Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 7 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

АКТни ҚЎЛЛАШ ДАРАЖАСИ – РАҲБАРГА БАҲО БЕРИШ МЕЗОНИ

Жорий йилнинг 4 февралида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-4702-сон Фармон имзоланди.

Вазирлик Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси негизида ташкил қилинди. У Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг барча мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Ҳужжат билан вазирликнинг асосий вазифалари ҳамда фаолият йўналишлари белгиланди. Шунингдек белгиланишича:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари вазирликлар, идоралар, компаниялар, уюшмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;

вазирликлар, идоралар, компаниялар ва уюшмаларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича комплекс дастурларнинг ўз вақтида ва тўла-тўкис амалга оширилиши, «электрон ҳукумат» хизматлари ва ахборот тизимлари жорий этилиши учун шахсан жавобгар бўладилар;

иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда интерактив давлат хизматлари татбиқ этилиши даражаси, самарадорлиги ва сифатига баҳо бериш натижалари вазирликлар, идоралар, компаниялар, уюшмалар, йирик корхоналар ва бирлашмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг эгаллаб турган лавозимларига муносиб эканликларини кўриб чиқиш учун асос бўлиб ҳисобланади.

 

ЯНГИ ВАЗИРЛИК ТУЗИЛМАСИ ТАСДИҚЛАНДИ

Президентнинг 4.02.2015 йилдаги ПҚ–2293-сонли Қарори билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг самарали фаолиятини ташкил қилиш мақсадида қуйидагилар тасдиқланди:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ташкилий тузилмаси;

Вазирликнинг бошқарув ходимлари чекланган сони 89 кишидан иборат бўлган марказий аппарати тузилмаси;

ҳудудий бошқармаларининг намунавий тузилмаси.

Вазирлик фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:

жорий таъминот қисмида — Республика бюджети маблағлари;

давлат буюртмаси доирасида бажариладиган ахборотлаштириш дастурларини амалга ошириш, шунингдек ходимларни қўшимча равишда моддий рағбатлантириш қисмида — Республика ва маҳаллий бюджетларнинг, шунингдек Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбаларнинг маблағлари.

Вазирликка бошқа манфаатдор давлат органлари билан биргаликда Давлат хизматлари, шакллари ва бланклари ягона реестри тўғрисидаги низомни ўрнатилган тартибда ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш топширилди.

Ҳужжат билан белгиланишича, 2015 йилнинг 1 октябридан бошлаб аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган барча давлат хизматлари Давлат хизматлари, шакллари ва бланклари ягона реестрида мажбурий тартибда ҳужжатлаштирилиши ва қайд этилиши лозим.

Шунингдек таъкидланишича, замонавий АКТларни жорий этиш ва ривожлантириш учун масъул бўлган вазирликлар, идоралар, компаниялар ва уюшмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ихтисослаштирилган таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадилар.

Вазирлар Маҳкамасига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш топширилди.

 

ЯНГИ АКЦИЗ МАРКАЛАРИ ЖОРИЙ ҚИЛИНАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 11.02.2015 йилдаги 20-сон Қарори билан 2015 йил 1 апрелдан бошлаб алкоголли маҳсулотларга ва тамаки маҳсулотларига ҳимоянинг қўшимча даражаларига эга бўлган янги намунадаги акциз маркалари жорий этилади. Уларнинг дизайни Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.

Эски намунадаги акциз маркалари 2015 йил охирига қадар амал қилади. 2016 йилдан бошлаб эски намунадаги акциз маркали алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари маркаланмаган деб ҳисобланади ва белгиланган тартибда олиб қўйилади.

Ҳужжат билан:

– Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасига 2016 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ҳамда сотилишини олдини олиш ҳамда уларни олиб қўйиш чора-тадбирлари кўриш;

– Давлат божхона қўмитасига янги намунадаги акциз маркалари жорий этилиши тўғрисидаги зарур ахборотни алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотларини импорт қилувчилар эътиборига етказиш;

– Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига янги намунадаги акциз маркалари жорий этилиши тўғрисидаги зарур ахборотни алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва савдо корхоналари эътиборига етказиш топширилди.

 

ЧЕТ ТИЛЛАР ЎҚИТУВЧИЛАРИ ТЕСТДАН ЎТКАЗИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директорининг (АВ томонидан 28.01.2015 йилда 2520-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Чет тиллар ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига ойлик устама белгилаш учун тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ҳужжатга мувофиқ тест синовларида иштирок этиш ихтиёрий бўлиб, ўқитувчининг истагига кўра амалга оширилади.

Давлат тест маркази томонидан бериладиган Чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги малака сертификати бўйича С1 даражасига (чет тилини билишга доир бошланғич малака даражаси);

IELTS (International English Language Testing System – инглиз тилида тестдан ўтказиш халқаро тизими) сертификати бўйича 7,0 балл ва ундан юқори баллга;

TOEFL (Test of English as a Foreign Language) (IBT) сертификати бўйича 110 балл ва ундан юқори баллга;

Test DaF (Test Deutsch als Fremdsprache fьr auslдndische Studienbewerber);

GOETНE-ZERTIFIKAT;

DALF (Diplфme approfondi de langue franзaise);

DELE (Diplфmas de Espaсol como Lengua Extranjera) сертификатлари бўйича С1 даражасига эга бўлган ўқитувчилар мазкур ҳужжатларнинг амал қилиш муддати давомида тест синовидан ўтишлари талаб этилмайди.

Ўқиш бўлими бўйича 30 та саволни бажариш ва белгилаш учун 60 дақиқа (илгари – 75 дақиқа), 2 та мавзудан иборат ёзиш бўлими бўйича топшириқларни бажариш учун 60 дақиқа (илгари – 45 дақиқа) вақт берилади. Чет тилини ўқитиш методикаси бўйича тест синовлари ўтказилмайди.

Белгиланишича, Давлат тест маркази (ДТМ) томонидан тест синовларида иштирок этиш учун аризалар ҳар йили апрель ва ноябрь ойларида қабул қилинади.

Шунингдек тест синовлари жараёни видеотасвирга олинади ва у ДТМда 1 йил давомида сақланади (илгари – 3 йил сақланар эди).

Тест синовларидан муваффақиятли ўтмаган ёки тестда иштирок этиш учун ариза бериб, тест синовида узрсиз сабабларга кўра қатнашмаган ёхуд тест синовига кечикиб келган ҳамда тест синовидан четлаштирилган ўқитувчи камида бир йилдан кейин тест синовларини навбатдан ташқари қайта топшириши мумкин. Илгари мазкур шарт тест синовларидан ўтолмаган ўқитувчиларга ҳам татбиқ этиларди.

Илгаригидек, кечикиб келганлар тест синовларига қўйилмайди. Тест синовларига узрли сабабларга кўра (касаллиги, хизмат сафарида бўлганлиги ва ҳ. к.) келмаган ўқитувчилар узрли сабаб юз берганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган тақдирда, тест синовларини топшириш учун тўлов ундирилмаган ҳолда умумий асосларда қайта мурожаат қилишлари мумкин. Бироқ бунда улар мазкур сабабларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари керак.

Белгиланишича, чет тилидан малака ва уни билиш даражаси бўйича тест синовидан ўтганлик ҳақида маълумотнома барча турдаги таълим муассасалари учун бир хил кучга эга.

Ҳужжат билан бошқа қатор ўзгартиришлар киритилди.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 2.02.2015 йилдаги 4 (660)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

Эслатиб ўтамизки, Таълим муассасаларининг қўшимча тўловлар белгиланган педагог ходимлари лавозимлари рўйхати, мазкур тўловларнинг турлари ва миқдорларининг (ВМнинг 29.09.1994 йилдаги 490-сон Қарорига 3-илова) 3-бандига мувофиқ таълим муассасаларининг чет тиллар, хорижий филология, чет тили ва таржима йўналишларининг касбий ва махсус фанлари профессор-ўқитувчилари ва ўқитувчиларининг лавозим маошларига:

қишлоқ жойларда жойлашган таълим муассасаларида – тариф ставкасининг 30 фоизи миқдорида;

қолган таълим муассасаларида – тариф ставкасининг 15 фоизи миқдорида ойлик устамалар белгиланади.

Бунда қуйидагилар мажбурийдир:

асосий ишидан ажралган ҳолда камида 144 соат давом этадиган дастур бўйича белгиланган тартибда малака ошириш;

Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларидан ўтиш;

малака ошириш тўғрисидаги давлат намунасидаги сертификатни олиш.


Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА
тайёрлади.

Прочитано: 3208 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика