Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 23 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Ҳеч ким ҳисобчи бўлиб туғилмайди, ахир!

Бухгалтерлик жуда харидоргир, «бозори чаққон» касб. Ҳисоб мутахассислари ҳамма ерда ва ҳамиша керак. Талабдан таклиф келиб чиқади дейилганича бор. Ёш йигит-қизлар бу касбни махсус ўқув юртларида, бошқа мутахассислиги бўлган одамлар эса, бухгалтерия ҳисобининг анчагина мураккаб кўникмаларини мустақил тарзда эгаллашга ҳаракат қиладилар.

Лариса АНТОНОВА билан Галина НИКИТИНАнинг кечмиш ҳаёти ҳар ким ҳам бухгалтер бўлиши мумкинлигига жонли мисолдир. Энг асосийси, сабр-чидам ва меҳнат, зўр истак ва иштиёқ бўлса бас. Айниқса, иштиёқ-у ҳаракат қилишга ундовчи муҳим омилдир.

 

ҲАММАСИ ШУНДАЙ БОШЛАНГАН ЭДИ...

Лариса Антонова,
«Baraka Kompressor Servis» МЧЖ бош бухгалтери:

– Ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида мен диспетчер бўлиб ишлаган ҳисоблаш марказида маълумотларни тайёрлаш бўлимида тайёр маҳсулотлар ҳисобини олиб борувчи мутахассис ишдан бўшаб кетди. Менга унинг ўрнини эгаллашни таклиф этишганида дарров кўна қолдим. Раҳбаримиз мени 2 ойлик бухгалтерлар курсига ўқишга юборди. Ўша ерда бу қизиқарли касб кўникмаларини олганман. Аммо билимимни дафъатан ишга солиш имкони бўлмади, негаки фаолиятим том маънодаги бухгалтерия ҳисобидан анчагина йироқ эди. Бироқ 90-йилларнинг бошларига келиб, ҳисоб-китоб бўйича бухгалтерликка ўтдим, иш асносида бухгалтерия билан янада яқинроқ танишиш, машғул бўлишга тўғри келди. Ниҳоят 2006 йилда компания бухгалтерлиги лавозимига таклиф этишганида ўйлаб ўтирмасданоқ рози бўлдим. Шу-шу қизиқарли соҳада ишлаб келаётирман.

Галина Никитина, «Sim Group» МЧЖ бош бухгалтери, логист:

– 2010 йили компанияда логист бўлиб ишлаш мобайнида ўзим учун бухгалтерия касбини «кашф этдим». Бунгача бухгалтерия ҳисоби борасидаги билим менга керак бўлмаганди. Таълим олиш учун курсларга ёзилдим. Гуруҳ шаклланиб улгурмагани учун ёрдам сўраб таниш бухгалтерга мурожаат қилдим. Ундан 5 ойча таълим олиб иш ўргандим. Бир йилчадан кейин чоғроқ фирма очган танишим бош бухгалтерликка таклиф этди. Ростини айтганда, унча тажрибам бўлмагани учун, таклифга аввал рози бўлмадим. Охир-оқибат қизиқиш қўрқувни енгди ва мен дадиллик кўрсатдим. Шу зайил 2011 йилда бухгалтерия ҳисоби мутахассиси бўлдим-қолдим.

 

ДАСТЛАБКИ КЎМАКЧИЛАР

Л.А.: Дастлабки пайтларда менга ишни топширган аввалги бухгалтер билан яқин ҳамкорликда иш олиб бордим. Ундан билмаганларимни сўрар, у ёки бу жиҳатларни тушунтириб беришини илтимос қилар эдим. Аммо асосий ёрдамни дўстларим ва таниш бухгалтерлардан олдим десам тўғрироқ бўлади. Кимдир ўз маслаҳатини аямади, кимлардир амалий тажрибасидан мисоллар келтириб ўгит берди. Мен ҳаммасини диққат билан тинглар ва эслаб қолардим. Ўшанда «Солиқ ва божхона хабарлари» ҳамда «Норма маслаҳатчи» газеталарини фойдалилигига ишонч ҳосил қилганман. Кечагидек эсимда, йиллик ҳисоботларимдан бирини шу газеталар билан биргаликда «тайёрлаганман». Ўтган йили ўзим учун яна бир зўр ёрдамчини кашф этдим. Бу «1UZ» бухгалтерия дастури. Бухгалтерия ҳисоби ишларини асосан қўлда юритиб келган мендек мутахассис учун, у жонимга оро кирди десам бўлади.

Эндиликда ҳамкасабалар ёрдамисиз ҳам бемалол иш олиб бормоқдаман. Лекин маслаҳат берувчилардан ўзимни олиб қочмайман, бинобарин биз, бухгалтерлар учун янги ахборот сира ортиқчалик қилмайди. Бухгалтерия соҳасидаги семинарлар ва бошқа мавзувий тадбирлар қонун ҳужжатларидаги янгиликлардан бохабар бўлишимга ёрдам беради.

Г.Н.: Бухгалтерияда иш бошлаганимда «СБХ», «norma.uz» ва шунга ўхшаш бошқа манбалар борлигидан мутлақо хабарсиз эдим. Ёрдам сўраб таниш бухгалтерларга мурожаат қилган пайтларим кўп бўлди. Уларсиз ишни уддалай олмаган бўлардим менимча. Аввалига ҳамма нарсага қулоқ солардим. Солиқ инспекциясига ҳисобот топшириш учун борганимда навбатда туриб ҳамкасабаларимнинг гапларини жон қулоғим билан тинглардим. Баъзан саволлар ҳам берардим. Бошқа бухгалтерлар билан мулоқот ҳатто тажрибали мутахассис учун ҳам янгиликларни билиш бобида жуда-жуда фойдалидир. Бугунги кунда norma.uz ва fms.uz сайтлари асосий ёрдамчим бўлиб қолди деб ҳисоблайман. Улардан кўпгина амалий ахборотларни, шу жумладан зарур кодларни, классификаторларни, тушунтириш ва изоҳотларни топаман.

 

ҲАЁТДА НИМАЛАР БЎЛМАЙДИ ДЕЙСИЗ

Л.А.: Бухгалтерия жабҳасидаги ишимнинг ибтидоси амалий кўникма бўлмаганлиги сабабли анча мураккаб кечди. Курсга қатнаб, назарий билимлар олдим. Улар муҳим бўлса-да, баъзан камлик қилар экан. Биринчи бор қилган жиддий хатоимни ҳали-ҳали эслайман. Бу иш солиқлар тўлаш билан боғлиқ эди. Ўша кезлари компания ҳисобварағида маблағ қолмаган бўлиб, тўлов топшириқномасини расмийлаштириб, уни банкка картотекага киритиш учун олиб боришим, бир нусхасини солиқ инспекциясига тақдим этишим керак экан. Билмаганим учун бундай қилмабман. ДСИдан қўнғироқ қилиб, боқимондалик ҳақида хабар қилишгач, рости, қўрқиб кетиб, таҳликага тушиб қолдим. Яхшиямки, вазият тезда ойдинлашди, озгина жарима билан қутулдик. Лекин бу менга катта сабоқ бўлди. Амалий билимни эгаллаш фақат одамнинг ўзига боғлиқ эканлигини тушуниб етдим.

Г.Н.: Ишни бошлашимдаёқ, мен тўқнаш келган дастлабки қийинчилик ҳуқуқий билимсизлик билан боғлиқ бўлди. Кодексларни, кўплаб ҳар хил норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни «сув қилиб ичиб юборишим»га тўғри келди. Ўша пайтларда бухгалтерия ўтказмаларини амалга ошириш муддатларидан мутлақо хабарсиз эдим. Бу борадаги камчилик, кемтикликлар ўрнини мустақил равишда тўлдиришимга тўғри келди.

 

САМАРА УЗОҚ КУТТИРМАЙДИ

Л.А.: Орадан мана шунча йиллар ўтиб, комил ишонч билан айта оламанки, ўшанда касб танлашда янглишмадим. Соҳа бўйича билим доирасини муттасил оширишга бўлган иштиёқ менда кучли эканлигини шундан ҳам билса бўладики, ҳозирги кунда бир йўла тўрт фирмада бухгалтерия ҳисобини олиб бормоқдаман. Тўғри, уларнинг ҳаммаси кичик фирма, лекин 15 йил муқаддам бу ҳақда орзу ҳам қила олмасдим. Қачонлардир мендан маслаҳатини аямаган ҳисоб мутахассиси ҳозир кўпинча менга мурожаат этиб маслаҳат сўрашидан ич-ичимдан ғурурланиб қўяман. Демак, танлаган касбим борасида юксак чўққиларга эришдим, янгиликларни эгаллашга иштиёқим эса, ҳамон ўша-ўша – кучли.

Г.Н.: 4 йиллик ишим тузукроқ натижалар ҳақида гап юритиш имконини бермайди. Аммо ишда ўсиб бораётганимни ўзим ҳис этардим. Биринчи йиллик балансни тайёрлашга қарийб 1,5 ой сарфлаганман. Дебет билан кредит арзимаган 16 сўмга фарқ қилаётганлиги роса бош оғриғи бўлганди ўшанда. Бу бош қотирмани ўзим ҳал этмоқчи бўлдим – ҳеч кимдан ёрдам сўрамадим. Калаванинг учини топганимда қувончим ичимга сиғмай кетди. Йиллар ўтиши билан ҳисобот даври камроқ вақт оладиган, ортиқча ташвиш келтирмайдиган бўлди. Бу йил балансни тайёрлашимга ҳаммаси бўлиб 3 кун кифоя қилди. Буни шахсий рекорд деб қўяман ўзимча.

 

ИСТИҚБОЛ ЯНАДА НУРАФШОН

Л.А.: Режалар ҳақида гапириш қийин. Балки яна битта компаниянинг бухгалтерия ҳисобини юритиш мутасаддилигини зиммамга оларман. Бухгалтерия аллақачон ҳаётим мазмунига айланган, ўзимни усиз тасаввур ҳам эта олмайман. Қизим онасининг изидан кетаётганлигини айтмайсизми?

Г.Н.: Кейинги йилларда туризм билан фаол тарзда шуғулланмоқдамиз. Ҳозир дўстларим билан ўз туристик компаниямизни очиш ҳақида ўйлаб кўрмоқдамиз. Унинг бухгалтерия ҳисобини ҳам ўзим олиб борсам керак.

 

БАМАСЛАҲАТ ИШ ТУТГАН КАМ БЎЛМАЙДИ

Л.А.: Бухгалтерия соҳасида ўзингни синаб кўриш иштиёқи туғилдими, дадил ҳаракат қилиш зарур. Қийинчиликлар, ғов-тўсиқлар учраши турган гап. ­Аммо уларни енгиб ўтиш, бартараф қилиш мумкин. Ҳар хил курслар, адабиётлар, Интернет ресурслар бунда сизга ёрдам беради. Бошқа бухгалтерларнинг маслаҳат ва кўмаги ҳам асқотади, албатта. Муҳими, чўчимаслик керак.

Г.Н.: Янги касбни эгаллаш осон кечмайди, баъзан бунга йиллар мобайнидаги ўқиш ва амалиёт талаб қилинади. Кутилмаган тўсиқлар, синовлар кўп эканлигига қарамай, бухгалтерликни нисбатан тез эгаллаш мумкин. Одам ўз олдига тўғри мақсад қўйиб, унга эришиш сари дадил, омилкорлик билан бориши лозим. Ўз устида тинмай ишлаш жуда-жуда муҳимдир. Соҳага оид адабиётларни ўқимай туриб, қонун ҳужжатларини билмай туриб, рисоладагидек натижага эришиб бўлмайди. Жавоб бериши мумкин бўлган одамларга савол беришдан тортинманг. Бизда яхши бухгалтерлар кўп. Уларнинг билим ва тажрибаси бошловчи ҳисобчилар учун бебаҳодир.

 

Наталья СПИРИДОНОВА,
суҳбатлашди.

Прочитано: 1913 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика