Norma.uz

Қандай қилиб апелляция ёзса бўлади?

Йил бошида мен авария иштирокчиси бўлдим. 3 та енгил автомобиль тўқнашиб кетди. Менинг автомашинам энг охирида эди. Суд мени ЙТҲда айбдор деб топди. Унинг қарори устидан қандай қилиб апелляция ёзишим мумкин?

К.Р., ўн йиллик стажга эга ҳайдовчи.

Тошкент шаҳри.

 

– Афсуски, сиз қандай – маъмурий ёки жиноий жавобгарликка – тортилганлигингизни кўрсатмагансиз. Йўл-транспорт ҳодисасида (ЙТҲ) айбдорликда иккала ҳолат бўлиши мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖТК) XI бобида транспортдаги, йўл хўжалиги ва алоқа соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Жиноят кодексининг (ЖК) XVIII бобида эса транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар учун жавобгарлик назарда тутилган.

 

Агар сизни маъмурий жавобгарликка тортган бўлишса, МЖТКнинг XXIV бобига мувофиқ судьянинг маъмурий ишлар бўйича қарори устидан туман (шаҳар) суди раисига ёки юқори турувчи судга шикоят берилиши мумкин. Шикоят қарор чиқарган суд орқали берилади, у шикоятни олгач, уни 3 сутка ичида иш билан бирга шикоятни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлган органга (мансабдор шахсга) юборади. Апелляция бевосита шикоят йўлланган судга юборилиши ҳам мумкин.

Шикоят эркин шаклда тузилади. Ўнгдаги юқори томонда қуйидагилар кўрсатилади: у йўлланган суднинг номи; шикоят юбораётган шахс тўғрисидаги маълумотлар, унинг процессуал ҳолати (айбдор, жабрланувчи ва бошқалар), яшаш жойи ёки турган ери, телефон рақами.

Пастида шундай ёзилади: «Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят». Сўнг қуйидагилар кўрсатилади: қарор чиқарган суднинг номи, у чиқарилган сана, шахс ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб топилган модда ва маъмурий жазо тури.

Ундан кейин, сизнинг фикрингизча, суд қарорининг нотўғрилиги нимадалиги тўғрисида важлар ва илтимосингиз моҳияти баён этилади. Имкони борича ўз талабларингизни асослайдиган далилларни кўрсатиш, шикоятга суд қарори ва бошқа ҳужжатларнинг нусхаларини илова қилиш керак. Қуйида шикоят берилган сана ва шикоят қилувчининг имзоси қўйилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят берган шахс давлат божи тўлашдан озод этилади.

 

Агар шахс ФК бўйича жавобгарликка тортилган бўлса, у ҳуқуқбузар эмас, балки судланувчи ҳисобланади. Жиноят процессуал кодексининг 497-3-моддасига кўра у суднинг ҳал қилув қарори (ҳукми) устидан унга ҳукм нусхаси топширилган кундан бошлаб 10 сутка ичида апелляция тартибида шикоят қилишга ҳақлидир.

Апелляция шикояти ҳукм чиқарган суд орқали берилади. Унинг берилиши суднинг ҳал қилув қарорини ижро этишни тўхтатади.

Апелляция шикоятида қуйидагилар келтирилиши керак:

1) шикоят, протест йўлланган суднинг номи;

2) шикоят берган шахс тўғрисидаги маълумотлар, унинг процессуал ҳолати, яшаш жойи ёки турган ери;

3) ҳукм чиқарган суднинг номи, у чиқарилган сана, унга нисбатан чиқарилган ҳукм устидан шикоят қилинаётган ва протест келтирилаётган шахс тўғрисидаги маълумотлар;

4) шикоят қилаётган (протест келтираётган) шахснинг, унинг фикрича, ҳукмнинг ёки бошқа ҳал қилув қарорининг нотўғрилиги нимадалиги хусусидаги важлари ва унинг илтимоси моҳияти;

5) у ўз талабларини асослаётган ва апелляция инстанцияси суди ўрганиши керак бўлган, шу жумладан илгари биринчи инстанция судида ўрганилмаган талабларини асослайдиган далиллар;

6) шикоятга (протестга) илова қилинаётган материаллар рўйхати;

7) шикоят (протест) берилган сана ва уни берган шахс имзоси.

 

Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.

Прочитано: 2638 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2019-11-09 14:05:22, Гость_:
баракатопкур агар шахс ФК буйича жавобгарликка тортилган булсамас ЖК буйича деб узгартириб куйила

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика