Меҳнатда майиб бўлган ходим дори-дармонлар сотиб олди ва уларни сотиб олишга сарфланган маблағни қоплашлари тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилди. Қопланадиган суммага даромад солиғи солинадими?
А.Сагдеева,
юрисконсульт.
– Ходимнинг соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки у ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарни иш берувчи тўлиқ ҳажмда тўлаши шарт (Меҳнат кодексининг (МК) 189-моддаси). Тўланиши лозим бўлган бундай зарар миқдори МКнинг 190-моддасига мувофиқ белгиланади.
Солиқ кодекси 171-моддаси иккинчи қисмининг 9-бандида назарда тутилган, корхона амалга оширадиган қуйидаги харажатлар жабрланувчининг даромади сифатида қаралмайди:
- жабрланувчи меҳнатда майиб бўлгунига қадар олган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобидаги, унинг касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига мувофиқ белгиланадиган ҳар ойлик тўловлар (вояга етмаган шахс меҳнатда майиб бўлиб қолган тақдирда, зарарнинг ўрни унинг иш ҳақи (даромади) миқдоридан келиб чиққан ҳолда, лекин қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан кам бўлмаган миқдорда қопланади);
- махсус тиббий парваришга муҳтож жабрланувчиларга қўшимча харажатлар учун ойига энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдоридаги тўловлар;
- жабрланувчининг маиший парвариши учун қўшимча харажатлар тариқасида ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдоридаги тўловлар;
- ходимнинг соғлиғига зарар етказилганлиги муносабати билан иш берувчи тўлайдиган, бир марталик нафақа тарзида жабрланувчининг йиллик ўртача иш ҳақи миқдоридаги тўловлар.
Ушбу миқдорлардан ортиқча тўланган, шу жумладан дори-дармонга сарфланган суммалар компенсация тўловлари тарзида жисмоний шахснинг жами даромадига киритилади (Солиқ кодексининг 174-моддаси 12-банди).
Қонун ҳужжатларига кўра ўз ходимларига амбулатория ва (ёки) стационар тиббий хизмат кўрсатилганлиги учун иш берувчи томонидан нақдинасиз тўланган суммалар, даволаш ва тиббий хизмат кўрсатганлик учун уларга қилинган харажатларга ЖШДС бўйича имтиёз белгиланган. Соғлиқни сақлаш муассасаларига нақд пулсиз ҳақ тўланган тақдирда, шунингдек соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан ёзиб берилган ҳужжатлар асосида ушбу мақсадлар учун мўлжалланган нақд пул маблағларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди (Солиқ кодекси 179-моддасининг 3-банди). Яъни дори-дармонлар соғлиқни сақлаш ташкилотлари ёзиб берган белгиланган шаклдаги рецептлар бўйича сотиб олинган бўлса, уларни қоплаш қийматига ЖШДС солинмайди.
Ходимга меҳнатда майиб бўлганлик билан боғлиқ моддий ёрдам (Солиқ кодексининг 178-моддаси 16-банди) ҳам тўланиши мумкин, унинг йилига ЭКИҲнинг 12 бараваригача бўлган миқдорига (Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-банди) солиқ солинмайди, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари эса моддий ёрдамнинг бутун суммасига ҳисобланади (Солиқ кодексининг 306-моддаси).
Ноила МУҚМИНОВА,
экспертимиз.