Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 12 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Ҳисоботни электрон усулда топшириш яхши-ку, аммо...

Бухгалтерларнинг аксарияти ҳисоботларни электрон усулда топшириш қонун ҳужжатлари талаби эканлигидан ташқари, тайёрланган ҳисобот шаклларини нуфузли идораларга юборишнинг энг қулай усули деб ҳисоблайдилар. Бу усул аввало қимматли вақтни тежайди, қолаверса, одамни толиқтириб қўядиган навбат кутиш ташвишидан қутқаради. Аммо электрон усулда ҳисобот топширишнинг афзаллик тарафлари эътирофи кўлами кенгайиб боргани сари, ҳисоб соҳаси мутахассислари унга хос камчилик ва нуқсонлар чиқиб қолаётганлигини ҳам айтмоқдалар. Амалиётчи бухгалтерлар ана шундай камчилик ва нуқсонлар ҳамда уларга қарши кураш усуллари ҳақида гапириб бердилар.

 

1-муаммо.

ЎЗГАРТИШЛАР ТЕЗ-ТЕЗ ВА КЎП

Бу ҳозирги кунда энг кенг тарқалган нуқсондир. Унинг боисини дастурлар мунтазам равишда такомиллашиб бораётганлиги, ҳисобот шакллари эса, фойдаланувчиларга қулай бўлсин дея яхшиланаётганлиги билан изоҳлайдилар.

Бу усулни яхшилаш ва ривожлантириш давр тақозоси эканлиги тушунарли, лекин бу ҳақда бизни вақтида огоҳлантириб боришса зўр иш бўларди, – дейди МЧЖ бош бухгалтери Нигора Мавлонова. – Баъзан шундай бўладики, ҳисоботни тайёрлашга анча вақтингни сарфлаб, уни жўнатмоқчи бўласан, бироқ ҳисоботинг электрон усул билан кетмайди. Идораларга қўнғироқ қилишга тушасан, ана шундагина шакл ўзгарганлиги маълум бўлади. Хусусан, бу йил статистика ҳисоботи борасида шундай бўлди, бундай ҳисоботнинг шаклини февралга қадар янгилашга муваффақ бўлмадим.

– Бир сафар солиқ ҳисоботини жўнатишда мен ҳам шундай муаммога дуч келдим, – дейди International Tashkent Hotel меҳмонхонаси бош бухгалтери Кира Ким. – Электрон усулда уни сира жўнатиб бўлмади. Маълумотларни қайта-қайта текшириб кўрдим, бунга озмунча вақт ва асаб сарфламадим, албатта, аммо тайёрлаган ҳисоботим барибир ўтавермади. Ҳисобот топшириш даври охирлаб қолгани учун масалани жойнинг ўзида ҳал этиш учун зудлик билан солиқ инспекциясига боришга тўғри келди. У ерда ҳамма гап... кодлар алмашганлигида эканлигини билдим. Мендан ўтган камчилик шуки, бундай электрон «инжиқликлар»ни назарда тутмаганман ва 2 кун бўлса ҳам, топширишга вақт қолдирмаганман. Бу менга яхши сабоқ бўлди. Эндиликда бунақа муаммоларга дуч келмаслик учун тегишли идораларга эринмай қўнғироқ қиламан, маслаҳатлар оламан. Дарвоқе, бу борада сизларнинг norma.uz сайтингиз кўп ёрдам беради. Бу йил статистика ҳисоботи шаклларидаги ўзгартишларга оид янгиликларни ҳам шу сайтдан билиб олдим.

 

2-муаммо.

ЙЎРИҚНОМАЛАР ЙЎҚЛИГИ ЧАТОҚ

Буниси биринчи муаммодан келиб чиқади. Ҳар хил ўзгартишлар мустақил равишда текшириш, тадқиқ қилишни тақозо этади, ҳисоб соҳасидаги ҳамма мутахассислар бунинг уддасидан чиқадилар деб бўлмайди.

Компьютеримга узоқ вақт статистика ҳисоботининг янги шаклини ўрнатиб беришмайди, – деб сўз бошлади «Bunisa» хусусий фирмаси бухгалтери Олеся Хайдарқулова. – Йўриқнома ёки бирон-бир фойдали ахборот излаб интернетни бошдан оёқ «кезиб чиқдим». Вақт ўтиши билан ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетар деб ўйладим. Орадан ярим ой ўтди ҳамки, ҳеч нарса ўзгармади. Туман статистика идорасидаги мутахассислар билан боғланганимда, улар менга гап нимада эканлигини лўнда қилиб тушунтириб бердилар. Уларнинг айтганларига риоя этиб, ўзимни қийнаётган муаммони тезгина ҳал этдим. Ҳолбуки, уларнинг ана шу тушунтиришларини сайтга жойлаштириш мумкин эди. Ана шунда қўнғироқ қилиб уларни безовта қилишлар ҳам камроқ бўлар, қанчадан-қанча мутахассисларнинг асаб ҳужайралари сақланиб қолган бўлар эди...

– Бу йил барча шаклдаги ҳисоботлар мени хушнуд этди – тўлдирганим ҳамони тезгина жўнатишга муваффақ бўлдим, – дейди МЧЖ бухгалтери Зуҳра. – Йиллик ҳисобот топшириш пайтидаги бирдан-бир салбий жиҳат янги статистика шаклларидир. Бундай шаклларни топшириш зарурлиги ҳақидаги хабарни ўқишим билан шаҳар статистика идорасининг сайтига йўриқнома излаш мақсадида кирдим. Аммо ундан бундай йўриқномани топа олмагач, мустақил иш кўришга қарор қилдим. Натижада ҳисоботни учинчи уринишимдагина қабул қилдилар, оз бўлмаса жаримага илинай дедим.

 

3-муаммо.

КОМПЬЮТЕР САВОДСИЗЛИГИ

Буни ёши 50 дан ошган бухгалтерлар учун дардисар деса бўлади. Муаммо шунчалик жиддийки, ахборот-коммуникация технологиялари борасидаги саводсизлик вақтни бой беришдан ташқари, маъмурий жарималарга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Онажоним пенсияда бўлсалар ҳам, бухгалтерликни давом эттирмоқдалар, – деб таъкидлайди «Etalon South Standart» бош бухгалтери Елена Михеева. – Электрон ҳисоботга ўтиш шарт дейилган талаб у киши учун ёруғ кунда чақмоқ чаққанига тенг бўлди, ҳисоб. Кўп йиллик амалиётлари мобайнида эски усулда, қоғозда ишлашга жуда ўрганиб қолган эканлар. Тўғри, компьютерда ишлашларига мен ёрдамлашмоқдаман, қайси тугмани босиш кераклигини айтиб тураман. Бироқ эътироф этишим керакки, онажоним «нуқиб ишлатиш»га кўника олмаяптилар. Яхшиямки, муаммони тушунадиган инспекторлар бор, улар янгиликка кўника олмаётган бундай бухгалтерларга ҳисоботни тайёрлашда қўлдан келганча ёрдам қилмоқдалар.

– Бош бухгалтеримиз компьютер билан яхши «тиллаша олмайди», – дейди МЧЖ бухгалтери Зуҳра. – Жўнатиш тугмачасини босишдан аввал, барча маълумотларни бир неча мартадан текшириб чиқади. Роса ҳаяжонланишини айтмайсизми. Мазкур муаммонинг ечимини ихтисослаштирилган курсларда ўқиш деб биламан. Тўғри, ўз вақтида ўзим ҳам синов ва хатоликлар деб аталадиган бу усулдан ўтганман. Ўзинг бошдан кечирмагунча, тажриба орттирмайсан деган гап бежиз эмас. Энг муҳими, чўчимаслик керак. Қўшимча вақтингиз бўлса, энг жўяли усул – курсларга қатнанг.

 

4-муаммо.

ФОРС-МАЖОР ҲОЛЛАРИ

Бу нарса электр таъминоти тизими ёки компьютер тизимида узилишлар тарзида намоён бўлади. Натижада тугалланмаган шаклларни кўпинча қайтадан бошлашга тўғри келади.

Компьютеримда махсус UPS қурилмаси йўқлигига ҳаётимда 2 марта қаттиқ ачинганман. Бу қурилма электр ўчиб қолганида маълум вақт электр таъминотидаги узилишни билинтирмайди, – дейди МЧЖ бош бухгалтери Нигора Мавлонова. – Бир куни ҳисобот шаклларини расмийлаштиришни тугаллай деганимда, тўсатдан бутун бинода электр ўчиб қолди. Чорак соатдан кейин ҳаммаси ўз ўрнига тушди – электр келди. Аммо барча маълумотларни қайта ҳисоблаб чиқишга мажбур бўлдим. Бу анча вақтимни олди, чунки ўша кезлари бухгалтерия ҳисоботини қўлда, махсус дастурдан фойдаланмаган ҳолда бажарар эдим.

Ҳисоботни электрон усулда жўнатишда энг кенг тарқалган муаммолар ҳақидаги ҳикоямизни якунлаб, уларни ҳал этиш йўлларини таърифласак:

1. Ҳисоботни тайёрлаётганингизда ҳисобот шаклларини жўнатадиган идораларнинг мутахассислари билан тез-тез боғланиб туринг. Зотан уларда нуфузли, ишончли ахборотлар бўлади.

2. Ўзингизни қийнаётган саволларга ихтисослаштирилган сайтлардан ва адабиётлардан жавоб изланг. Одатда обрўли тармоқ нашрлари ҳисоботлардаги ва қонун ҳужжатларининг бошқа соҳаларидаги ўзгаришлар ҳақида тезкорлик билан ахборот бериб борадилар.

3. Ҳамкасабаларингиздан сўраб-суриштиришдан тортинманг. Бухгалтерияда тажриба алмашишнинг бу эски ва ишончли усули ҳамон амалда.

4. Махсус компьютер дастурларидан керакли ёрдамни қидиринг. Одатда бундай дастурлар ҳисоботнинг ҳар хил шаклларини тўлдириш ва расмийлаштириш жараёнини имкон қадар автоматлаштиришни таъминлайдиган қилиб ишлаб чиқилади. «BePro Norma» компанияси вакили Инара Ҳамзинанинг сўзларига қараганда, 1UZ дастурида ҳисоботлар ички ҳужжатлардан тузилади. Шу сабабли компьютерга киритилган маълумотлар, вазиятдан қатъи назар, сақланиб туради. Бу ҳол ҳар хил шаклдаги ҳисоботларни тузиш ва тўлдириш ишларини амалга оширишда фойдаланувчига қулайлик яратиб беради.

5. Электрон ҳисобот билан ишлаш бўйича ихтисослашган ёки компьютер ўргатиладиган оддий курсларга ва семинарларга қатнанг. Бинобарин, бухгалтерга у ёки бу ҳолларда компьютерни ўчириб ёқишни билишдан ташқари, унда ўрнатилган дастурларни мукаммал эгаллаш кўникмаси ҳам керак бўлади. Табиийки, биринчи навбатда гап бу ерда бухгалтерия дастурлари ҳақида бормоқда.

6. Компьютерингиз аниқ ишлашига жавобгар тизимли маъмур билан муносабатни яхши йўлга қўйинг. Тўғри, у электр таъминоти узлуксизлигини кафолатлай олмайди. Шу сабабли ҳам, электр нури бор-йўқлигидан қатъи назар, компьютернинг узлуксиз фаолиятини таъминловчи чоғроқ аппарат учун озроқ сарф-харажат қилишдан қочманг.

7. Ҳамма ишни охирги кунга деб қолдирманг. Ҳисобот даврида зарур ишларни муддат тугашига уч-тўрт кун қолганда тугаллашга ҳаракат қилинг.

8. Синаб кўриш ва билимни ошириш йўлидаги изланишлардан сира тап тортинманг. Кўпгина даҳолар синов ва хатоликлар оша ютуқ ва зафарларга эришганликларини унутманг.

 

Наталья СПИРИДОНОВА, мухбиримиз.

Прочитано: 2420 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика