Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 12 / Ташқи иқтисодий фаолият

Мақом бор – шахс йўқ

Россиядаги ОАЖ Ўзбекистонда доимий муассаса очяпти. Тартибнинг (АВ томонидан 5.09.1998 йилда 232-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 5.3-бандига кўра ДМ ҳисобварақларида ҳисобда турган суммалар ҳисобварақлар эгасининг ихтиёрига биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатли банклар орқали сотиш учун ишлатилиши ёки ходимларнинг Ўзбекистондан ташқарига хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни тўлашга (шу жумладан нақд пул шаклида), амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадларда ишлатилиши, шунингдек ҳисобварақ эгасининг Ўзбекистон Республикасининг бошқа банкларида очилган ҳисобварақларига ўтказилиши мумкин.

Доимий муассаса фаолияти қандай ҳужжатлар билан тартибга солинади? Унинг хорижий валютадаги пул маблағлари қандай мақсадларда ишлатилиши мумкин? У Ўзбекистонда хўжалик фаолиятини амалга оширишда товарлар ва хизматларга ушбу пул маблағлари билан ҳақ тўлаши мумкинми?

ОАЖ бош директори.

 

ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБГА СОЛИШ

– Хорижий ташкилотнинг доимий муассасаси (бундан кейинДМ) фаолияти, мақоми ва унга солиқ солинишини тартибга солувчи асосий қонун бўлиб ЎзР Солиқ кодекси ҳисобланади. Унинг 20-моддасида Ўзбекистон ҳудудида норезидент компания тадбиркорлик фаолиятининг ДМ барпо этилишига олиб келадиган асосий белгилари санаб ўтилган. Моддада бундай фаолиятни бошлаш ва якунлаш муддатлари, шунингдек хорижий компаниянинг фаолияти доимий муассасани барпо этишга олиб келмайдиган вазиятлар белгиланган. Чунончи, «доимий муассаса» тушунчаси тайёрлов ва ёрдамчи хусусиятга эга бўлган фаолиятни амалга оширишни (Ўзбекистон норезидентига тегишли товарларни реализация қилиш бошлангунига қадар бинолардан фақат мазкур товарларни сақлаш, намойиш этиш ва (ёки) етказиб бериш мақсадларида фойдаланиш; норезидентга тегишли товарлар захираларини товарлар реализация қилингунига қадар мазкур захираларни фақат сақлаш, намойиш этиш ва (ёки) етказиб бериш мақсадида сақлаб туриш; доимий фаолият жойини фақат Ўзбекистоннинг норезиденти томонидан товарларни харид қилиш мақсадлари учун сақлаб туришни), мустақил воситачи орқали фаолиятни амалга оширишни ва бошқаларни ўз ичига олмайди.

Солиқ кодексининг кўрсатилган 20-моддасидан келиб чиқилганда, «доимий муассаса» тушунчасининг таърифи фақат солиқ мақомини белгилаш учун қўлланиб, ташкилий-ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Хорижий компания ДМ юридик шахс ҳисобланмайди, у фақат солиқ мақомини белгилайди. Мазкур қоида хорижий компаниянинг ДМ орқали фаолиятига бир қатор чекловлар киритади.

 

ДМда ИШГА ЖОЙЛАШИШ

Аввало доимий муассаса томонидан меҳнат шартномалари тузишнинг қонунийлиги тўғрисида саволлар юзага келади. Меҳнат кодексида (МК) назарда тутилишича, корхоналар, шу жумладан, уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари; хусусий корхоналар; 18 ёшга тўлган айрим шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда иш берувчилар бўлиши мумкин (МКнинг 15-моддаси). Норезидент юридик шахснинг доимий муассасаси фақат солиқ мақомига эга бўлиб, иш берувчи бўла олмайди. Худди шундай меъёрлар Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқномада1 ҳам белгиланган: меҳнат дафтарчасига ишгa қабул қилиниши, бошқа ишга ўтказилиши каби барча турдаги ёзувлар иш берувчи томонидан буйруқ берилгандан сўнг киритилади. Шу тариқа, ДМ меҳнат стажи тўғрисидаги ёзувни киритишга ҳақли эмас, чунки у иш берувчи ролида чиқа олмайди. Бунинг устига, хорижий компания номидан ишончнома бўйича чиқаётган масъул шахс доимий муассаса мансабдор шахсининг ваколатларига эга эмас.

 

ШАРТНОМАВИЙ МУНОСАБАТЛАР

Бундай тузилма фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар тарафларидан бири сифатида назарда тутилмаганлиги ДМни тўлақонли хўжалик юритувчи субъектдан фарқловчи бошқа муҳим аломатдир. Мазкур фикр амалдаги қонун ҳужжатларининг қуйидаги меъёрларига асосланган:

юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар хўжалик шартномаларининг тарафлари бўлади (Фуқаролик кодексининг 101 ва 353-моддалари; 29.08.1998 йилдаги «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги 670-I-сон Қонуннинг 5-моддаси);

доимий муассаса юридик шахс ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 20-моддаси маъносидан келиб чиқилса), балки норезидент Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жойидан иборат бўлади.

Шу тариқа, ҳатто қонун ҳужжатларида ДМни ҳисобга қўйиш чоғида очилиши талаб қилинадиган ҳисоб-китоб счёти ва муҳр мавжуд бўлганда ҳам унинг фаолияти учун жавоб берадиган шахс шартномаларни ДМ номидан имзолай олмайди. Тарафлардан бири доимий муассаса ҳисобланганда тузилган шартномалар ва битимлар ҳақиқий эмас деб ­эътироф этилиши мумкин.

Бошқача фикр ҳам мавжуд, унда модомики хорижий юридик шахс ДМни барпо этган экан, у ДМ номидан шартномалар тузади дейилади. Бироқ бундай муассасанинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда мақоми ва ижро этувчи органи йўқлиги ҳамда муҳр босишда унинг ҳуқуққа эгалиги белгиланмаганлиги муносабати билан тарафлардан бири ДМ бўлганда шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш хатари анча ошади.

 

ТЎЛАНАДИГАН СОЛИҚЛАР

Норезидент компания ДМ Солиқ кодексининг 79–83-моддаларида белгиланган меъёрларга мувофиқ солиқ органларида ҳисобга қўйилиши керак.

Солиқ кодексининг 80-моддасига кўра, доимий муассаса, барпо этилган кундан эътиборан 183 кундан кечиктирмасдан, агар халқаро битимларда бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса, фаолиятни амалга ошириш жойидаги солиқ органига ҳисобга қўйилиши керак. Солиқ органига ҳисобга қўйиш чоғида норезидент компаниянинг ДМга солиқ тўловчининг идентификация рақами берилади.

Ушбу талаб бажарилмаганда уни жарима санкциялари кутади (Солиқ кодексининг 113-моддаси). Солиқ органида ҳисобга туришдан бўйин товлаганлик учун Солиқ кодексининг 80-моддасида қуйидаги жарима муддатлари қайд этилган: агар фаолият кўпи билан 30 кун амалга оширилган бўлса, ЭКИҲнинг 50 баравари миқдорида, бироқ бундай фаолият натижасида олинган соф тушумнинг 10%идан кам бўлмаган миқдорда; агар фаолият 30 кундан ортиқ амалга оширилган бўлса, ЭКИҲнинг 100 баравари миқдорида, бироқ соф тушумнинг 50%идан кам бўлмаган миқдорда. Шунга эътибор қаратиш лозимки, жарима даври ДМ рўйхатдан ўтказилиши керак бўлган даврнинг якуний санасидан, яъни фаолиятни амалга оширишнинг 184-кунидан бошлаб ҳисобланади.

Норезидент компания ДМ фойда солиғи, шунингдек фойдаланилаётган мол-мулк ва ресурсларга боғлиқ ҳолда мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчиси ҳисобланади. Шунингдек фаолиятни ДМ орқали амалга оширувчи норезидент компания зиммасига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадалларини тўлаш ҳамда ушлаш мажбурияти юкланган.

 

БАНКЛАРДАГИ ҲИСОБВАРАҚЛАР

Солиқ органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин хорижий компания ДМ фаолияти учун Ўзбекистон тижорат банкида талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағини очиши керак. Президентнинг 22.12.2009 йилдаги ПҚ-1245-сон Қарорининг 6-бандида муҳр бўлиши ва депозит ҳисобварақ очилиши талаб қилинади.

Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида йўриқноманинг2 (бундан кейин – Йўриқнома) 3-бандига кўра мижоз ҳисобланган хорижий компания ўзига ҳисоб-китоб ва касса хизматларини кўрсатиш учун банкларни мустақил равишда танлаш ҳамда бир ёки бир неча банкларда миллий ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари, шунингдек жамғарма, муддатли, ссуда ва бошқа депозит ҳисобварақларини очиш ҳуқуқига эгадир.

Фаолиятни ДМ орқали амалга оширадиган норезидент компанияларнинг депозит ҳисобварақлари билан ишлаш тартибини қуйидаги ҳужжатлар белгилайди:

Ваколатли банклар томонидан хорижий валютадаги ҳисобварақларни юритиш тартиби3;

Ваколатли банклар томонидан норезидентларнинг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги ҳисобварақларини юритиш тартиби4 (бундан кейин – 510-сон Тартиб).

 

ЧЕКЛОВЛАР БИЛАН

Бундай ҳисобварақлар учун бир қатор чекловлар белгиланган. Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятини ДМ орқали амалга оширадиган норезидентларнинг чет эл валютасидаги маблағлари республика ҳудудидаги ваколатли банкларда очилган валюта ҳисобварақларида сақланади ҳамда улар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлатилади. Мазкур ҳисобварақларга қуйидаги маблағлар киритилиши мумкин:

доимий муассаса ташкил этган норезидентнинг чет элдаги ҳисобварағидан ўтказилган чет эл валютаси. Ушбу бандга алоҳида эътибор қаратиш керак. Унинг маъносидан келиб чиқилганда норезидент ДМ экспорт шартномаси бўйича тараф бўлиши ва бошқа хорижий компаниялардан тушум сифатида экспортдан ҳам, қарз шартномалари бўйича ва бошқа асосларга кўра валютани ҳам олиши мумкин эмас. Буни Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 30.09.2003 йилдаги 416-сон Қарорига 1-илова) меъёрлари ҳам тасдиқлайди, унда назарда тутилишича, экспорт қилувчилар фақат юридик шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар – товарлар, ишлар ва хизматлар экспортига Ўзбекистон норезидентлари билан экспорт ва бартер контрактларини тузган Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлиши мумкин. Шу тариқа, ҳозирги вақтда товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти бўйича фаолиятни амалга ошираётган ДМ қонуннинг ушбу меъёрига ­эътибор қаратиши керак;

доимий муассасанинг Ўзбекистоннинг бошқа банкларида очилган ҳисобварақларидан ўтказилган чет эл валютаси.

Валюта ҳисобварақларида қайд этилган суммалар ҳисобварақ эгаси – норезидент компаниянинг фармойишига биноан: Ўзбекистон ҳудудидаги ваколатли банклар орқали сотиш учун ишлатилиши; ходимларнинг Ўзбекистондан ташқарига хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни белгиланган тартибга мувофиқ тўлашга (шу жумладан нақд пул шаклида) ишлатилиши; ҳисобварақ эгасининг республика бошқа банкларида очилган ҳисобварақларига ўтказилиши, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин.

Фаолиятини ДМ орқали амалга оширадиган норезидентларнинг миллий валютадаги маблағлари Ўзбекистон ҳудудидаги ваколатли банкларда очилган ҳисобварақларда сақланади. Уларга қуйидаги маблағлар киритилиши мумкин:

товарларни реализация қилиш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш)дан ва доимий муассасанинг Ўзбекистонда бошқа фаолият юритишидан олган маблағлари;

ДМнинг Ўзбекистондаги бошқа банкларда очилган ҳисобварақларидан ўтказилган суммалар;

ваколатли банкларга чет эл валютасини сотишдан олинган суммалар.

Мазкур ҳисобварақларда ҳисобда турган маблағлар ҳисобварақ эгасининг ихтиёрига биноан:

қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашга ишлатилиши;

ҳисобварақ эгасининг Ўзбекистоннинг бошқа банкларида очилган ҳисобварақларига ўтказилиши;

харажатларни тўлашга ишлатилиши, шунингдек 510-сон Тартибнинг 2.3-бандида назарда тутилган бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин (улардан Ўзбекистонда ДМни сақлаб туриш учун жорий харажатларни тўлашда, шу жумладан ижара тўловларини; коммунал ва бошқа шунга ўхшаш хизматлар учун тўловларни тўлашда; жорий фаолиятни таъминлаш учун товар-моддий бойликларни сотиб олишда; алоқа каналлари ижара ҳақини тўлашда; юкларни, почта жўнатмаларини ва даврий нашрларни жўнатиш ва етказиб бериш ҳақини тўлашда; меҳнат шартномалари бўйича ходимларга иш ҳақи ва бошқа мукофот пулларини тўлашда; ходимларнинг хизмат сафари харажатларида; суғуртанинг мажбурий ва ихтиёрий турлари бўйича суғурта бадалларини ўтказишда; бахтсиз ҳодисалар юз берганда ёки касаллик ҳолатларида ходимларни даволаш ҳақини тўлашда, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларига кўра бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин).

Шуни таъкидлаш лозимки, валютани ДМ учун конвертациялаш, валюта тушумини мажбурий сотиш билан боғлиқ масалалар ҳамда валюта ва банк томонидан тартибга солишнинг бошқа масалалари ДМ фаолиятига татбиқ этилмайди, чунки у юридик шахс ҳисобланмайди.

 

ЧЕКЛОВЛАРСИЗ ВАЛЮТА ОПЕРАЦИЯЛАРИ

ДМ орқали фаолият юритадиган норезидент компаниялар ҳисобварақларидан валюта операцияларини амалга ошириш имкониятига эса чекловлар белгиланмаган. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан валютавий своп операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомда5 белгиланишича, валютавий своп операциялари ваколатли банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги тузилган своп шартномаларга мувофиқ ўтказилади. Бунда банк мижозлари – ваколатли банкда чет эл валютасида талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига эга бўлган ва қонунчиликка мувофиқ жорий халқаро операцияларни амалга оширадиган юридик шахс ҳисобланган (Низомда ҳисобварақ эгалари резидент ва норезидентларга ажратилмайди) хўжалик юритувчи субъектлардир.

 

ДМ ВА БОЖХОНА

ДМнинг божхона органлари билан муносабатларига келсак, Божхона кодексига (БК) кўра, товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтувчи шахслар товарлар ва транспорт воситаларининг мулкдорлари, уларнинг сотиб олувчилари, эгалари ёхуд улар билан БКда назарда тутилган ҳаракатларни ўз номидан амалга ошириш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ етарли бўлган бошқача тарзда иштирок этувчи шахслар бўлишлари мумкин. «Шахс» тушунчаси жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлиб, ДМга алоқадор эмас. Шу тариқа, БК меъёрлари 2015 йил 1 январгача ДМга татбиқ этилмаган ва, тегишинча, у товарнинг божхонада тозаланишини амалга ошира олмас эди. Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорининг 24-бандига асосан, солиқ органларида ҳисобга қўйилган доимий муассасаларни ташкил этиб, улар орқали фаолият юритаётган Ўзбекистон норезидентларига тузилган шартномаларни амалга ошириш доирасида товарлар олиб кириш ҳуқуқи берилган.

 

Биз бугун норезидент компанияларнинг ЎзР ҳудудида доимий муассаса орқали фаолиятни амалга оширишига тааллуқли бўлган асосий маълумотлар ва меъёрларни ёритдик. Ҳар бир алоҳида ҳолатни кўриб чиқишда фаолиятнинг индивидуал хусусиятлари, ДМни барпо этишга олиб келган шартнома шартлари, тармоқнинг ўзига хос жиҳатлари ва фаолият турлари лицензияланишини тартибга соладиган ёки уларга махсус рухсатномаларни талаб қиладиган қонунчилик меъёрлари, шунингдек Ўзбекистоннинг хорижий компания резидентлиги мамлакати билан халқаро битимлари меъёрларини ҳисобга олиш керак.

 

1Меҳнат вазирлиги ва Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2МБ бошқарувининг АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3МБ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 22.10.1998 йилда 511-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

4МБ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 22.10.1998 йилда 510-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

5МБ бошқарувининг АВ томонидан 24.07.2008 йилда 1839-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.


Гўзал ИСЛОМОВА,

«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ бошқаруви раиси.

Прочитано: 3146 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика