Фирмамиз 30.10.2014 йилда рўйхатдан ўтказилган, бироқ ўтган йили ишламади, чунки лицензия олмаган эди. Уни 2015 йил январда олиб, 1 февралдан ишлай бошладик. 2014 йил учун ноль кўрсаткичли ҳисобот ва баланс топшириш керакми?
В.Зоҳидова,
ХК бухгалтери.
– Солиқ тўловчилар топшириши шарт бўлган ҳисоботлар молиявий ва солиқ ҳисоботларига бўлинади.
Янги корхона рўйхатдан ўтказилгандан кейин, ҳатто бирор-бир сабабга кўра фаолият вақтинча амалга оширилмаганлигига қарамай, раҳбар зиммасига уни иш ҳолатида тутиш ва ҳисобот ўз вақтида топширилишини таъминлаш мажбурияти юкланади. Зеро давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб корхонада ўз активлари, ўз капитали ва мажбуриятларининг бухгалтерия ҳисобини юритиш ҳамда уларни молиявий ҳисоботнинг тегишли кўрсаткичларида акс эттириш зарурати вужудга келади.
Чунончи, Солиқ кодексининг 34-моддасига мувофиқ солиқ тўловчи:
солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни аниқлаши ҳамда уларнинг ҳисобини юритиши;
молиявий ва солиқ ҳисоботини тузиши ҳамда уни давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиши шарт.
«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон, бундан кейин – Қонун) 16-моддаси ва 1-сон БҲМС «Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот»да1 молиявий ҳисоботлар таркиби белгиланган: бухгалтерия баланси (1-шакл), молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот (2-шакл), пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот (4-шакл), ўз сармояси тўғрисидаги ҳисобот (5-шакл), изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришлар. Микрофирма ва кичик корхоналар учун йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этишнинг соддалаштирилган тартиби назарда тутилган, у фақат бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботдан иборат (Давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларидан молиявий ҳисобот, солиқлар, мажбурий тўловлар ва даромадлар тўғрисидаги декларациялар бўйича ҳисоб-китоблар, ёзма аризалар ва билдиришномаларни қабул қилиб олиш ҳамда рўйхатдан ўтказиш тўғрисида низомнинг2 3-банди).
1 январдан 31 декабрга қадар бўлган календарь йил молиявий ҳисоботнинг ҳисобот даври ҳисобланади (Қонуннинг 18-моддаси). Бироқ агар юридик шахс (бюджет ташкилотларидан ташқари) 1 октябрдан кейин рўйхатга олинган бўлса, биринчи ҳисобот йили кейинги йилнинг 31 декабрида тугайди. Яъни 2014 йил 1 октябрдан кейин рўйхатдан ўтказилган сизнинг корхонангиз 2014 йил учун молиявий ҳисобот топширмайди. 2014 йилда у ўтказган барча хўжалик операцияларини 2015 йил учун молиявий ҳисоботда акс эттириш лозим.
Молиявий ҳисоботдан ташқари, юқорида эслатганимиздек, солиқ ҳисоботи ҳам мавжуд. Корхона рўйхатдан ўтказилгандан кейин унинг штатида кам деганда бир ходим (директор) қайд этилганлиги боис унга лоақал меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ҳисобидан (ишланган кунлар сонини ҳисобга олган ҳолда) иш ҳақини ҳисоблаб ёзиш керак. 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб ҳақнинг энг кам миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш Ягона тариф сеткасининг3 биринчи разряди даражасида белгиланган (Президентнинг 30.12.2011 йилдаги ПҚ-1675-сон Қарорининг 4-банди) ва 2014 йил 15 декабрдан 293 158,4 сўмни ташкил этди. Ундан ЖШДС, фуқароларнинг суғурта бадалларини ушлаш ва ЯИТни ҳисоблаб ёзиш лозим. Қилинган ҳисоб-китоблар асосида солиқ ҳисоботи шаклларини4 тўлдириш лозим. Шу сабабли исталган ҳолда сизда солиқлар бўйича «ноль кўрсаткичли» ҳисоботлар бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, солиқ ҳисоботларини тақдим этмаганлик, ўз вақтида тақдим этмаганлик ёки белгиланган шаклда тақдим этмаганлик учун солиқ тўловчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий жавобгарликка тортилади.
1МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.08.1998 йилда 474-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
2ДСҚнинг АВ томонидан 29.07.2005 йилда 1500-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
3ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон Қарорига 1-илова.
4МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Ирина АХМЕТОВА, «Norma Profi» эксперти.