Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 9 / Хўжалик юритиш қоидалари

Моддий жавобгарлик қандай расмийлаштирилади?

Меҳнат кодексининг 203-моддасига кўра бевосита пул ёки товар қимматликларига хизмат кўрсатувчи ходим унга махсус ёзма шартномага асосан ишониб топширилган қимматликлар сақланишини таъминламаганлик учун тўлиқ моддий жавобгар бўлади. Омборчилар, кассирлар ҳамда моддий ва пул маблағларини масъулиятли сақлашга қабул қилган бошқа ходимлар моддий жавобгар шахслар ҳисобланадилар. Улар моддий жавобгарлик тўғрисида ёзма шаклда мажбуриятлар оладилар. Бундай ходимлар ҳужжатлар (юкхатлар, касса ордерлари ва ҳоказо) асосида моддий қимматликлар, пулларни қабул қиладилар ва топширадилар, тегишли ҳисоб регистрларида (омбор ҳисоби карточкалари ёки дафтарлари, касса дафтари ва бошқалар) улар ҳисобини юритадилар. Яъни моддий жавобгар шахслар моддий ресурсларга ишлов бериш билан боғлиқ кенг доирадаги хилма-хил ишларни бажарадилар.

Ҳолбуки амалиётда кўпинча ходимларга корхонанинг асосий воситалари қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича моддий жавобгарликка берилади.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри қўллаш мақсадида бир қатор масалаларни тушунтириб беришингизни сўраймиз.

Бухгалтер, кадрлар бўйича инспектор, юристникомпьютер техникаси, ёзув-чизув қуроллари ва ишлаш учун зарур бошқа жиҳозларга эга бўлган ҳар қандай ходимни моддий жавобгар шахс этиб тайинлаш мумкинми? Амалиётда хўжалик мудири кўпинча мазкур мол-мулкни ходимларга ўтказади, улар ўз навбатида олинган жиҳоз учун имзо чекадилар ва бу билан моддий жавобгар шахсларга айланадилар, яъни улар тўлиқ жавобгар бўладилар.

Қиммат турувчи дастгоҳда хом ашё ва материаллардан маҳсулот ишлаб чиқарадиган ходимни дастгоҳлар, хом ашё ва материаллар сақланишини таъминлаш учун моддий жавобгар шахс этиб тайинлаш мумкинми?

Қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича ходимлар зиммасига асосий воситалар: бинолар, деворлар, дарвозалар, қўриқлаш миноралари, турникет-порталлар, автомашиналар учун дарвоза, қўриқчи итлар, ўт ўчириш шланглари қуритиладиган устунлар, берилган коржома учун моддий жавобгарликни юклаш мумкинми?

А.Конишев,

АЖ директори вазифасини вақтинча бажарувчи.

 

– Биринчи навбатда пул ва товар қимматликларига хизмат кўрсатадиган ходимнинг моддий жавобгарлиги ва тўлиқ моддий жавобгарлиги тушунчаларини фарқлаш лозим.

 

ЧЕКЛАНГАН ВА ТўЛИқ МОДДИЙ ЖАВОБГАРЛИК

Меҳнат кодексининг (МК) 198-моддасига кўра ходим иш берувчига унга бевосита етказилган ҳақиқий зарарни тўлаши шарт. Бевосита етказилган ҳақиқий зарар деганда иш берувчининг мавжуд мол-мулки (шу жумладан иш берувчи учинчи шахслардан ижарага олган мол-мулк) амалда камайганлиги ёки ёмон ҳолатга келганлиги, шунингдек иш берувчининг ортиқча тўловлар қилиш зарурати тушунилади. Иш берувчининг мол-мулкига авайлаб муносабатда бўлиш ходимнинг вазифаларидан бири бўлиб, у деярли ҳар доим меҳнат шартномасида кўрсатилади. Бироқ МКнинг 201-моддасида чекланиш назарда тутилган, унга кўра ходим етказилган зарар учун фақат ўзининг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори доирасида моддий жавобгар бўлади. МКнинг 207-моддасига кўра ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда етказилган зарар суммаси айбдор ходимдан иш берувчининг фармойишига мувофиқ ундирилади. Фармойиш зарар етказилганлиги аниқланган кундан бошлаб 1 ой ичида чиқарилиши мумкин. Агар етказилган зарар суммаси ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошиб кетса ёки зарар аниқланган кундан кейин бир ойлик муддат ўтган бўлса, зарар суд тартибида ундирилади. Шу тариқа, ҳар қандай ходим иш берувчининг мол-мулкига зарар етказган ҳолда мазкур зарарни тўлаши шарт ва, агар суд томонидан бошқача чора белгиланмаган бўлса, ўзининг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори доирасида моддий жавобгар бўлади.

МКнинг 202-моддасига мувофиқ етказилган зарар учун қуйидаги ҳолларда ходимга тўлиқ моддий жавобгарлик юклатилади:

махсус ёзма шартнома асосида унга ишониб топширилган қимматликларнинг сақланишини таъминламаганлик учун;

бир галлик ҳужжат асосида олинган қимматликларнинг сақланишини таъминламаганлик учун;

қасддан зарар етказилганда;

алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида зарар етказилганда;

ходимнинг суд ҳукми билан аниқланган жиноий ҳаракатлари натижасида зарар етказилганда;

тижорат сирлари ошкор этилганда;

қонунларда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда.

 

ШАРТНОМАНИ РАСМИЙЛАШТИРАМИЗ

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида иш берувчига пул ёки товар қимматликларига хизмат кўрсатиш вазифасига кирадиган ходим билан махсус ёзма шартнома тузиш мажбурияти қўйилади. МКнинг 203-моддасининг биринчи қисмида белгиланишича, хизмат вазифаларига пул ёки товар қимматликларига хизмат кўрсатиш кирмайдиган ходим билан тузилган тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома ҳақиқий эмас деб эътироф этилади. Бунинг устига, ана шундай шартномалар тузиш мумкин бўлган ходимларнинг рўйхати жамоа шартномасида, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, – иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади (МКнинг 203-моддаси иккинчи қисми). Шу тариқа, агар корхонанинг жамоа шартномасида тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиш мумкин бўлган ходимлар тоифалари рўйхати белгиланмаган бўлса ёки у тузилмаган ва касаба уюшмаси қўмитаси ёхуд ходимларнинг бошқа вакиллик органи мавжуд бўлмаса, иш берувчи ходим билан, ҳатто ходимнинг розилиги билан, тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Агар бундай шартнома тузилса ҳам, у МКнинг 5-моддаси боис ҳақиқий деб ҳисобланмайди, унда белгиланишича, ходимларнинг аҳволини қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан қиёслаганда ёмонлаштирадиган шартларга эга бўлган меҳнат тўғрисидаги келишувлар ва шартномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Иш берувчилар кўпинча меҳнат ҳуқуқининг тўлиқ моддий жавобгарликка тааллуқли бўлган меъёрларини хато қўллайдилар. Чунончи, фирмалардан бирининг директори ўзининг мол-мулкини ҳимоя қилиш учун ходим кундалик ишда фойдаланадиган барча анжомларини – компьютердан тортиб степлерга қадар – ҳар бир ходимнинг тўлиқ жавобгарлигига берди, буни ҳар қандай мол-мулк қимматга эгалиги ва ходим унинг учун жавоб бериши кераклиги билан асослади.

 

АЙБДОРМИ – ЖАВОБ БЕРАДИ

Шуни назарда тутиш лозимки, чекланган ҳамда тўлиқ моддий жавобгарлик чоғида ходим унга ишониб топширилган мол-мулкнинг йўқотилиши, шикастланиши ёки йўқ қилинишига олиб келган қилмишни (ҳаракат ёки ҳаракатсизликни) содир этишда айбдорлиги белгиланган тақдирдагина зарарни қоплаши шарт. Иш берувчи зарарни муайян ходимлардан ундириш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин етказилган зарар миқдорини белгилаш ва унинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказиши шарт. Бундай текшириш ўтказилиши учун иш берувчи тегишли мутахассислар иштирокида комиссия тузишга ҳақли (МКнинг 204-моддаси биринчи қисми).

Саволингизга қараганда, сиз заводнинг бутун мол-мулки ва товар-моддий қимматликларини ўз ходимларингиз жавобгарлигига бериш ниятида экансиз. Бундай ҳоллар амалиётда кўп учрайди. Ҳолбуки йўқолиши ёки шикастланиши ташкилотга жиддий моддий зарар етказадиган мол-мулк жавобгарликка берилиши керак, компьютерлар, дастгоҳлар, хизмат машиналари ва бошқаларнинг шикастланиши бунга мисол бўлади. Албатта, цех бошлиғи бутун цех жиҳозларининг сақланиши учун жавоб бера олмайди. Ана шу мантиққа амал қилинадиган бўлса, бутун завод учун моддий жавобгарликни директор зиммасига юклаш мумкин бўлиб, айни у чиқариб олинган лампочкалар ва бузилган эшик дасталари каби майда камчиликлар учун ҳам шахсан моддий жавобгар бўлар эди.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида мол-мулкни моддий жавобгарликка топширишнинг аниқ усули кўрсатилмаган. Шу сабабли сиз уни қабул қилиш-топшириш далолатномаси ёки ўз хоҳишингизга кўра бошқа ҳужжат бўйича топширишингиз мумкин. Бунда ҳужжатда ходим мол-мулк учун жавобгар бўладиган иш вақти, унинг айбини истисно этадиган ҳолатлар ва бошқалар қайд этилиши керак.

Умуман олганда, фикримизча, меҳнат тўғрисидаги ҳамда бухгалтерияга доир қонун ҳужжатларида моддий жавобгарлик масалаларини махсус йўриқнома ва стандартлар қабул қилиш йўли билан янада аниқ тартибга солиш мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Тимур МУМИНОВ,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 15464 раз(а)

Комментарии к статье (3)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2015-04-27 16:38:23, Гость_ПК:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2017-02-06 00:43:05, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2018-09-15 17:10:05, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика