Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 9 / Қонунбузарликлар фош этилди

Бошдин оёққача «зар»

Зебу зарга ҳаддан ортиқ «муҳаббат қўйган» баъзи кимсалар тилла буюмларини республикамизга олиб киришнинг амалдаги тартиб-қоидаларини ҳар томонлама бузиб бўлса-да, ўз мақсадларига эришишга уринишади. Республикамиз божхоначиларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларга қарши олиб бораётган чора-тадбирлари эса бундай уринишларни ўз вақтида чиппакка чиқармоқда.

 

Жумладан, Тошкент вилояти «Навоий» чегара божхона пости ходимлари қўшни давлатдан кириб келаётган пойтахтлик О.М. хонимнинг қинғир қилмишларига нуқта қўйишди. Божхона кўриги давомида йўловчининг ортиқча безовталаниши эса унинг бошдин оёқ заргарлик буюмлари билан «безанган»лиги сабабидан экан. Буни божхоначилар аёлни холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказишганда аниқлашди: у кийимлари орасидан оёғига полиэтилен ўрамларни боғлаб олиб, уларга йўловчи божхона декларациясида қайд қилинмаган 25 дона турли тилла тақинчоқлар ва 16 дона тилла қуймаларини яширган экан. Жами оғирлиги 70 граммдан ортиқ мазкур тилла буюмларининг умумий қиймати дастлабки маълумотларга кўра, салкам 8,5 млн сўмни ташкил қилади.

«Москва-Тошкент» йўналиши бўйича кириб келган поезд йўловчиси – наманганлик У.Ю. хоним ҳам қиймати 11,7 млн сўмдан ортиқ бўлган 78,31 грамм оғирликдаги заргарлик буюмларини божхона назоратидан бекитишга урингани боис «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари қаршисида ер чизиб қолди.

Истанбулдан учиб келган бухоролик Д.Б. хонимнинг «Тошкент-Аэро» ИБК ходимларининг кўзини шамғалат қилишга бўлган уриниши наф бермади. Холислар иштирокидаги шахсий кўрик давомида бу аёл яширинча олиб киришга мўлжалланган қиймати 3 млн сўмдан ортиқ бўлган 50 грамм оғирликдаги тилла тақинчоқларни курткасининг чўнтагидан чиқаришга мажбур бўлди.

Айни шу рейс билан учиб келган яна бир бухоролик Ш.С. хонимнинг ҳам Туркия саёҳати ўзи учун ёқимсиз якун топди. Йўловчи божхона декларациясида ҳамда божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб бу аёл 86 грамм оғирликдаги тилла буюмларни олиб киришга урингани боис пойтахт халқаро аэропортини тарк этиши бироз чўзилди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг чекланган меъёрларига (АВ томонидан 13.03.1998 йилда 412-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосан акциз солиғи солинмасдан олиб кириш учун умумий оғирлиги 30 граммдан ошмайдиган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бештагача заргарлик буюмларига рухсат берилади. Ўрнатилган мазкур меъёрдан ортиқчасини олиб киришда эса жисмоний шахслар тегишли божхона тўловларини тўлаши талаб этилади.

Бундан ташқари, Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 5.08.2014 йилда 2606-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, божхона чегараларини кесиб ўтиш пайтида тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясининг 5-бандида олиб ўтилаётган қимматбаҳо заргарлик буюмларининг миқдори аниқ кўрсатилиши шарт.

Ҳусен ТАНГРИЕВ,

ДБҚ Ахборот хизмати
катта инспектори.

 

 

2014 йилда республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 287 та божхона қоидабузларликлари фош қилиниб, натижада қиймати 13 млрд сўмдан ортиқ бўлган 118 кг оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Прочитано: 1671 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика