Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 23 / Солиқ солиш

Солиқ қарзи мақсадли маблағлар ҳисобидан сўндирилмайди

Бизнинг йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонамизнинг асосий фаолияти автомобиль йўлларини сақлаш, жорий таъмирлаш ишларини бажариш ҳисобланади. Бугунги кунда корхонамизнинг солиқлардан асосий қарзи ва пеня тўловлари мавжуд. Шу билан бирга солиқ қарзининг ярмидан кўпроқ миқдорда бошқа турдаги солиқлар бўйича ортиқча тўлов ҳам бор. Жорий йилнинг 1-чорагидаги фаолиятимиз бўйича ҚҚС, мол-мулк солиғи, ер солиғи, ЯИТ ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга тўловлар ҳисобланди.

Ҳозирда солиқ қарзини тўлаш бўйича тўлов топшириқномасига асосан банк ҳисобрақамимиз 2-сон картотекага қўйилган.

Айни вақтда корхонамизнинг 22626 махсус ҳисобрақамида қурилиш материаллари, ёқилғи, транспорт харажатлари, темир йўл харажатларига мақсадли сарфланиши учун келиб тушган пул маблағлари мавжуд.

ДСИ ходимлари солиқ қарзини ушбу 22626 махсус ҳисобрақамимиздаги маблағ ҳисобидан тўлаб беришимизни талаб қилишмоқда. Йўл қурилиши материалларини харид қилиш мақсади учун давлат бюджетидан ажратилган бу пул маблағларини солиқ қарзини қоплашга йўналтира олмаслигимизни тушунтиришимизга қарамай, солиқ органи ходимлари корхонамизни солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлашда айблаб, туман СВОЖЖДЛҚК департаментига «Корхона банк ҳисобрақамида пул маблағлари бўла туриб, солиқ қарзини тўлаш ўрнига бошқа мақсадларга сарфлаган» деган мазмунда шикоят хати ёзишди.

Агар ҳисобрақамимизга мақсадли келиб тушган пул маблағларини солиқ тўловларига ўтказганимизда корхонамизда иш тўхтарди, қолаверса биз маблағларни белгиланган мақсадлар учун сарфламаган бўлиб чиқардик. Ўз навбатида, корхона банкрот ҳолатига келиб қолиши ҳам мумкин эди.

Мазкур ҳолда солиқ қарзини махсус ҳисобрақамимиздаги маблағ ҳисобидан тўлашни талаб қилиш тўғрими?

Йўл хўжалиги пудрат

таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси раҳбари.

 

– Бундай талаб нотўғри. Фикримизни бир нечта қонун ҳужжатлари билан асослашга ҳаракат қиламиз.

Солиқ кодексининг (кейинги ўринларда – Кодекс) 34-моддасига мувофиқ солиқ тўловчининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ юзага келадиган мажбурияти солиқ мажбурияти деб эътироф этилади. Солиқ мажбуриятини бажариш учун солиқ тўловчи солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ миқдорда тўлаши шарт.

Кодекснинг 59-моддасида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича бажарилмаган мажбуриятлари бўлган солиқ тўловчи ўзининг банк ҳисобварағида пул маблағлари мавжуд бўлишидан қатъи назар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ушбу Кодексда белгиланган тўлаш муддатидан кечиктирмай уларни хизмат кўрсатаётган банкка тўлаш учун тўлов топшириқномасини тақдим этиши шартлиги белгиланган.

Ушбу асослардан келиб чиқиб банк 2-сонли картотекага корхона томонидан ихтиёрий равишда тўлов топшириқномасининг қўйилиши Кодексга мувофиқ корхона томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятлари бажарилиши таъминланган ҳисобланади.

Кодексда корхона-ташкилотлар солиқ мажбуриятларини бажармаган тақдирда давлат солиқ хизмати органи томонидан амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар ва кўриладиган чоралар аниқ белгилаб қўйилган.

Корхона солиқ мажбуриятларининг бажарилишини таъминламаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи улар ижросини таъминлаш мақсадида СВОЖЖДЛҚКга шикоят билан мурожаат қилиши эмас, Кодекснинг 59-моддасига мувофиқ корхонага солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддати тугаганидан кейин 3 иш кунидан кечиктирмасдан мажбуриятини бажариши зарурлиги ҳамда солиқ қарзини мажбурий ундириш юзасидан кўриладиган чоралар тўғрисидаги талабномани киритиши керак эди. Бинобарин, корхона талабномани бажармаган тақдирдагина давлат солиқ хизмати органи солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўриши зарур эди (Кодекснинг 62-моддасига мувофиқ).

Кодекснинг 62-моддасига асосан солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларига қуйидагилар киради:

солиқ қарзини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларидан сўзсиз ундириш (инкассо талабномасини қўйиш орқали);

ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторлари ўтказиши лозим бўлган суммаларга қаратиш;

ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш бўйича судга мурожаат қилиш.

Мана шу чоралар кўрилганидан кейин ҳам солиқ қарзи корхона томонидан узилмаса, давлат солиқ хизмати органи корхонани банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этади.

Зеро, қонун ҳужжатларининг ҳеч бирида солиқ мажбурияти бажарилишини таъминлаш мақсадида СВОЖЖДЛҚКга шикоят билан мурожаат қилиш кўзда тутилмаган.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 15.03.2012 йилда 2342-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 2342-сон Йўриқнома) 10-бандида кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар учун маблағлар лимити аниқлангандан ва захира қилинганидан кейин хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағидан пул маблағларини мутаносиб равишда ҳисобдан чиқариш кераклиги белгиланган. Асосий ҳисобварақдан пул маблағларини мутаносиб равишда ҳисобдан чиқариш Йўриқноманинг 5-банди «б» кичик бандида назарда тутилган навбат асосида амалга оширилади.

Мутаносиб равишда ҳисобдан чиқаришни амалга ошириш учун асос бўлиб қуйидаги ҳужжатлар хизмат қилади:

тўловчининг бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлари бўйича тўлов топшириқномалари;

давлат солиқ хизмати органларининг бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига муддатида тўланмаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш борасидаги инкассо топшириқномалари;

божхона хизмати органлари томонидан муддатида тўланмаган божхона тўловларини ундириш борасида инкассо топшириқномалари;

давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромадларига (жарима ва молиявий санкциялар ҳамда бошқа шунга ўхшаш тўловлар кўринишидаги) ҳисобварақ эгасининг тўлов топшириқномалари;

суд департаменти органлари томонидан қўйилган инкассо топшириқномалари;

ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни амалга ошириш учун ҳисобварақда маблағларни банд (брон) қилишга доир ариза, шунингдек иш ҳақидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий бадалларни, Касаба уюшмаларига ихтиёрий бадалларни, жисмоний шахсларни даромад солиғи ҳамда жамғариб бориладиган шахсий пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларини ўтказиш бўйича хўжалик юритувчи субъект раҳбари ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахс томонидан имзоланган ва думалоқ муҳр билан тасдиқланган реестр илова қилинган тўлов топшириқномалари ҳамда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш борасидаги суд қарори асосида ижро органлари томонидан қўйилган инкассо топшириқномалари;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўлов ҳужжатлари.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2342-сон Йўриқноманинг 1-иловасида келтирилган ҳисобварақларга нисбатан ушбу Йўриқнома талаблари қўлланилмаслиги белгиланган.

2342-сон Йўриқноманинг 1-иловасида қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилмайдиган банк ҳисобварақлар рўйхати келтирилган бўлиб, ушбу Рўйхатда 22626-Корхона ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари. (Ҳукумат қарорлари асосида ажратилган маблағлар) ҳисобварағи ҳам кўзда тутилган.

Бу эса, ўз навбатида, корхона томонидан 22626-ҳисобварағи бўйича ҳукумат қарорлари асосида мақсадли ажратилган маблағларни ўз хоҳишича солиқ ва мажбурий тўловларга йўналтириш имкони йўқлигини, шунингдек, солиқ органлари томонидан мажбурий ундирувни ушбу ҳисобрақамларга қаратиш мумкин эмаслигини билдиради.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, Кодекснинг 59-моддасига мувофиқ банкдаги асосий ҳисобварағида пул маблағлари мавжуд бўлишидан қатъи назар, хизмат кўрсатаётган банкка тўлаш учун тўлов топшириқномасини тақдим этиши орқали корхона томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятлари бажарилиши таъминлаш чоралари кўрилган.

Бундай пайтда давлат солиқ хизмати органи томонидан Кодекснинг 62-моддасида солиқ мажбурияти бажарилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилиши зарур бўлган ҳаракатлар кетма-кетлиги белгиланган. Бу ҳаракатлар кетма-кетлигида эса солиқ қарзини ундириш мақсадида СВОЖЖДЛҚКга шикоят билан мурожаат қилиш кўзда тутилмаган.

Корхонанинг 22626-ҳисобварағига бошқа мақсадлар учун ажратилган маблағларни корхонанинг ихтиёрига кўра солиқ ва мажбурий тўловларга йўналтириш эса қонунга зид ҳаракат ҳисобланади. Ушбу ҳисобварақдаги мақсадли ажратилган маблағларни қонунга зид равишда солиқ қарзини тўлашга йўналтиришни талаб қилиш мумкин эмас.

Ушбу ҳолда Кодекснинг 31-моддасида белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органларининг, бошқа ваколатли органлар ва улар мансабдор шахсларининг Кодексга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлмаган талабларини бажармаслик ҳуқуқидан фойдаланишингиз мумкин.

Ёхуд Кодекснинг 122-моддасига асосан давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахсларининг ҳаракатлари устидан ушбу идоранинг юқори турувчи органига ёки судга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Жавобни солиқ маслаҳатчиси
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.

Прочитано: 2077 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика