Асосий фаолияти чакана савдо бўлган корхонамиз (ХХТУТ бўйича коди – 71280) фуқароларга, яъни охирги истеъмолчиларга маҳсулотларни нақд пулга ва банк тўлов терминали орқали сотади. Шунингдек, банк муассасалари томонидан фуқароларга ажратилган банк истеъмол кредити маблағлари тегишли банк ҳисобварақларидан жамиятимизнинг асосий ҳисобварағига ўтказилиб, охирги истеъмолчиларга маиший техника маҳсулотларини ҳам сотамиз. Асосий фаолиятдан ташқари, улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида улгуржи савдо фаолиятини ҳам амалга оширамиз.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги масалаларга аниқлик киритишда ёрдам беришингизни сўраймиз.
1. Банк истеъмол кредити маблағлари ҳисобидан фуқароларга маҳсулотларни сотиш чакана савдо фаолияти ҳисобланадими ёки улгуржи?
2. Адлия вазирлиги томонидан 14.01.2010 йилда 2065-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом талаблари банк истеъмол кредити маблағлари эвазига фуқароларга маҳсулотларни сотишдан тушган тушумларга нисбатан татбиқ этиладими? Жамиятимизнинг асосий банк ҳисобварағига келиб тушган истеъмол кредити маблағлари банк ходимлари томонидан жамиятимизнинг 22626-рақамли банк ҳисобварағига ўтказилиб, ундан 5 фоизли ягона солиқ тўлови бўйича бўнак тўловларини амалга оширишлари қонунийми?
Б.Ғаффоров.
– 1. |
Қўйилган саволингизга жавоб бериш учун, аввало, улгуржи ва чакана савдо нима эканлигини билиб олиш керак.
Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом1 2-бандининг учинчи хатбошининг ҳамда Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низом2 2-бандининг иккинчи хатбошининг мазмунларига кўра, ушбу савдога қуйидаги белгилар (аломатлар) хос:
улгуржи савдо корхонаси томонидан товарларни (қоида тариқасида туркумлар билан) харид қилиш ва кейинчалик сотиш;
нақд пулсиз шаклида ҳисоб-китобларни амалга ошириш (товарларни харид қилганда ҳам, сотганда ҳам);
харид қилинадиган товарларни тижорат мақсадларида фойдаланиш ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун сотиш (бундан кўриниб турибдики, сотиб олаётган тараф юридик шахслар ёхуд юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ёки деҳқон хўжаликлари бўлиши мумкин).
Чакана савдонинг аломатлари эса, 407-сон Низом 2-бандининг тўртинчи хатбошидан ва Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари3 3-бандининг иккинчи хатбошисидан келиб чиқишича, қуйидагилардир:
товарларни:
доналаб ёки кўп бўлмаган миқдорларда сотиш;
нақд пулга сотиш;
аҳолига (яъни фуқароларга) сотиш;
харид қилган фуқаролар якуний истеъмол учун, улардан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз сотиб олиш.
Шу ўринда қайд этиш керакки, гарчи 407-сон Низомнинг ва Қоидаларнинг юқорида қайд этилган бандларида товарларни нақд пулга сотиш дейилган бўлса-да, лекин чакана савдо соҳасида товарларнинг сотилиши нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши мумкинлиги қуйидаги нормалар билан назарда тутилган:
банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланишга оид қисмида – 407-сон Низом 19-бандининг иккинчи хатбошиси, 30-бандининг иккинчи хатбошиси ва 40-банди, Қоидалар 21-бандининг иккинчи хатбошиси, 57-банди, 58-бандининг бешинчи хатбошиси, 1876-бандининг биринчи хатбошиси ва 189-бандининг ўн иккинчи хатбошилари;
кредитдан фойдаланишга оид қисмида эса – Қоидаларнинг 17-банди.
Табиийки, чакана савдо соҳасида «кредит» деганда истеъмол кредити ҳам тушунилади. Чунки «Истеъмол кредити тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ жисмоний шахснинг истеъмол эҳтиёжлари учун мўлжалланган товарлар (ишлар, хизматлар) истеъмол кредити объекти бўлади. Бу жисмоний шахсга (истеъмолчига) унинг истеъмол эҳтиёжларини қондириш мақсадида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш учун бериладиган кредитдир (Қонуннинг 3-моддаси).
Шакллар бўйича истеъмол кредити молиявий ва товар кредитларига бўлинади. Хусусан, молиявий истеъмол кредити сотиб олинган товарлар (хизматлар) ҳақини тўлаш учун пул маблағлари тарзида истеъмолчига бериладиган кредитдир. Бундай кредитни банклар ёки бошқа кредит ташкилотлари беради.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, молиявий истеъмол кредитидан фойдаланган ҳолда товарларни сотиб олувчи шахс бўлиб фақатгина жисмоний шахс (фуқаро) ҳисобланиши мумкин. Шунга асосан ҳам товарларнинг банк томонидан молиявий истеъмол кредити ҳисобидан нақд пулсиз шаклда сотилиши улгуржи савдо ҳисобланмайди. Товарларни бундай йўл билан реализация қилиш фақат чакана савдо тармоғида амалга оширилиши мумкин ва шу боис бундай савдо чакана савдо деб аталади.
