир. Солиқ солиш мақсадида булар жумласига бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берадиган юридик шахслар (Кодекс 362-моддасининг учинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса) киради:

ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш ёхуд ер участкаларидан фойдаланган ҳолда фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар;

қишлоқ хўжалигини юритиш учун ўзига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланган тартибда берилган ер участкалари бўлган юридик шахслар;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш улуши реализация қилиш ёки қайта ишлаш учун олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ўз ичига олувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш умумий ҳажмида камида 50 фоизни ташкил этадиган юридик шахслар.

Экспертлар томонидан аниқланишича, давлат рўйхатидан ўтказилган ХК фаолиятининг асосий тури бўрдоқичилик ва сутчилик чорвачилиги бўлиб, у қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг чорвачилик турига киради. Шуниси ҳам борки, кўриб чиқилаётган қонун ҳужжатининг нормалари ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш билан шуғулланишни тақозо этади.

Ишга оид материаллардан шу нарса аён бўлдики, ХК ихтиёрида чорвачилик фермаси бино ва иншоотлари ҳамда кадастр хизмати томонидан рўйхатга олинган, саҳни 66 000 кв.м бўлган ер участкаси бор. Муассиснинг ана шу чорвачилик фермаси бинолари ва иншоотларига, майдони 66 000 кв.м бўлган ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқи ҳокимнинг қарорига мувофиқ расмийлаштирилган. Демак, ХК ташкил этилаётганда унинг эгалигида аниқ мақсадга мўлжалланган, яъни бўрдоқичилик ва сутчилик чорвачилиги маҳсулотлари етиштириш учун чорвачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини юритиш учун мўлжалланган ер участкаси бўлган.

Кодекс 362-моддасининг учинчи қисмида белгилаб қўйилганидек, Кодекс 362-моддаси иккинчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган шартларга жавоб берадиган янги ташкил этилган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан ягона ер солиғини тўловчилар бўлади. Демак, янги ташкил топган ХК юқорида айтилган шартларга жавоб беради, яъни ягона ер солиғи солиш мақсадида уни қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари сирасига киритиш мумкин.

Кодекс 363-моддасининг еттинчи қисмига қараладиган бўлса, мазкур Кодекс 362-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган шартларга жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар фаолиятнинг ягона ер солиғини тўлаш татбиқ этиладиган қисми бўйича солиқ солишнинг бошқача тартибини танлаш ҳуқуқига эга эмас.

Шундай қилиб, ХК солиқ солишнинг бошқача тартибини танлашга ҳақли эмас, бинобарин, у бўрдоқичилик ва сутчилик чорвачилиги маҳсулотлари бўйича қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси сифатида ЯСТ тўловчиси бўлиши мумкин эмас.

 

2203-сон Низом талабларини ХКга нисбатан қўлланиш асослилигини ё тасдиқлаш, ёки рад этиш ҳам керак эди.

2203-сон Низом 2-бандининг «б» кичик бандига мувофиқ Низом талаблари ЯСТ тўловчиси бўлмаган юридик шахсларга татбиқ этилмайди. Юқорида аниқланган фактлардан келиб чиқиб, иқтисодчи экспертлар ХК солиқ солишнинг бошқа тартибини танлаш ҳуқуқисиз бўрдоқичилик ва сутчилик чорвачилиги маҳсулотлари бўйича қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси сифатида ягона ер солиғи тўловчиси бўлса, у ҳолда 2203-сон Низом талабларини ХКга нисбатан қўллашни асосли деб топиб бўлмайди деган хулосага келдилар.

Бундан ташқари, хусусий корхона қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчиси сифатида давлат рўйхатидан ўтган пайтдан эътиборан ягона ер солиғи тўловчиси бўлиб келган ва Кодекснинг 367-моддасига биноан давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан бошлаб 2 йил ягона ер солиғи тўлашдан озод бўлиш ҳуқуқига эга эди.

 

ХКга солиқ солиш тартиби борасида саволлар келиб чиқишига сабабчи бўлган шароитларни аниқлаб экспертлар қуйидаги хулосаларга келдилар.

ПҚ-357-сон Низомда солиқ тўловчини ҳисобга қўйишнинг муайян тартиби назарда тутилган.

Чунончи, рўйхатдан ўтказувчи органлар давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилган кундан бошлаб 1 иш куни мобайнида тадбиркорлик субъекти жойлашган ердаги статистика органлари ва солиқ хизмати органлари ҳамда ички ишлар органларига расмий равишда у ҳақда давлат реестридан маълумотлар ва ариза-хабарноманинг кўчирма нусхасини юборади (ПҚ-357-сон Низомнинг 30-банди).

Тадбиркорлик субъекти тўғрисидаги, давлат солиқ хизмати органлари ва давлат статистика органларига тақдим этилган керакли маълумотларда ХК ХХТУТ бўйича 21210, яъни рўйхатга биноан «Чорвачилик» коди билан кўрсатилган.

Солиқ органи мазкур маълумотлар асосида корхонани ҳисобга унинг ўзини жалб этмаган ҳолда қўйиши лозим эди. Ишга оид материалларда ХКнинг корхона 2011 йилнинг II чорагидан эътиборан ягона солиқ тўлови тўлаб келаётганлиги хусусида тақдим этган хабарномаси бор. Шу муносабат билан корхона ДСИга ЯСТ бўйича ҳисобот топширган. Шуниси ҳам борки, хабарномада ХХТУТ бўйича 21120 коди, яъни «Картошкачилик ва сабзавоткорлик» коди кўрсатилган, фаолият тури эса «Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш» эканлиги айтилган. Фаолият тури тўғрисидаги маълумотлардаги номувофиқлик шундоққина кўриниб турибди.

ПҚ-357-сон Низом 32-бандининг тўртинчи хатбошисига кўра рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан йўл қўйилган хатолар аниқланган тақдирда, солиқ хизмати органлари ёки статистика органлари тегишли рўйхатдан ўтказувчи органни 1 иш куни мобайнида электрон алоқа, почта алоқаси ёки факсимил алоқа орқали аниқланган хатолар ҳақида хабардор қилади.

Шу сабабли хатоликлар, хусусан тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлардаги (ХХТУТ бўйича 21210 коди) ва корхона хабарномасидаги ­(ХХТУТ бўйича коди 21120) номувофиқлик аниқлангач, солиқ органининг масъул ходими рўйхатдан ўтказувчи органни аниқланган хатоликлардан хабардор қилмоғи лозим эди.

ПҚ-357-сон Низом 32-бандининг тўртинчи хатбошиси талабларига риоя қилмаганлик корхонага солиқ солиш тартибини аниқлашда ана шундай номувофиқликларга олиб келди.

 

Суд-иқтисодий экспертиза ўтказиш якунлари бўйича, аниқланган камчиликларни инобатга олган ҳолда иқтисодчи экспертлар бу камчиликларни бартараф этишга қарата профилактика йўсинида қуйидагиларни тавсия этдилар:

ҳокимлик ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциясининг хўжалик юритувчи субъектларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун масъул ходимларига – юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштираётганда ҳужжатнинг тўлдириладиган жойларини юридик шахсларнинг давлат реестрига киритилган маълумотларга қатъий мувофиқ ҳолда тўлдиришни;

солиқ органининг тадбиркорлик субъектларини ҳисобга қўйиш учун масъул ходимларига – тадбиркорлик субъектларини ҳисобга қўяётганда Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида низом талабларига қатъий риоя этишни, хусусан:

рўйхатга олувчи тегишли органни СТИРда ёки рўйхатга олувчи орган томонидан берилган статистика кодларида аниқланган хатолар ҳақида вақтида хабардор этишни;

солиқ тўловчи хабарномасига асосланишдан ташқари рўйхатга олувчи орган юридик шахс тўғрисида тақдим этган маълумотлар асосида, тадбиркорлик субъектини жалб этмаган ҳолда, уни (тадбиркорлик субъектини) ҳисобга қўйишни,

ХКнинг мансабдор шахсларига – СТИРда ёки рўйхатга олувчи орган берган статистика кодларида хатолар аниқланган тақдирда, рўйхатга олувчи тегишли органни хабардор этиш ҳамда аризада кўрсатилган маълумотларга мувофиқ равишда расмийлаштирилган янги гувоҳнома олишни тавсия қилдилар.

 

Судда ишни кўриш муваффақияти баъзан билимдон, ўз ишининг устаси бўлган эксперт вақтида ишга жалб этилганлигига боғлиқдир. Зеро унинг хулосаси суд ҳал қилув қарорини чиқараётганда асосий далил бўлиб қолиши мумкин. Негаки, профессионал экспертнинг фикри фақат ишончли фактларга ҳамда албатта ҳужжатларга, шунингдек бухгалтерия ва солиқ ҳисобида қайд этилган маълумотларга асосланади. Суд иқтисодчи-экспертнинг хулосаси кўпинча иш бўйича асосий далил бўлиб қолади. Шу боис, экспертнинг профессионал холис фикри судлашув адолатли ва қонуний ечим топишини таъминлайди.

 

1МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2Президентнинг 24.05.2006 йилдаги ПҚ-357-сон Қарори билан тасдиқланган.

 

Севара ХОЛМУҲАМЕДОВА,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Республика суд экспертизаси марказининг давлат суд эксперти.
 

Прочитано: 3015 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика