Қизим Тошкентдаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайди. У турмушга чиқиб, ўз оиласи билан яшайди, бироқ бизникида – отасининг квартирасида пропискада туради.
Унинг мактабида (нафақат унинг мактабида, балки бошқа бюджет ташкилотларида ҳам) коммунал тўловлар бўйича қарз йўқлиги ҳақида маълумотномалар ва тўлов ҳужжатлари нусхаларини тақдим этишни талаб қилишяпти. Аслида қизим ўзи яшамайдиган квартира учун тўловларга алоқадор эмасдек туюлиши мумкин. Мен келаётган йил учун барча коммунал тўловларни бир йўла декабрь–январь ойларида тўлашга ҳаракат қиламан. Шу сабабли мактаб бухгалтерияси ўтган йилнинг охиридаёқ олдиндан ҳақи тўлаб қўйилган, айтайлик, сув учун ноябрда қарз йўқлиги юзасидан доим шубҳаланади. Бунда ҳеч бир далил-исботимиз уларга кор қилмайди. Коммунал ташкилотларнинг маълумотномаларини талаб қиладилар. Бироқ тўлов учун жавобгарлик квартира соҳибининг зиммасидаку. Коммунал хизмат ходимларининг менга нисбатан даъво-эътирозлари йўқ. Лекин мактаб бухгалтерининг қизимга нисбатан даъво-эътирози бор.
Иш ҳақи тўлаш учун бундай маълумотнома ва тўлов ҳужжатларини талаб қилиш қанчалик асосли?
Агар улар ноқонуний талаб қўяётган бўлсалар, иш ҳақи тўланмаганлиги учун ким қандай жавобгарликка тортилиши керак?
Ш.Рўзиматов.
– Иш ҳақи ва бошқа тўловларнинг тўланмаслиги фуқаронинг конституциявий ҳуқуқлари бузилиши ҳолларидан бири саналади (ЎзР Конституциясининг 37-моддаси). Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланишини таъминлаш, иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун хўжалик юритувчи субъектларнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси «Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорни (19.03.2002 йилдаги 88-сон, бундан кейин – 88-сон Қарор) қабул қилди. Унинг 3-бандида белгиланишича, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ходимларга иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсан жавоб берадилар.
Ходимларга амалда ҳисоблаб ёзилган, бироқ ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи суммаларини иш ҳақи бўйича муддати ўтказиб юборилган қарзлар деб ҳисоблаш лозим.
Меҳнат кодексининг 161-моддаси биринчи қисмига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади. У ҳар ярим ойда 1 мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларнинг айрим тоифалари учун алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан иш ҳақи тўлашнинг бошқа муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин. Ҳақ тўланадиган кун дам олиш куни ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, меҳнат ҳақи шу кун арафасида тўланади (Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми). Иш берувчи ҳар бир ходимни тегишли даврда унга тўланадиган иш ҳақининг таркибий қисмлари, ушлаб қолинган пул миқдорлари ва унинг асослари, шунингдек тўланадиган умумий пул суммаси тўғрисида мажбурий тартибда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
Қонун ҳужжатларида иш ҳақи тўлаш учун қандайдир ҳужжатларни тақдим этиш бўйича талаблар белгиланмаган.
Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасига хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг иш ҳақини ўз вақтида тўлашнинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибига риоя қилиши устидан назоратни кучайтириш вазифаси юклатилган.
Иш берувчи иш ҳақини тўлашнинг белгиланган муддатини ўтказиб юборганда ходим ўз меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчи амалда жойлашган жойдаги Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига ва прокуратура органларига ёки судга мурожаат қилиши мумкин. Текширув давомида ушбу ҳолатлар тасдиқланганда иш берувчи меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Иш ҳақи бўйича муддати ўтказиб юборилган қарзлар ҳосил бўлган ҳолларда унга нисбатан жиноий жазолашгача жавобгарликка тортиш чоралари қўлланиши мумкин (88-сон Қарорнинг 4-банди).
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,
эксперт-юристимиз.