2. |
Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 14.01.2010 йилда 2065-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 2065-сон Низом) 3-бандида белгиланганидек, ушбу Низом қоидалари улгуржи дорихона ташкилотларига, Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси тизимига кирувчи ихтисослаштирилган улгуржи база-конторалари ва уларнинг ҳудудий базаларига ва айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, банк ҳисобварақларига келиб тушадиган пул маблағларининг тақсимланишига бошқача тартиб белгиланган корхоналарга татбиқ этилмайди.
Бошқа корхоналар (шу жумладан улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган чакана савдо корхоналари) учун тижорат банклари давлат солиқ хизмати органининг хабарномасини олган санадан бошлаб 3 кун муддатда мажбурий тарзда қонунчиликда белгиланган тартибда 22624-«Айрим турдаги акцизли товарларни сотадиган юридик шахсларнинг мақсадли маблағлари» ва бошқа турдаги товарларни сотувчи улгуржи савдо корхоналари учун 22626-«Корхона ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари» банк ҳисобварақларини очади (ёки ёпади).
Ҳам чакана, ҳам улгуржи савдо билан шуғулланаётган жамиятингиз, кўриниб турганидек, 2065-сон Низомнинг 3-бандида санаб ўтилган корхоналар турига кирмайди. Шу туфайли мазкур ҳужжатнинг қоидалари корхонангизга нисбатан татбиқ этилади.
Шуни эслатиб ўтиш жоизки, 2065-сон Низомнинг 12-бандида барча маблағлар ушбу Низом татбиқ қилинадиган корхоналарга фақат юқоридаги банк ҳисобварақлари орқали келиб тушади, аммо қуйидаги маблағлар бундан мустасно:
илгари тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг қайтиши кўринишида давлат бюджетидан ва давлат мақсадли жамғармаларидан келиб тушган маблағлар;
чакана савдодан инкассация қилинган тушум;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида тушаётган мақсадли маблағлар;
илгари жойлаштирилган депозитларнинг қайтиши;
бир юридик шахснинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига, иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига ёки битта иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан бошқа иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига келиб тушадиган маблағлар;
илгари конвертация учун йўналтирилган маблағларнинг конвертация қилинмаган қисмининг қайтиши;
устав фондига (устав капиталига) улуш сифатида келиб тушган маблағлар;
фоизлар ва дивидендлар;
грантлар;
хато ўтказилган маблағларнинг қайтган қисми.
Келтирилган рўйхатда 2065-сон Низом татбиқ қилинадиган корхоналарга молиявий истеъмол кредити маблағлари ҳисобидан фуқароларга товарларни сотишдан тушган тушумлар мавжуд эмас. Демак, ушбу маблағларга 2065-сон Низомнинг талаблари татбиқ этилади ва кредит орқали харид қилинган товарлар пулининг корхонангизнинг 22626-махсус ҳисобварағи орқали келиб тушиши қонуний ҳисобланади.
Бунда, албатта, солиқнинг ортиқча тўланган суммаси юзага келади. Уни ҳисобга олиш ёки қайтариб бериш Солиқ кодексининг 10-боби билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Шу билан бирга, 2065-сон Низомнинг қоидалари (истисно қилинадиган ҳоллардан ташқари қолган барча маблағлар корхоналарга фақат махсус банк ҳисобварақлари орқали келиб тушиши, ушбу маблағлар суммасидан 5% ЯСТ бўйича бўнак тўловларининг тўланиши), фикримизча, Солиқ кодексининг айрим нормаларига мувофиқ келмайди. Бу ҳақдаги батафсил тушунтиришлар «СБХ»нинг 3.02.2015 йилдаги 5 (1069)-сонида чоп этилган «Қарз, албатта, тушум эмас, бироқ...» мақоласида ҳам берилган.
Солиқ кодекси 2-моддасининг учинчи қисмида белгиланганидек, солиқ солиш масалаларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур Кодекс қоидаларига мувофиқ бўлиши керак. Бундай ҳужжатлар мазкур Кодекснинг қоидаларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, Солиқ кодекси қоидалари қўлланилади.
Солиқ кодексига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган ёки унинг юқори турувчи органлари мазкур ҳужжатни бекор қилишга ёки унга зарур ўзгартишлар киритишга ҳақли. Ушбу органлар бундай ҳужжатни бекор қилишни ёки унга зарур ўзгартишлар киритишни рад этган тақдирда, ушбу ҳужжат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
1ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарорига илова (бундан кейин – 407-сон Низом).
2ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон Қарорига илова.
3ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон Қарорига 1-илова (бундан кейин – Қоидалар).
46.05.2006 йилдаги ЎРҚ-33-сон (бундан кейин – Қонун).
Камол МУЗАФФАРОВ,
эксперт-юристимиз.