Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 9 / Бизнинг семинарлар

Баланс деганларида гап кўп

Бугунги кунда амалда ҳар қандай корхонанинг фаолият юритиши ва ривожланиши кўп жиҳатдан муассис ва раҳбарнинг молиявий ҳисоботни таҳлил эта билиш маҳоратига боғлиқ дейиш мумкин. Зотан, бу ҳол ташкилотнинг жорий ва истиқболдаги молиявий ҳолатини баҳолашдан ташқари, маблағларнинг мақбул манбаларини аниқлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектнинг сармоя бозоридаги мавқеини чамалаб кўриш имконини ҳам беради. Ана шу мавзунинг аҳамияти ва долзарблигини эътиборга олиб «Norma» профессионал ривожланиш маркази яқинда илк марта «Молиявий ҳисобот таҳлили ёки менежмент самарадорлиги қандай баҳоланади» деган мавзуда семинар ўтказди. Тадбирда раҳбарлар, молиявий директорлар, аудиторлар ва бухгалтерлар иштирок этди.

 

«Rastax Group» солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг бошқарувчи ҳамкори Татьяна ШАЛУНОВА бундай таҳлилнинг мақсад ва вазифалари, турлари ҳақида, унинг ўзига хос хусусиятлари ва муаммолари ҳақида тадбир иштирокчиларига гапириб берди. Лекторнинг айтишича, компаниянинг молиявий ҳолати турли усуллар билан – хусусан, қиёсий таҳлил асосида ёки молиявий коэффициентлар ёрдамида баҳоланиши мумкин.

Корхонадаги молиявий қийинчиликлардан далолат берувчи омилларни баҳолашга алоҳида эътибор қаратилди. Зотан, бундай омиллар кейинчалик каттагина талафотларга, баъзан ҳатто банкротликка олиб келиши мумкин. Ўз айланма сармояси тақчиллиги ва камайиб кетганлиги, нормативдан ортиқча хом ашё захираси ва тайёр маҳсулот борлиги, ресурсларнинг янги манбаларидан фойда бермайдиган шартларда фойдаланиш ва шу сингарилар юқорида айтиб ўтилган номатлуб маълумотлар сирасига киради.

Эксперт, шунингдек корхона молиявий таҳлил этилганда салбий тамойилларни аниқлашга эътиборни қаратди. Масалан, ҳисобварақларда сақланаётган пул маблағларининг ҳаддан зиёд кўп (айланма сармоя суммасининг 30–40 фоизидан ортиқ) бўлиши мазкур активлар самарасиз бошқарилаётганлигидан далолатдир. Негаки, пул бекор ётмай ишлаши лозим. Қарз маблағларининг кўпайиб бораётганлиги, айни бир вақтда ўз сармоя суммаси қисқариб бораётганлиги ҳам номатлуб тамойиллардан далолат беради.

Пул маблағларининг, жўяли доирада дебиторлик қарзларининг кўпайиши, захираларнинг талаб-эҳтиёж ва тушум ҳажми ошишига монанд равишда кўпайиб бориши эса, ижобий тамойиллар қаторини ташкил этади.

Семинарда иштирокчилар шартли корхона фаолиятини мустақил равишда баҳолаб кўрдилар. Бу жараён йиғилганлар орасида кўплаб баҳс-мунозарага, амалиётдан мисоллар келтирилишига сабаб бўлди. Шартли корхонанинг қимматбаҳо асосий воситалар олиш ва бу харидни қарз сармоя ҳисобидан молиялаштириш билан боғлиқ муаммолари таҳлили иштирокчиларда айниқса катта қизиқиш уйғотди.

Дарҳақиқат, кўпгина корхоналар, айниқса миллий бозорда фаолиятнинг бир неча тури билан шуғулланадилар, йирик корпорациялар эса, турли тармоқларда ва бизнес соҳаларида ўз бўлинмаларига эга. Бундай ҳолларда хўжалик юритувчи субъект фаолиятини реал тарзда баҳолашда қўл келадиган универсал коэффициентларни ишлаб чиқиш анча мураккаб.

Натижаларни талқин қилишда ҳам муайян муаммолар келиб чиқиши мумкин. Лектор у ёки бу таҳлилий коэффициентнинг аҳамиятига бир хил мезон билан ёндашиб бўлмаслигини таъкидлади. Жумладан, тезкор ликвидлиликнинг коэффициенти зўр аҳамиятга молик бўлиб, у тўлов қобилияти даражасини белгилашда жуда мақбул саналади. Бошқа тарафдан олганда, у банк ҳисобварақларидаги асоссиз даражада катта миқдордаги пул суммаси билан боғлиқ бўлиши мумкинки, буни корхона молиявий сиёсатининг ижобий хусусияти деб айтиб бўлмайди. Ресурс унуми, самарадорлиги аҳамияти ҳам шунга ўхшаб кетади. Бу кўрсаткич, бир тарафдан, компания ресурсларидан самарали фойдаланаётганини, иккинчи тарафдан эса, моддий-техника база етарли эмаслигини, уни мустаҳкамлашга эҳтимол пул етмаётганлигини кўрсатади.

Ҳисоб олиб бориш усуллари ҳам бежама, бузилган манзарани юзага келтириши мумкин. Компания ўз ишлаб чиқариш имкониятларини кўпайтириш учун операцион ижарадан фаол тарзда фойдаланмоқда дейлик. У ҳолда, активларни баланс бўйича баҳолаш нисбатан юқори бўлмаслиги мумкин, бу эса фонд самарадорлиги ошишига олиб келади. Бундан ташқари, ижара бўйича тўлиқ қарздорлик баланс пассивида кўрсатилмайди, бинобарин, маблағлар манбаларининг таркибий тузилмаси сунъий равишда яхши бўлиб кўринади. Бундай бежаш, бузма кўриниш операцион ва молиявий ижара ҳисоби бўйича чекловлар жорий этиш йўли билан бартараф этилади.

Семинар пировардида маслаҳатчи тингловчиларнинг саволларига жавоб берди. Айни вақтда тингловчилар шу аснода якка тартибда маслаҳат олиш имкониятидан унумли фойдаланиб қолдилар.

 

Наталья СПИРИДОНОВА,

мухбиримиз.

Прочитано: 2635 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика