Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 23 / Хўжалик юритиш қоидалари

Электрон жўнатмани божхонада расмийлаштириш керакми?

Ташкилотимиз хорижий компаниядан кейинчалик Ўзбекистон бозорида реализация қилиш учун дастурий таъминотга электрон лицензиялар харид қилмоқчи. Бироқ биз уларни сотиб олишни қандай қилиб тўғри расмийлаштиришни билмаймиз.

Электрон почта орқали жўнатиладиган электрон калитни божхонада расмийлаштириш керакми, ахир у физик товар эмас-ку? ЎзРда дастурий таъминотга электрон лицензияларнинг импорти қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади ва кейинчалик реализация қилиш учун уларнинг келиб тушишини корхона балансида қандай қилиб тўғри акс эттириш мумкин?

Ю.Киченева,

МЧЖ бухгалтери.

 

ИМПОРТНИ ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБГА СОЛИШ

– Дастурий таъминот воситалари экспорти ва импорти тўғрисида низомга1 (бундан кейин – 2549-сон Низом) биноан дастурий таъминот воситалари импорти деганда Ўзбекистон резиденти норезидентдан дастурий таъминот воситаларини сотиб олиши, шу жумладан, дастурий таъминот воситаларини кузатиш (хизмат кўрсатиш) бўйича ташқи савдо фаолияти тушунилади. Бунда шу ҳам белгиланадики, бундай етказиб беришларга импорт шартномаларини тузиш ва ижро этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари Интернет тармоғидаги хорижий он-лайн дўконлари орқали рўйхатдан ўтказишга ҳақ тўлашни импорт контрактисиз амалга оширишлари мумкинлигига ­эътиборни қаратиш лозим.

Шу тариқа, электрон лицензиялар (калитлар) харид қилишга импорт контрактни тузиш валютани тартибга солиш бўйича қонун ҳужжатларининг умумий меъёрлари, Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низом2 ҳамда Юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низом3 билан тартибга солинади. Уларни тузиш чоғида Фуқаролик кодексининг (ФК) интеллектуал мулкни тартибга соладиган ҳуқуқий меъёрларига (ФКнинг IV бўлими) ҳам риоя этиш лозим.

Лицензиялар харид қилишга импорт контракти тузилганидан кейин божхона тозалашини амалга оширишнинг зарурлиги ва ушбу операциялар бухгалтерия ҳисобининг тўғрилиги масаласи юзага келади.

 

ШАРТНОМАНИ РАСМИЙЛАШТИРИШНИНГ АЛОҲИДА ЖИҲАТЛАРИ

Божхона кодексининг 7-моддасига кўра товар – ҳар қандай кўчар мол-мулк, шу жумладан валюта ва валюта бойликлари, электр, иссиқлик энергиялари ва энергиянинг бошқа турлари, транспорт воситалари, интеллектуал мулк объектларидир. ФКнинг 1031-моддаси интеллектуал мулк объектлари жумласига электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар ва маълумотлар базаларини киритади. Лицензиялар харид қилишга шартнома тузишда ФК 1036-моддасининг меъёрлари амал қилади, унга кўра лицензия шартномаси бўйича интеллектуал фаолият натижасига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган тараф (лицензиар) бошқа тарафга (лицензиатга) тегишли интеллектуал мулк объектидан фойдаланишга рухсатнома беради. Шу тариқа, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нуқтаи назарига кўра дастурий таъминотдан фойдаланишга лицензиялар (калитлар) товар деб эътироф этилмайди, чунки моҳиятга кўра, улар интеллектуал мулк объекти ҳисобланмайди (яъни дастурнинг ўзи мутлақ ҳуқуқ билан харид қилинмайди, фақат ундан фойдаланиш ҳуқуқигина берилади. Тегишинча, БКга кўра, улар божхона тозалашидан ўтказилмайди.

 

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ

Айни вақтда қайта сотиш учун харид қилинган лицензияларни (калитларни) бухгалтерия ҳисобида акс эттиришда (мақсад мазкур ҳолда катта аҳамиятга эга) 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»нинг4 меъёрларини ҳисобга олиш керак, унда белгиланишича, товар-моддий захиралар ташкилотларда шу жумладан бошқа юридик ёки жисмоний шахслардан харид қилинган (олинган) ва ташкилотнинг одатдаги фаолияти давомида қўшимча ишлов беришсиз сотиш ёки қайта сотиш учун мўлжалланган товарлар кўринишида бўлиши мумкин. Узоқ муддатли активлар объектлари (бинолар, иншоотлар, транспорт воситалари, мулкий (мутлақ) ҳуқуқлар ва бошқалар) кейинчалик сотиш ёки қайта сотиш мақсадида харид қилинган ҳолларда товар бўлиб ҳисобланиши ҳам мумкин. Шу сабабли харид қилинган лицензиялар (калитлар) қийматини товарни ҳисобга олиш ҳисобварақларида акс эттириш тавсия қилинади.

 

СОЛИҚ масалаЛАРИ

Фикримизча, бу қийматни номоддий активларни ҳисобга олиш ҳисобварақларида нотўғри акс эттириш уларни реализация қилиш чоғида солиқ солинадиган базани камайтириб кўрсатишга олиб келиши мумкин (бу айниқса ягона солиқ тўлови тўловчилари учун муҳим), чунки номоддий активнинг чиқиб кетишидан олинган даромадлар ушбу ҳолда бошқа даромадлар сифатида қаралади ва, Солиқ кодексининг 133-моддасига кўра, актив қиймати билан жамғарилган амортизация суммаси ўртасидаги ижобий фарқ натижасида юзага келган фойда сифатида ҳисоб-китоб қилинади.

Қайта сотиш учун харид қилинган лицензиялар (калитлар)ни товарларни ҳисобга олиш ҳисобварақларида тавсия этилган тарзда ҳисобга олиш уларни реализация қилиш қийматини солиқ солинадиган тушум деб ҳисоблаш имконини беради.

Лицензиялар (калитлар) импортига доир операцияларга солиқ солиш ҳам муҳим масалалардандир. Солиқ кодексининг 22-моддасига кўра лицензияларга (калитларга) ҳақ роялти сифатида эътироф этилади ва, тегишинча, унга тўлов манбаида ушланадиган норезидентдан олинадиган даромад солиғи солинади (Солиқ кодексининг 155-моддаси).

Шунга эътибор қаратиш лозимки, ҚҚС солиш нуқтаи назаридан олганда интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш ишлар, хизматларни реализация қилиш обороти сифатида қаралади. Солиқ кодексининг 202-моддасига кўра эса, агар уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлса, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш оборотига ҚҚС солиниши керак. Ишларни (хизматларни) сотиб олувчи фаолиятни амалга ошираётган республика реализация қилиш жойи деб эътироф этилади (Солиқ кодекси 202-моддасининг 4-банди). Юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги асосида Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда ҳозир бўлиб турган бўлса, унинг ҳудуди сотиб олувчининг фаолияти амалга ошириладиган жой ҳисобланади. Ушбу қоидалар интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ ўтказилган ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқи берилганда ҳам қўлланади. Солиқ кодексининг 207-моддасида белгиланишича, норезидент томонидан тақдим этилган ишлар, хизматлар, агар уларнинг реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлса ва Солиқ кодексига мувофиқ уларга ҚҚС солиниши керак бўлса, ишларни, хизматларни олувчи солиқ тўловчининг солиқ солинадиган оборотидир.

Шу тариқа, агар халқаро келишувга асосан уни пасайтириш ёки тўламасликка ҳуқуқ бўлмаса, лицензиялар харид қилаётганда тўлов манбаида норезидентдан олинадиган даромад солиғи (20%) (Солиқ кодексининг 160-моддаси), шунингдек хизматлар импортидан ҚҚС (хизматлар (ишлар) қийматининг ­20%и) ушланиши керак.

Гўзал ИСЛОМОВА,
«Baker Tilly Tashkent» АТ МЧЖ бошқаруви раиси.

 

Ҳужжат тили билан

Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиси – ўз дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқариш (ишлаб чиқиш), кузатиш (хизмат кўрсатиш), жорий қилиш ва сотиш билан боғлиқ фаолиятни белгиланган тартибда амалга оширувчи юридик шахс – Ўзбекистон Республикаси резиденти; Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестри – мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари тўғрисидаги ахборотнинг ягона электрон банки.

2549-сон Низомнинг 1-банди.

 

1Алоқа давлат қўмитаси, ТИАИСВ, ДБҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 8.01.2014 йилда 2549-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2ВМнинг 30.09.2003 йилдаги «Экспорт-импорт операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 416-сон Қарорига 1-илова.

3ДСҚ, ДБҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 12.06.2013 йилда 2467-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

4Молия вазирининг АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

Прочитано: 2125 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика