Norma.uz

Мириқиб дам олинг

Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб санаторийларда бепул дам олишлари мумкин бўлади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 24.12.2014 йилдаги 361-сон Қарори билан тасдиқланган Низом* фахрийларга ўзлари учун мақбул муддатларда йилига 1 марта Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари санаторийларида 12 кунлик соғломлаштириш курсидан текин ўтиш ҳуқуқини беради.

Агар I гуруҳ ногиронлиги бўлган уруш ва меҳнат фронти фахрийсига бир нафар кузатувчи шахс бириктирилган бўлса, унга ҳам қўшимча текин йўлланма ажратилиши мумкин. Фахрийларнинг бошқа тоифалари ушбу санаторийда бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда кузатувчи шахс учун тўлов асосида қўшимча йўлланма олиш ҳуқуқига эгалар.

Санаторийнинг зарур йўналишини аниқлаш учун ҳар йили 15 октябргача бўлган муддатда яшаш жойидаги тиббиёт муассасасида фахрий мажбурий диспансеризациядан ўтказилади. Истисно тартибида 2014 йилда диспансеризация 2014 йил 30 декабргача ўтказилди.

Фахрийни диспансеризациядан ўтказиш натижалари асосида унинг тиббий картасида санаторийда соғломлаштиришнинг зарур йўналиши ва зид кўрсатмалар (улар мавжуд бўлганда) кўрсатилган ҳолда тегишли ёзув қайд этилади. Тиббий картадаги ёзув асосида белгиланган шаклдаги санаторий-курорт картаси расмийлаштирилади, ушбу карта расмийлаштирилган кундан бошлаб 2 ой мобайнида амал қилади ва йўлланма олиш учун асос ҳисобланади.

Зарурият бўлганда (масалан, фахрийнинг саломатлиги ўзгарган тақдирда) санаторий-курорт картасига ўзгартиришлар киритилади.

Санаторийга йўлланма олиш учун фахрийлар туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига (бундан кейин – Марказ) қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

шакл бўйича ариза;

паспортининг нусхаси;

уруш фахрийси гувоҳномаси нусхаси ёки 1941–1945 йилларда меҳнат фронтида қатнашганлик тўғрисидаги ҳужжат;

соғломлаштиришнинг тавсия этилган йўналиши ва мавжуд зид кўрсатмалар ёзилган санаторий-курорт картаси.

Кузатувга муҳтож бўлган I гуруҳ уруш ногирони ўзини кузатиб бораётган шахс тўғрисидаги маълумотларни (паспортининг нусхаси ва ушбу шахс ногиронни амалда парвариш қилаётганлиги тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг маълумотномасини) ҳам тақдим этади.

Марказлар ариза берган шахслар рўйхатини шакллантирадилар, уни «Нуроний» жамғармаси бўлинмаларида келишадилар ва 15 ноябргача бўлган муддатда Ногиронларни соғломлаштириш ва протезлаш миллий маркази уруш ва меҳнат фронти фахрийларини санаторийларда соғломлаштириш бўйича ташкил этилган бўлимига йўлланмалар ажратиш тўғрисида буюртманома тақдим этадилар.

Йўлланмалар фахрийлар яшайдиган минтақада жойлашган санаторийларга ажратилади. Ушбу минтақада талаб қилинадиган йўналишдаги санаторий мавжуд бўлмаган тақдирда йўлланма тегишли йўналишдаги энг яқин санаторийга ажратилади.

Агар фахрийга ажратилган йўлланма унинг санаторийда соғломлаштириш вақтига мувофиқ бўлмаган тақдирда муддатни кўчириш масаласи, унинг талабларини қондириш имконияти мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, якка тартибда ҳал этилади. Ушбу масалаларни ҳал этиш билан ҳокимликнинг, «Нуроний» жамғармасининг, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг вакиллари ҳамда Марказ директори иштирокида Комиссия шуғулланади.

Марказлар йўлланмаларни бевосита фахрийнинг яшаш жойига етказадилар.

Фахрий саломатлигининг ҳолатига ёки бошқа асосли сабабларга кўра йўлланмадан белгиланган муддатда фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, санаторийга келиш муддатидан камида 15 кундан кеч бўлмаган муддатда бу ҳақда Марказга хабар бериши керак. Муддатларни календарь йил мобайнида 2 мартадан ортиқ кўчиришга йўл қўйилмайди. Йўлланмадан ихтиёрий равишда воз кечилганда йўлланма навбатлилик тартибида бошқа фахрийга расмийлаштирилиши мумкин.

Йўлланмадан фақат унда кўрсатилган шахс фойдаланиши мумкин. Йўлланманинг бошқа шахсга берилишига йўл қўйилмайди.

Фахрийлар стандарт хоналар ва биринчи навбатда барча зарур тиббий муолажалар билан таъминланадилар. Уруш ва меҳнат фахрийларини кузатиб келувчи шахсларга, қоидага кўра, фахрий жойлашган палатада жой берилади.

 

*1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашига ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларида соғломлаштириш тартиби тўғрисида низом.

Прочитано: 2323 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика