Norma.uz

Ундиришда гаровнинг қиймати ўзгартирилмайди

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

2012 йилда МЧЖ банк билан 500 млн сўм кредит берилиши тўғрисида шартнома тузди. Кредит мажбуриятлари таъминотини АЖ тақдим этди. МЧЖ, банк ва АЖ 500 млн сўмга ипотека шартномасини туздилар. МЧЖ ўзининг кредит мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан банк 2014 йил бошида хўжалик судига жавобгар (МЧЖ) ва қўшимча жавобгар (АЖ)дан асосий қарз, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, пеняни ундириш ва ундиришни АЖнинг гаровдаги мол-мулкига қаратиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Суд банкнинг даъво талабларини тўлиқ қондирди. Ундириш АЖнинг гаровдаги бино ва иншоотларига қаратилди, уларнинг бошланғич сотув қиймати 400 млн сўм деб белгиланди.

2014 йил июлида АЖ хўжалик судига гаровдаги мол-мулкнинг ҳақиқий қийматини аниқлаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Суд АЖнинг даъво талабларини қондиришдан бош тортди. Суднинг бундай ҳал қилув қарорига рози бўлмаган АЖ апелляция шикояти берди. Апелляция инстанцияси уни қондиришдан бош тортди. Даъвогар кассация шикояти берди. Бироқ кассация инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанциясининг қарорини ўзгартиришсиз, кассация шикоятини эса қондиришсиз қолдирди. 

 

АЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

Ипотека шартномасида гаровдаги мол-мулкнинг қиймати 400 млн сўм деб белгиланган эди. МЧЖ кредит шартномаси бўйича қарзни сўндирмаганлиги боис хўжалик суди ундиришни гаровга қўювчи (АЖ)нинг бино ва иншоотларига қаратиш тўғрисида қарор қабул қилди ва уларнинг бошланғич сотув нархини 400 млн сўм қилиб белгилади. Бироқ «Ипотека тўғрисида»ги Қонуннинг (4.10.2006 йилдаги ЎРҚ-58-сон) 39-моддасида суднинг ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш ҳақидаги қарорида уни реализация қилиш чоғида бошланғич сотув нархини кўрсатиш мажбурияти назарда тутилади, ушбу нарх ипотека берувчи билан ипотекага олувчи ўртасидаги битим асосида, улар ўртасида низо бўлган тақдирда – суд томонидан белгиланади. Бунинг маъноси шуки, гаровдаги мол-мулкни кимошди савдосига қўйиш олдидан гаровга қўювчи билан гаровга олувчи ўртасида мол-мулкнинг қиймати тўғрисида битим тузилмаган. Ипотека шартномасини имзолаш пайтида унинг бозор, ҳақиқий қиймати 750 млн сўмни ташкил этган, бу баҳоловчи компания томонидан 1.06.2012 йилдаги ҳолатга кўра улардан гаров таъминоти сифатида фойдаланиш учун ўтказилган бино ва иншоотларни баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот билан тасдиқланади.

Гаровдаги мол-мулкнинг ҳақиқий қиймати масаласини суд кўриб чиқмаганлиги боис даъвогар мазкур даъвони иш юритишга қабул қилишни ва кимошди савдосига қўйилган, ипотека шартномаси бўйича гаровга қўйилган бино ва иншоотларнинг ҳақиқий қийматини белгилаш бобида экспертиза тайинлашни сўрайди.

 

 

БАНКНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

МЧЖ кредитни тўламаганлиги боис биз хўжалик судига жавобгардан асосий қарз, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ва пеняни ундириш даъвоси билан мурожаат қилдик. Бундан ташқари, унга ундиришни АЖнинг гаровдаги мол-мулкига қаратиш талаби киритилган эди. МЧЖ кредитни қайтармаганлиги муносабати билан ундириш АЖнинг гаровдаги мол-мулкига қаратилди, унинг бошланғич сотув қийматини суд 400 млн сўм деб белгилади. Шу муносабат билан унинг қийматини қайта кўришга зарурат йўқ. Гаровнинг ҳақиқий қийматини белгилаш ва исботлаш тўғрисидаги ўз талабларини даъвогар кредит мажбуриятлари бўйича қарзни ундириш ва ундирувни гаровга қўювчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисида даъвони кўриш чоғида эълон қилиши керак эди.

 

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари, жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, иш моҳиятида баён этилган далилларни тасдиқлади.

2014 йил июлида келиб тушган АЖ даъвосига кўра хўжалик суди, Фуқаролик кодексининг (ФК) 281-моддаси ва «Ипотека тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддасига асосланиб, қуйидагича қарор қабул қилди:

1) АЖнинг гаровдаги мол-мулкнинг ҳақиқий қийматини белгилаш тўғрисидаги даъво талабларини қондиришдан бош тортилсин;

2) Хўжалик процессуал кодекси (ХПК) 95-моддасининг биринчи қисмига кўра суд харажатлари даъвогар зиммасига юклансин.

 

ЮРИСТНИНГ ШАРҲИ

ФКнинг 264-моддасига кўра бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади. ФКнинг 265-моддасида белгиланишича, гаров закалат, ипотека, шунингдек ҳуқуқлар гарови тарзида амал қилиши мумкин.

ФК 281-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси ундирув суд тартибида мол-мулкка қаратилган ҳолларда суд қарори билан ёки бошқа ҳолларда гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан келишуви натижасида белгиланади. «Ипотека тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддасига асосан суднинг ундирувни ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш ҳақидаги қарорида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан ипотекага олувчига тўланиши лозим бўлган суммалар, мол-мулкни қўриқлаш ва реализация қилишнинг уни реализация қилиш тугалланганидан кейин аниқланадиган харажатлари суммаси бундан мустасно. Фоизларда ҳисоблаб чиқариладиган суммалар учун фоизлар қўшиладиган сумма, фоизлар миқдори ва улар қўшилиши лозим бўлган давр;

қийматидан ипотекага олувчининг талаблари қаноатлантириладиган ипотека нарсаси бўлган мол-мулк;

ундирув қаратиладиган гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш усули;

гаровга қўйилган мол-мулкнинг реализация қилишдаги бошланғич сотув нархи.

Қонун ҳужжатларининг ушбу қоидаларидан келиб чиқиб, хўжалик суди гаровдаги мол-мулкнинг қийматини ипотека шартномаси асосида белгилади, буни эса гаровга қўювчи билан гаровга олувчи ўртасида эришилган битим тасдиқлайди. Шу сабабли суд даъво талабларини қондиришдан ҳаққоний равишда бош тортди.

Бино ва иншоотларнинг ипотека шартномасида назарда тутилган қийматини эмас, балки ҳақиқий қийматини белгилаш учун АЖ кредит бўйича қарзни ундириш ва уни гаровдаги мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш чоғида баҳоловчи компаниянинг ҳисоботи ва мол-мулк реал қийматининг бошқа далил-исботларини тақдим этиши ҳамда мол-мулкнинг ҳақиқий қийматини белгилаш талабини эълон қилиши лозим эди. Шу муносабат билан мазкур вазиятни ҳал қилиш вариантларидан бири бўлиб суднинг ХПК 23-боби қоидаларига мувофиқ қарзни ундириш ва ундиришни гаровдаги мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорига назорат тартибида протест келтириш тўғрисида ариза бериш ҳисобланиши мумкин.


Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 2491 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика