Биржамиз масъулияти чекланган жамият шаклида барпо этилган. «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги янги Қонунга кўра биржалар фақат акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этилади. Шу муносабат билан биржамиз – МЧЖ муассислари уни АЖга айлантириш тўғрисида қарор ва бошқа зарур қарорларни қабул қилиш ниятидалар.
Кўрсатилган Қонунда айтилишича, биржалар ўз фаолиятини товар-хом ашё, фонд ва валюта биржалари тарзида амалга оширадилар. Бу биржанинг фирма номида биржа фаолияти тури кўрсатилиши кераклигини билдирадими?
Биржа муассиси.
– Фуқаролик кодексининг 46-моддаси биринчи қисми ва «Фирма номлари тўғрисида»ги Қонуннинг (18.09.2006 йилдаги ЎРҚ-51-сон) 3-моддаси учинчи ва тўртинчи қисмларига мувофиқ, юридик шахснинг фирма номида унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилиши керак, қонунда назарда тутилган ҳолларда фирма номида юридик шахс фаолиятининг хусусияти ҳам кўрсатилиши керак. «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг (2.07.1992 йилдаги 625-XII-сон, 12.09.2014 йилдаги ЎРҚ-375-сон Қонун* таҳририда) 3-моддаси иккинчи ва тўртинчи қисмларида белгиланишича, биржалар фақат акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этилади, биржанинг фирма номида эса «биржа» сўзи бўлиши керак. «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси учинчи қисмида назарда тутилишича, биржалар ўз фаолиятини товар-хом ашё, фонд ва валюта биржаси турида амалга оширади. Бу ерда фақат фаолият турлари саналади, бироқ бу биржанинг фирма номида биржа фаолиятининг аниқ турини кўрсатиш керак деган маънони англатмайди. Бунинг устига, Қонунда қатъиян таъкидланишича, биржанинг фирма номида «товар-хом ашё биржаси», «фонд биржаси» ёки «валюта биржаси» сўз бирикмалари эмас, балки айни «биржа» сўзи бўлиши керак. Бундан ташқари, Қонунда биржаларга фақат биржа фаолиятининг битта тури билан шуғулланиш кўрсатилмаган. Бинобарин, биржалар ўз уставларида учала фаолият турининг ҳаммасини қайд этишга ҳақлилар. Бунда, «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонун 3-моддасининг олтинчи қисмига кўра, биржалар белгиланган тартибда тегишли лицензияни олганидан кейин биржа фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритади.
Шу тариқа, қонун талабларига риоя этиш учун биржа – акциядорлик жамиятининг фирма номида ташкилий-ҳуқуқий шакл – АЖ ва фаолият тури – биржа кўрсатилиши етарлидир.
*2015 йил 14 мартдан кучга киради.
Сардор ЖУМАШОВ,
эксперт-юристимиз.