Мен хусусий корхонада фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага кўра бир йил танаффуссиз ишладим. Фойдаланилмаган таътил учун пулли компенсация олиш ҳуқуқига эгаманми?
Ю.Марченко.
Тошкент шаҳри.
– Йўқ, фойдаланилмаган таътил учун пулли компенсация олиш ҳуқуқига эга эмассиз.
Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида ишлайдиган фуқароларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган ижтимоий кафолатлар (таътил олиш ҳуқуқи, касаллик варақаларига ҳақ тўлаш ва ҳоказо) татбиқ этилмайди. Уларга кадр ҳужжатлари (буйруқлар, шахсий карточкалар, меҳнат дафтарчалари ва бошқалар) юритилиши керак эмас. Сизни қизиқтираётган ҳуқуқ фақат иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлганларга – яъни улар билан меҳнат шартномалари тузилган шахсларга татбиқ этилади (Меҳнат кодексининг 72, 82, 133, 134, 151, 275-моддалари).
Шундай бўлса-да, Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарорига 1-илова) белгиланишича, 2011 йил 1 октябрдан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ишлаётган шахснинг иш стажига Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган унинг иш даври киритилади.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.