● Сергели-7 даҳасидаги 10-уйда яшовчи мулкдор:
– Ёмғир ёғди дегунча, уйимиз томидан чакка ўтади. Ҳар йили ширкатга бу хусусда ариза берамиз. Ширкат томни ямаб тузатган бўлади, аммо намгарчилик бошланиши билан аҳвол ўша-ўша. Яқинда квартирани яхшилаб таъмирлаган эдик, аммо ёмғир ёғиб ҳамма ёқдан чакка ўтиб, таъбимизни тирриқ, ҳаракатимизни бир пул қилди. ХУМШдан моддий зарарнинг ўрнини қоплаб беришини талаб қилишим мумкинми?
– Одатда, томни қисман таъмирлаш дуруст натижа бермайди, уни тўлиғича таъмирлаш учун, афтидан, ширкатингизда маблағ етишмаса керак. Бу катта чиқим талаб қиладиган иш. ХУМШ аъзолари мустақил равишда унга йиллаб маблағ тўплайдилар. Вазиятдан чиқишнинг йўли битта – томни капитал таъмирлаш учун ХУМШ имтиёзли кредит олиши мумкин.
Квартирангизга чакка ўтганлиги ХУМШ айби билан бўлган. Сиз ундан мол-мулкингизга етказилган зарар қоплаб берилишини талаб қилишингиз мумкин, албатта. Бу иш ширкат аъзоларининг бадаллари (сизнинг ва қўшниларингизнинг маблағлари) ҳисобидан амалга оширилади. Бадал маблағлари ҳамиша етишмаслиги инобатга олинса, ширкат талабингизни ихтиёрий равишда қаноатлантириши даргумон. Сиз судга даъво аризаси беришингиз мумкин. Бунинг учун эса, квартирага чакка ўтиб кетганлиги оқибатлари ҳақида далолатнома тузилиши, етказилган зарарни баҳолаш юзасидан экспертиза ўтказилиши зарур.