Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 23 / Солиқ солиш

Солиқ мажбуриятлари умумлаштирилмайди

Корхонамизнинг асосий фаолияти хизмат кўрсатиш ҳисобланади. Республикамиз ҳудудларидаги яна 14 та алоҳида юридик шахсларнинг 100 фоизлик таъсисчисимиз.

Корхонамизда амалдаги солиқ қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан солиқ ходимлари томонидан режадан ташқари текширув ўтказилмоқда. Текширишда ҳудудлардаги ўзаро бир-бири билан боғлиқ бўлмаган, алоҳида юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган, молия-хўжалик фаолияти ҳам бошқа-бошқа бўлган, мустақил баланси ва алоҳида СТИРга эга бўлган 14 та ташкилот фаолияти корхонамиз билан боғлиқ ҳолда умумлаштирилиб кўриб чиқилмоқда. Яъни корхонамиз таъсисчилигида алоҳида ташкил этилган шуъба корхоналарнинг давлат рўйхатидан ўтган гувоҳномасидаги фирма номида «...бўлими» сўзи қатнашган холос. Шундан келиб чиқиб, солиқ органи ходимлари вилоятдаги корхоналарни бизнинг бўлим деб қараб текширишмоқда. Бунда корхонамиз ходимлар сони мезони бўйича кичик корхона тоифасига мансуб бўлганлиги сабабли умумбелгиланган солиқлар ҳисобланмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб қуйидаги саволларимизга жавоб берсангиз:

таъсисчилигимиздаги корхоналарнинг ходимларини бизнинг корхонамиз ходимлари сонига қўшиб ҳисоблаши ва ишчилар сони ошгани учун умумбелгиланган солиқлар ҳисобланиши тўғрими?

Бу бошқа корхоналарнинг тушумларини бизнинг тушумга қўшиб солиқ ҳисоблаш деб баҳоланмайдими?

Корхона раҳбари. 

 

Маълумки, Солиқ кодексининг 350-моддасида микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига ходимларининг сони бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган мезонга мос келадиган юридик шахслар кириши белгиланиб, бунда ходимларнинг ўртача йиллик сонини аниқлашда унитар (шуъба) корхоналарда, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётганларнинг сони ҳам ҳисобга олиниши назарда тутилган.

Шунга асосан корхонангиз ходимларининг ўртача йиллик сонини аниқлашда вилоятлардаги таъсисчилигингизда очилган корхоналарнинг ходимлари сони ҳам ҳисобга олинади.

Агар ходимларнинг ўртача йиллик сони Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификациясида (ВМнинг 11.10.2003 йилдаги 439-сон Қарори билан тасдиқланган) кичик корхоналар учун белгиланган мезондан ошиб кетсагина сизнинг корхонангиз ягона солиқ тўловини тўлаш ҳуқуқини йўқотади ва солиқ тўлашнинг умумбелгиланган тартибига ўтиши лозим бўлади.

Бу ҳол текширув пайтида аниқланган тақдирда текширувчи фақатгина сизнинг корхонангиз фаолиятига доир солиқларни умумбелгиланган солиқлар бўйича қайта ҳисоблаб чиқаради.

Ҳудудлардаги корхоналарингизда эса ЯСТ тўлаш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Юқоридагиларга асосан таъсисчилигингиздаги корхоналарнинг ходимлари сизнинг корхонангиз ходимлари сонига қўшиб ҳисобланиши тўғри ва ходимлар сони кичик корхоналар учун белгиланган мезондан ортиб кетган тақдирда, фаолиятингиз бўйича умумбелгиланган солиқлар ҳисобланади.

Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, маълумки, Солиқ кодексининг 16-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган, ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, мустақил балансига ёки сметасига эга бўлган, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ҳамда уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот юридик шахс деб ­эътироф этилади.

Берган маълумотларингиздан кўринадики, сизнинг таъсисчилигингизда очилган 14 та ҳудуддаги корхоналар Солиқ кодексининг 16-моддасига асосан алоҳида юридик шахс мақомига тўлиқ мос келадиган корхоналардир.

Агар сизни текшириш учун чиқарилган буйруқда фақат сизнинг корхонангиз кўрсатилган бўлса, унда фақат сизнинг корхонангиз текширилади. Борди-ю, буйруқда корхонангиз таъсисчилигидаги бошқа корхоналар ҳам кўрсатилган бўлса, унда улар ҳам текширилиши керак бўлади. Бунда уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида далолатнома тузилади.

Корхонангиз таъсисчилигида алоҳида ташкил этилган шуъба корхоналарининг давлат рўйхатидан ўтган гувоҳномасидаги фирма номида «...бўлими» сўзининг қатнашиши ушбу корхоналар сизнинг бўлимингиз эканлигини билдирмайди, балки бу ушбу юридик шахсларнинг номланиши ҳисобланади.

Текширишда алоҳида юридик шахс бўлган ва алоҳида СТИРга эга бўлган бу корхоналарнинг фаолиятлари умумлаштирилиб текширилишига йўл қўйилмайди.

Текширишда ҳудудлардаги корхоналарни сизнинг корхонангиз филиаллари деб қаралиши ва уларнинг тушумлари умумлаштирилиб солиқлар ҳисобланиши Солиқ кодексида назарда тутилмаган ва бу асоссиз ҳисобланади.

Таъсисчилигингиздаги 14 та алоҳида корхона ходимлари сони Солиқ кодексига ҳамда Молия вазирлиги ва ДСҚнинг 4.12.2012 йилдаги қўшма хатида берилган тушунтиришга асосан сизнинг корхонангиз ходимлари сонига киритилган тақдирда ҳам, фақатгина сизнинг корхонангизнинг ўзи ягона солиқ тўловини тўлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади ва фақатгина сизнинг фаолиятингиздаги тушумлар бўйича умумбелгиланган солиқлар ҳисоб-китоб қилинади.

Таъсисчилигингиздаги корхоналарда эса ЯСТ тўлаш ҳуқуқи сақланиб қолади.


Умидбек САФАРОВ,
солиқ маслаҳатчиси.

Прочитано: 1744 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика