Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 7 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Олма пишди – кимнинг чўнтаги шишди?

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш баҳонасида гуруҳ бўлиб катта миқдордаги пул маблағини талон-торож қилиш билан боғлиқ жиноят тергови ҳақида менга ўтган асрнинг 70-йилларида Арманистон ССР Прокурори ҳузурида алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчи бўлиб ишлаган ҳамкасабам гапириб берган эди.

Тергов асносида ишнинг анча мураккаб, катта ҳажмли эканлиги ва афтидан, ўта йирик талон-торожда айблаш билан тугаши маълум бўлгач, олма харид этиш борасидаги қинғирликни тергов қилиш Ц.А.Даниелянга топширилди.

 

Район матлубот уюшмаси идораси тайёрловчиси К-ян пулга ниҳоятда ҳирс қўйган, ишини жуда-жуда ёқтирар эди. Иши ортиқча ташвишсиз мўмайгина даромад келтиришини айтмайсизми? Ҳалол меҳнат билан у ҳеч қачон шунча бойлик орттира олмаган бўлар эди. Бироқ К-яннинг фаолияти ёқинқирамаган одамлар ҳам топилиб қолди. 1977 йил сентябрида туман прокуратурасига матлубот уюшмаси идораси тайёрловчиси К-ян қишлоқ аҳлидан гўё олма харид қилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар тузади деган хабар тушди. Ўша ҳужжатларга кўра у одамлардан 2–3 тонналаб мева харид қиларкан. Ҳақини тўлаш учун бухгалтерия ўша кезлардаги амалдаги баҳо билан ҳар тоннасига 300 рублдан пул ёзган (қиёслаш учун ўша йиллари маошим ойига 150 рубль эканлигини айтишим кифоя қилса керак). Аммо шикоят мазмунига қараганда, боғбонлар бу пулларнинг бир тийинини ҳам олишмаган, ҳаммасини тайёрловчининг ўзи ўзлаштирган.

Туман давлат мулкини талон-торож қилишга қарши кураш бўлими ходимлари текширув ўтказишди, унда хабарда кўрсатилган айрим фактлар ўз тасдиғини топди. К-ян олма харид қилганлиги, меваларни учта юк машинасида тайёрлов идорасига олиб борганлиги ва уни винобоп маҳсулот тариқасида вино комбинати пункт мудири М-янга топширганлиги ҳақида қалбаки квитанциялар ёзган. Бу қинғир ишда тайёрлов идорасининг бош бухгалтери Т. ва кассир С. ҳам иштирок этган.

Текширув материаллари асосида жиноят иши қўзғатилди. Тайёрловчи К-ян, бош бухгалтер Т. ва кассир С. ҳибсга олинди. К-ян ўз айбини қатъиян рад этди ва қишлоқ аҳли менга туҳмат қилишаётир деб туриб олди. Ҳолбуки, унинг ўзи тузган ҳужжатларга қараганда, улардан 51,5 тонна олма харид қилган.

Мутахассислар – бухгалтерлар ва винопазлар иштирокида ўтказилган комплекс тафтишда моддий қимматликлар борасида камомад ёки ортиқча нарса борлиги аниқланмади. Вино пункти мудири М-ян тафтиш комиссиясига 1977 йил сентябрь ойига оид ҳисоботни тақдим этди. Унда 16–22 сентябрь кунлари вино комбинатига 112 минг литр олма шарбати – винобоп маҳсулот солинган 29 цистерна жўнатилганлиги қайд қилинган экан.

 

Ўша йилнинг декабрида иш республика прокуратурасига оширилди ва бу иш билан шуғулланиш Ц.А.Даниелянга топширилди. Тажрибали терговчи олинган материалларни ўрганиб чиққач, тергов ишини пухта режалаштирди. Энг аввало, тайёрловчилар фаолият олиб борган теградаги қишлоқлардаги гувоҳлар доирасини аниқлаб олиш лозим эди. Йўл варақалари, нарядлар, товар-транспорт юкхатлари, автохўжаликлардаги юк машиналарининг ишга чиқиши ва ишдан қайтиши қайд этиладиган журналларнинг бут сақланиши ва олиб қўйилишини таъминлаш юзасидан зудлик билан чоралар кўриш керак эди, албатта. Тергов режасида харид ишига алоқадор мансабдор шахсларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятини, пунктларда олмаларни, вино комбинатларида винобоп маҳсулотларни қабул қилиш ишини ўрганиш ҳам назарда тутилган эди. Улардаги ҳужжатларни, шунингдек харид квитанцияларини ҳам ўрганиш ва олиб қўйиш жоиз эди.

Тайёрловчи томонидан топширилган олмаларнинг ҳақиқий ҳажмини аниқлашда, қатор мураккабликлар келиб чиқди. Жиноятчилар қилмиш фош бўлишининг олдини олиш ҳамда бир-бирларини қўллаб сирни хуфиялигича қолдириш мақсадида сохта ҳужжатларга имзо қўйишга розилик билдирган қишлоқ одамларини «рағбатлантирганлар». Гўё улардан олма харид қилинганлигини тасдиқлаган бўлиб, қалбаки ҳужжатларга имзо қўйганларнинг ҳар бирига 20–30 рублдан беришган. Бундай қилмиш (битим) қонунга хилоф эканлигига ақллари етганлиги учун ҳам одамлар чин ҳақиқатни айтишдан, рост кўрсатма беришдан анчагача бўйин товлаганлари боиси шунда.

Терговчи 300 нафарга яқин кишини сўроқ қилди, баъзиларини бир неча мартадан сўроқ қилишга мажбур бўлди ҳам. Зарур тезкор тергов тадбирлари ўтказилиб, қўшимча далиллар тўплангач, одамлар билан қишлоқ фаоллари иштирокида тушунтириш ишлари олиб борилгач, кўпчилик ҳақиқатга кўчди. Улар тайёрловчига 200–300 кг олма сотишгани ва у шу маҳсулот учун ҳақ тўлаганлигини эътироф этдилар. К-ян эса, тайёрлов идораси бош бухгалтери Т. ва кассир С. билан биргаликда сохта ҳужжатлар тузиш йўлига ўтган, бир неча туман аҳолисидан жами 68,3 минг рубллик 186 тонна олма сотиб олинганлиги хусусида қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, пулларни ўзлаштиришган. 

К-ян ва бош бухгалтер Т. билан бирга пулларни талон-торож қилганлигини С. дарҳол тан олди ҳисоб. Шериклари эса, анча пайтгача жиноят содир этилганлигини рад қилдилар ва терговнинг турли босқичларида кўрсатмаларини ўзгартиравердилар.

Пухта ташкил этилган тергов, терговчи ҳамда тезкор ходимлар томонидан олиб борилган катта иш, ўтказилган тафтиш ҳамда турли корхоналардаги ҳужжатларни текшириш содир этилган жиноятга оид зарур далилларни тўплаш имкониятини берди. Чунончи, гўё олмаларни тайёрлов пунктига ташиган, сўнгра у ердан винобоп маҳсулотларни вино комбинатига олиб борган машиналар ҳайдовчиларини сўроқ қилиш, ҳужжатларни текшириш ҳужжатларда кўрсатилган кунлари бу юклар умуман ташилмаганлигини кўрсатди. Мазкур автомобиллар ўша кунлари бошқа иш билан машғул бўлганлиги исботлаб берилди.

 

Терговчи йирик талон-торож содир этилганлигидан далолат берувчи маълумотларни синчковлик билан тўплади. Ҳар бир фактни исботлаб бера олди. Чунончи, вино пунктидаги машиналар кириб чиқиши қайд этиладиган журналдаги ёзувларга қараганда, масалан, 17 сентябрда винобоп маҳсулотнинг каттагина қисми ўша куни 8 рейс қилган битта автомашинада ташилган. Лекин бу машина шунча рейс қила олмасди – вино пункти билан вино комбинати оралиғидаги масофа хийла узун – бунга имкон бермайди. Қолаверса, автосаройда ўтказилган текширув мазкур автомобиль ўша кунлари винобоп маҳсулотлар ташишга ажратилмаган экан.

Ҳар бир ҳолат шу зайил ойдинлаштириб борилди. Терговчи винобоп маҳсулотлар ташиган дейилаётган машиналарга оид юзлаб йўл варақалари ва товар-транспорт юкхатларини олиб, ишга тиркаб қўйди. Негаки, улар ўша кунлари бошқа объектларда хизматда бўлишган. Мазкур автомобилларнинг ҳайдовчилари автосаройдан олиб қўйилган ҳужжатлар кўрсатилганидан кейингина аввалги сохта кўрсатмаларни вино пункти мудири М-ян далдаси билан кўрсатганликларини тан олдилар. М-ян 23 сентябрь кечаси уларнинг уйига бирма-бир ўтиб, машиналарида 16–22 сентябрь кунлари вино пунктидан вино комбинатига 112 минг литр винобоп маҳсулот ташиганмиз деб айтишни тайинлаган. Унинг илтимоси билан улар 29 та сохта фактурага имзо қўйишган. М-ян 23 сентябрда вино пунктида текширув бўлади, текширув ўтиши билан сохта ҳужжатларни йўқ қилиб ташлайман ва сиз, ҳайдовчиларга ҳеч нарса таҳдид қилмайди деб ишонтирган.

Вино пункти лабораторияси мудири Г. хонимнинг эътирофига қараганда, М-ян 23 сентябрь кечаси уникига лаборатория журналини кўтариб бориб, унга 16–22 сентябрь кунлари гўё вино комбинатига 29 цистернада жўнатилган винобоп маҳсулотларни таҳлил қилганлиги ҳақида ёзув киритиб қўйишини сўраган. Ўғирлик, талон-торождан мутлақо хабари бўлмаган Г. хоним мудирнинг ҳужжатларни расамадга солишга улгура олмаяпман, эртага текширув бўлар экан деган гапига чиппа-чин ишониб, илтимосига кўнган-да, журналга сохта ёзувларни киритган.

Вино комбинати ишлаб чиқариш участкасининг мудири Ш. ҳам ўша 23 сентябрь кечаси М-яннинг илтимоси билан винобоп маҳсулотлар топширилганлигига оид 29 та қалбаки фактурага имзо қўйган. Гарчи, бу операциялар товарсиз содир этилган бўлса ҳам, текширувда камомад ҳам, ортиқча маҳсулот ҳам аниқланмаган. Боиси, винобоп маҳсулотларни олиб чиқиш ва уларни қабул қилиб олиш фактуралари бевосита текширув арафасида – 23 сентябрь кечаси расмийлаштирилган. Уларни бухгалтерияга топширишмаган – ҳужжатлар бухгалтерия ўтказмаларида ўз аксини топмаган. Бу ҳол терговчига йирик талон-торож содир этилганлигини аниқлаш ва исботлаб бериш нақадар мураккаб бўлганлигини шундоққина кўрсатиб турибди.

 

Терговчи жиноий гуруҳ барча иштирокчиларини аниқлаш юзасидан катта иш олиб борди. Оқибат натижада, тайёрлов идораси ходимлари – тайёрловчи К-ян, бош бухгалтер Т. ва кассир С. вино пункти мудири М-ян билан жиноий тил бириктириб, қишлоқ аҳлидан олма харид қилинганлиги хусусида сохта фактуралар тузишган, шулар асосида тўланадиган пуллар ведомостини тайёрлашган, унда кўрсатилган суммаларни ўзлаштиришган. Пул олиш ведомостига қўл қўйган шахслар, шунингдек ҳайдовчилар ва вино пункти лабораторияси мудири Г. хоним талон-торож қилувчиларга кенг имконият очиб берган. Аммо булар жиноий жавобгарликка тортилмади, негаки улар талон-торождан хабардор бўлмаганлар ва бу жиноятда иштирок этмаганлар. Вино комбинати участка мудири Ш. эса иштирокчилик учун эмас, балки хизмат мавқеини суиистеъмол қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилди. У винобоп маҳсулотлар қабул қилиб олишга доир товарсиз ҳужжатларни имзолаш билан содир этилган оғир оқибатли операцияларга қонунийлик тусини яратиб берган.

Жиноят ишлари бўйича республика судлов ҳайъати айбдорлар – тайёрловчи К-ян, бош бухгалтер Т. ва кассир С.ни турли муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди. Участка мудири Ш. эса, шартли жазо олди.

Тўғри, ҳозир бутунлай бошқа давр, жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳам бутунлай бошқа. Лекин ўғирлик, талон-торож ўша-ўша жиноятлигича қолмоқда. Шу сабабли, бундай мураккаб ишларни тергов қилишга оид ўтмиш тажрибаси ҳозирги шунга ўхшаш ишлар бўйича тергов ишини режалаштириш ва ташкил этишда терговчиларимизга фойдали бўлса керак деб ўйлаймиз.

 

Ольга МАРШАНСКАЯ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси марказининг давлат суд эксперти.

Прочитано: 2274 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика