Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 12 / Тадбиркорлик

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсири қандай баҳоланади?

Бугун мамлакатимизда кўп тармоқли иқтисодиётимизнинг устувор соҳаси саналган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тез суръатлар билан ривожлантириш учун барча ғов ва тўсиқлар олиб ташланяпти, мазкур соҳа эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПФ-4609-сон Фармонига мувофиқ республикамизда максимал даражада қулай инвестиция иқлимини яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ойдинлигини таъминлаш орқали тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини тубдан яхшилаш, янги иш жойларини барпо этиш ва иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини ошириш сингари бир қатор долзарб вазифалар кун тартибига қўйилган.

Ана шу вазифалар доирасида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида қонун ҳужжатларини муҳокама қилиш учун шароит яратиш орқали уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 декабрдаги «Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 328-сон Қарори (кейинги ўринларда –328-сон Қарор) қабул қилинди. 

 

 

Мазкур қарорга кўра 2015 йил 1 январдан бошлаб, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга таъсир этадиган ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (кейинги ўринлардаНҲҲ) уларни ишлаб чиқувчилар, яъни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Интерактив давлат хизматлари ягона порталида муҳокама қилиш ва тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш учун жойлаштириладиган бўлди. Муҳокама жараёнида берилган таклифлар юқоридаги органлар томонидан кўриб чиқилади.

328-сон Қарор билан тасдиқланган Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали баҳолаш тартиби тўғрисида низомда НҲҲнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсири Интерактив давлат хизматлари ягона порталида уларни муҳокама қилиш йўли билан баҳоланиши белгиланган.

 

НҲҲнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолашдан мақсад нима?

Бундан кўзланган мақсад тадбиркорлик фаолияти соҳасида учрайдиган муаммони, уни тартибга солишнинг мақсади ва мавжуд ечимини таҳлил қилиш орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишда вужудга келиши мумкин бўлган (вужудга келган) ижобий ва салбий оқибатларни аниқлаш; НҲҲда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган ёки жорий этишга шароит яратадиган қоидаларни; тадбиркорлик субъектларида асоссиз харажатлар пайдо бўлишига олиб келувчи қоидаларни аниқлаш ва улар олдини олиш ҳисобланади.

 

Қандай НҲҲ муҳокама қилинади ва баҳоланади?

а) тадбиркорлик субъектларига янги чекловлар ва янги турдаги рухсат бериш тартиб-таомиллари, лицензиялар жорий қилиш ёки мавжуд чеклов, рухсат бериш тартиб-таомиллари ва лицензияланадиган фаолият турларини тадбиркорлик субъектларининг янада кенгроқ доирасига татбиқ қилишни;

б) рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни ёки лицензияларни олиш учун қўшимча талаблар ва шартларни жорий этишни;

в) тадбиркорлик субъектлари томонидан анча харажатлар қилишга олиб келиши мумкин бўлган талаблар (шартлар)ни жорий этишни;

г) тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан талабларни оширишни;

д) тегишли соҳадаги тадбиркорлик субъектларининг 30 ва ундан ортиқ фоизининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига таъсир кўрсатишни;

е) тадбиркорлик субъектларининг белгиланган ҳуқуқларини қисқартириш (камайтириш) ёки қўшимча мажбуриятлар жорий қилишни;

ж) тадбиркорлик субъектлари учун янги турдаги жавобгарлик чораларини жорий қилишни;

з) тадбиркорлик субъектларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар ва бошқа турдаги имтиёз, кафолат ва преференцияларни белгилашни, шунингдек тадбиркорлик субъектларига янги ҳуқуқлар беришни назарда тутувчи ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари муҳокама қилинади ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсири баҳоланади.

Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни баҳолаш улар тартибга соладиган тегишли йўналиш ва масалаларни янада такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва қисқартириш мақсадида:

қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ишлаб чиқувчилари ташаббуси билан;

тадбиркорлик субъектлари бирлашмаларининг таклифларига асосан;

давлат ва бошқа ваколатли органларнинг ўз ваколати доирасига киритилган тегишли йўналиш ва масалалар юзасидан таклифлари, шунингдек улар томонидан тартибга солинадиган масалалар бўйича тадбиркорлик субъектларининг асослантирилган жамоавий мурожаати;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириқлари асосида амалга оширилиши мумкин.

 

Ҳужжат муҳокамаси қачон бошланади?

Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси унинг манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш жараёни бошланишидан олдин – мажбурий тарзда, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат муҳокамаси эса – у кучга киргандан сўнг камида бир йилдан кейин ўтказилади.

НҲҲни муҳокама қилиш учун ишлаб чиқувчи Ягона порталда муҳокама ўтказиш ҳақидаги хабарни, жадвални, таъсири баҳоланаётган НҲҲни, шунингдек муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштиради.

Муҳокама ўтказиш тўғрисидаги хабарномада қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари учун:

лойиҳани қабул қилиш заруратининг асоси;

лойиҳанинг тури, номи ва режалаштирилаётган кучга кириш муддати;

ишлаб чиқувчи тўғрисида маълумот;

ишлаб чиқувчи томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича таклифларни қабул қилиш муддати, бунда ушбу муддат хабарнома Ягона порталда жойлаштирилган кундан бошлаб 15 кундан кам бўлиши мумкин эмас;

қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат учун:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни баҳолаш орқали ҳал қилиниши ёки ўрганиб чиқилиши керак бўлган муаммо (масала)нинг тавсифи;

ишлаб чиқувчи тўғрисида маълумот;

ишлаб чиқувчи томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўйича таклифларни қабул қилиш муддати, бунда ушбу муддат хабарнома Ягона порталда жойлаштирилган кундан бошлаб 15 кундан кам бўлиши мумкин эмас.

Хабарномага, ишлаб чиқувчининг фикрича, НҲҲга оид бошқа маълумотларга тегишли бўлган ахборот ҳам киритилиши мумкин.

 

Муҳокамалар қандай ўтказилади ва таклифлар қандай умумлаштирилади?

Муҳокама иштирокчилари сўровномаларда кўрсатилмаган масалалар бўйича ҳам ўзларининг асослантирилган таклифларини ихтиёрий шаклда билдиришлари мумкин.

Ишлаб чиқувчилар муҳокама иштирокчиларининг тушган таклифларини умумлаштиради ва қабул қилинганлиги тўғрисидаги тегишли маълумотни, агар рад этилган бўлса – асослантирилган сабабни Ягона порталда жойлаштиради.

Тушган таклифлар, уларнинг қабул қилинганидан ёки рад этилганидан қатъи назар, Ягона порталда жойлаштирилган ҳолда қолдирилиши ва чекланмаган доирада, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг келишувини амалга оширган вазирлик ва идоралар учун ҳам танишиб чиқиш учун очиқ бўлиши керак.

 

Ўтказилган муҳокамалар натижалари қандай инобатга олинади?

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама иштирокчиларининг таклифларини инобатга олиш ишлаб чиқувчилар томонидан лойиҳани қабул қилинган таклифларга мувофиқ қайта ишлаш орқали ва жадвалда белгиланган муддатларда амалга оширилади. Бунда лойиҳани қайта ишлаш муддати муҳокама тугаганидан сўнг 30 кундан ошмаслиги керак.

Ишлаб чиқувчилар қайта ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ахборот тариқасида Ягона порталга такроран жойлаштирадилар. Бунда Ягона порталда такроран жойлаштирилган лойиҳа муҳокама натижасида қайта ишланган ёки лойиҳага киритилган бандларга, шунингдек уларни тақдим қилган муҳокама иштирокчилари ҳақида тегишли ахборотга ҳаволалар билан жойлаштирилиши керак.

Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича муҳокама иштирокчиларининг таклифларини инобатга олиш тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, шу жумладан, муҳокама қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқиш йўли билан амалга оширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш қабул қилинган таклифларга мувофиқ ва тасдиқланган жадвалда белгиланган муддатларда амалга оширилади. Бунда лойиҳани ишлаб чиқиш муддати муҳокама тугаганидан сўнг 30 кундан ошмаслиги керак.

НҲҲ бўйича ўтказилган муҳокама материаллари, шу жумладан, улар бўйича келиб тушган таклифлар, муҳокама тугаганидан сўнг 3 йил мобайнида Ягона порталда сақланади ва чекланмаган доирада танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.

 

Феруза ИБРАТОВА,

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг етакчи мутахассиси, ю.ф.н.

Прочитано: 1992 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика