Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2014 йилги фаолияти муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда ўтган йили Ҳисоб палатаси ишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида белгилаб берилган устувор йўналиш ҳамда вазифалар ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилгани таъкидланди.
Ҳисоб палатасининг 2014 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботда палата ўз фаолиятида давлат ва маҳаллий ривожланиш дастурларининг ижроси, маблағлардан мақсадли фойдаланиш, иқтисодиётимиз барча тармоқларининг жадал ривожланишини таъминлаш учун мўлжалланган Давлат бюджетининг самарали бажарилишини ўрганишга алоҳида эътибор қаратгани қайд этилган.
Ҳисоб палатаси Бюджет кодексининг 96-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги солиқ ва бюджет сиёсати ҳамда лойиҳаси асосий йўналишларининг мамлакатимизни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишларига мувофиқлигини таҳлил қилди. Бундан ташқари, палата томонидан Давлат бюджети харажатлари таҳлил этилиб, иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва бошқа ижтимоий тўловлар бўйича сарф-харажатларнинг бюджет маблағлари билан таъминлангани баҳоланди.
Ўтган йили бюджет маблағларидан қонуний ва мақсадли фойдаланиш бўйича ўтказилган текширувлар Ҳисоб палатаси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Текширувлар натижаларига кўра, қатор молиявий қонунбузарликлар, хусусан, давлат бюджети маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Депутатлар бундай қонунбузарликларга йўл қўймаслик ва уларнинг олдини олиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Ҳисоб палатаси ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қонунчиликка, шу жумладан қонуности ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар киритиш учун текширувлар якунлари юзасидан фикр ва таклифлар билан алмашишни таклиф қилди.
Ҳисоб палатасининг 2014 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот муҳокамаси якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан бюджет назорати соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш механизмларини ишлаб чиқиш, Давлат бюджети маблағларини мақсадсиз сарфлашнинг олдини олиш бўйича амалий чоралар кўриш, вазирлик ва идоралар билан иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир дастурларни ишлаб чиқиш борасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга тааллуқли тавсиялар берилди.
Қуйи палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси Ҳисоб палатасининг 2014 йилги фаолияти ҳисоботи тўғрисидаги масалани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш ҳақида қарор қабул қилди.