«Никоҳ шартномаси» тушунчаси қонунчилигимиз учун нисбатан янги тушунча. Бир-бирлари билан умумий мол-мулкка эгалик қилиш тартиби тўғрисида битим тузиш имконияти эр-хотинларда биринчи марта Оила кодекси қабул қилинган 1998 йилда пайдо бўлди. Хориж тажрибаси билан таққослаганда мамлакатимиз учун никоҳ шартномасининг тартиботи бир қадар янги соҳа. Германияда, мисол учун, уни туза бошлаганларига 100 йилдан ошди.
Никоҳ шартномасига муносабат Ўзбекистонда бир хил эмас. Никоҳ тузаркан, бўлғуси эр-хотин узоқ ва бахт-саодатли яшашларига, қўша қаришларига умид қиладилар. Ажрашишга ва умумий мол-мулкни бўлишишга тўғри келиши хусусида ўйлайдиганлар кўп эмас. Шундай бўлса-да , мулкий муносабатлар аввалдан тартибга солинса, бу кейинчалик нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик имконини беради.
Никоҳ шартномасини никоҳланаётган шахслар ёки эр-хотинлар тузишлари мумкин. Бунда унинг амал қилиши фақат никоҳ ФҲДЁ органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин бошланади. |
Ўзбекистон қонун ҳужжатларига кўра никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади (Оила кодексининг 29-моддаси).
Шу тариқа, миллий қонун ҳужжатлари баъзи хорижий мамлакатларнинг оилавий-мулкий ҳуқуқидан фарқ қилиб, никоҳ шартномаси билан фақат эр ва хотиннинг мулкий муносабатларини тартибга солишга рухсат беради. Никоҳ шартномасининг предмети кўчмас мулк (квартиралар, уйлар, ер участкалари ва бошқалар), машиналар, мотоцикллар, пул маблағлари, бошқа мол-мулк бўлиши мумкин.
Бироқ никоҳ шартномасида «хотиннинг ойда айни қанча овқат тайёрлаши» шарти ёки бошқа шахсий мажбуриятлар қанча бўлиши кераклигини назарда тутиш мумкин эмас. Шунингдек никоҳ шартномасида болаларга нисбатан алимент тўлаш мажбуриятини ҳам белгилаб бўлмайди. Никоҳ шартномаси эрга (ёки хотинга) иккинчи тарафнинг эрки, иродаси, хоҳишини – яъни Фуқаролик кодексида шахсий номулкий муносабатларга киритилган барча нарсаларни чеклаш ҳуқуқини бермайди. Масалан, судга мурожаатда эр-хотиннинг ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилмайди. Шунингдек оила аъзосини ишдан кетишга ёки олий ўқув юртига киришга мажбурлаб бўлмайди. Агар бундай шартлар никоҳ шартномасига киритилса, уни ушбу қисмида ҳақиқий эмас деб топиш мумкин. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси кафолатлаган номулкий ҳуқуқларнинг барча тоифалари сизда қолади.
Никоҳ шартномасини тузаркан, эр ва хотин биргаликда, умумий мулкнинг қонунда белгиланган тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир. Яъни улар никоҳ даврида қўлга киритган барча нарса энди ўртасидан бўлинмайди (қонунга кўра). Уларнинг ҳар бирига мол-мулкнинг шартнома билан белгиланган қисми тегишли бўлади. |
Масалан, агар тўйдан кейин эр-хотин биргаликдаги пулга квартира сотиб олган бўлишса, никоҳ шартномасисиз ажрашишда эр-хотиннинг ҳар бирига ушбу квартирада 1/2 улушдан тегишли бўлади. Агар никоҳ шартномаси тузилган бўлса, ажрашиш ва биргаликда йиғилган мол-мулкни бўлишда судья унинг қоидаларига таянади. Шартномада эр-хотиннинг келишувига қараб квартира ажрашилгандан кейин эр ёки хотиннинг мулкига ўтади ёки умуман сотилиши керак деб қайд этилиши мумкин.
Биргаликдаги умумий мулк режими бир ёки бир нечта буюмга нисбатан белгиланиши мумкин. Бунда уни эр-хотиннинг мол-мулки қонуний режим доирасида биргаликдаги мулкка келиб тушмайдиган нарсаларга нисбатангина қўллаган маъқул.
Улушли мулк режими эр-хотиннинг барча мол-мулки уларнинг умумий улушли мулкига ўтишини билдиради.
Эр-хотиннинг бутун мол-мулкига нисбатан алоҳида эгалик қилиш режими улар ўртасида ҳеч қандай умумий мол-мулк юзага келмаслигини назарда тутади. Эр-хотиннинг ҳар бири буюмларни фақат ўзи учун харид қилади.
Шунингдек биргаликдаги, улушли ва алоҳида эгалик қилиш режимларининг ҳар қандай бирикмаси қўлланиши мумкин. Никоҳ шартномасини эр-хотиннинг мавжуд ёки бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузиш мумкин. Мисол учун, эр-хотин уларнинг умумий турар жойи биргаликдаги эгаликка ўтиши; никоҳ даврида харид қилинадиган ҳар қандай бошқа кўчмас мулк улушли эгалик қилишга ўтиши тўғрисида келишиб олишлари мумкин. Бунда тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган барча даромадлар ва дивидендлар уларни олган эр (хотин)нинг алоҳида мол-мулки деб тан олинади. Олинган пенсиялар, нафақалар ва махсус мақсадли вазифага эга бўлмаган бошқа пул тўловлари ҳам – буларнинг ҳаммаси даромад олган эр (хотин)нинг мулки ҳисобланади.
Эр ва хотин никоҳ шартномасида ўзаро моддий таъминот бериш, оила харажатларини кўтариш, бир-бирининг даромадида иштирок этиш, бошқа шахслар билан мулкий шартномалар тузиш, биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олишга, никоҳдан ажралганда эр ва хотиндан ҳар бирига бериладиган мулкни аниқлаб олишга, шунингдек никоҳ шартномасига мулкий муносабатларга оид бошқа қоидаларни киритишга ҳақли.
Никоҳ шартномаси ўз табиатига кўра фуқаролик-ҳуқуқий шартномадир. У билан боғлиқ масалалар Оила кодекси меъёрлари билан тартибга солинади, бироқ айни вақтда унга нисбатан Фуқаролик кодексининг шартномалар тўғрисидаги қоидалари қўлланади. Бундай шартнома, башарти у иккала тарафнинг розилиги билан, эр-хотиннинг иккови шахсан ҳозирлигида тузилган ва нотариал тасдиқланган бўлса, кучга кирган деб эътироф этилади. Никоҳ шартномасининг ўзига хослиги яна шундан иборатки, у албатта нотариал тасдиқланиши керак. Ушбу амалсиз шартнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва, бинобарин, ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни туғдирмайди. |
Шартнома анча қатъий шартларни назарда тутади ва уларни бажаришдан бир томонлама тартибда воз кечиб бўлмайди. Бироқ, агар эр-хотиннинг иккови шартнома бандларини ўзгартиришни хоҳлашса, уни қайта ёзиш мумкин, бироқ нотариус яна уни албатта тасдиқлаши шарт.
Никоҳ шартномаси бекор қилинаётганда ишонарли далил-исботлар тайёрлаш ва судга ариза бериш керак.
Никоҳ шартномаси никоҳ бекор қилинган пайтдан бошлаб, унинг амал қилиш муддати тугагандан кейин (айтмоқчи, у муайян муддатга – 5–20–25 йилга, шунингдек номуайян муддатга тузилиши мумкин) ёки эр-хотиндан бирининг вафот этиши муносабати билан бекор қилинади. Бунда, агар никоҳ шартномаси никоҳ бекор қилиниши муносабати билан бекор қилинса, унинг айрим қоидалари ўз кучини сақлаб қолишда давом этиши мумкин. Масалан, шартномада белгиланган собиқ эр ёки хотинга қараш тўғрисидаги қоидалар ажрашгандан кейин ҳам амал қилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, кейинги вақтда никоҳ шартномаларини тузиш ҳоллари кўпаймоқда, бу эса аҳолининг фаровонлиги ва ҳуқуқий саводи ўсаётганидан гувоҳлик беради. Гарчи ушбу таомил арзонга тушмаса-да, у ажрашиш ҳолатида ёки бошқа низоли вазиятлар юзага келганда нафақат асабни сақлаш, балки салмоқли маблағни тежашда ҳам ёрдам беради.
Ленара ХИКМАТОВА,
юрист.