Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 9 / Бизнинг лойиҳалар

Жисмоний шахсларнинг даромадларига солиқ солишнинг баъзи жиҳатлари

«Norma» профессионал ривожланиш марказида «Rаstax Group» солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг мутахассислари Татьяна ШАЛУНОВА ва Лидия СТЕПАНОВА жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС)ни ҳисоблаш ва тўлаш масалаларига бағишланган бир нечта семинар ўтказдилар. Семинарлар вақтида тингловчилар кўплаб саволлар беришди, бир талай муаммоли вазиятларни муҳокама қилишди. Газетхонларимизга уларнинг энг қизиқарли ва долзарблари билан танишишни таклиф қиламиз.  

 

ўқишга ҳақ тўлашда имтиёзларни қўллаш тартиби

 

Мен янги бухгалтерман. Аввалги бухгалтер, гарчи кўпчиликда СТИР бўлмаса-да, барча ходимлардан ЖШДСни шкала бўйича ушларди. Мен энди ушбу суммаларни қандай ушлашим, чораклик ва йиллик ҳисоботларни топширишда даромад солиғини ҳисоблаш тўғрисидаги ҳисоботда уларни қандай қилиб кўрсатишим лозим? Агар ходимга кейин иш ҳақидан ушлаган ҳолда ўғлини институтда ўқитиш учун сумма ўтказилган, у эса бухгалтерияга ўз СТИРини тақдим этмаган бўлса, ундан даромад солиғи қандай ушланади?

Корхона олий ўқув юрти билан тузилган шартномага кўра ўқишга ҳақ тўлаётган бўлса, олий ўқув юртидаги ўқишга ҳақ тўлашда ЖШДС бўйича имтиёзларни ҳисоблаш ва қўллаш тартиби қандай? Ходим фарзандининг Тошкент шаҳридаги институтда ўқишига ҳақ тўлаш учун қандай ҳужжатларни расмийлаштириши керак? Агар тўлов ходимнинг иш ҳақидан ушланса, бухгалтерия дастурида проводкаларни қандай тўғри амалга ошириш лозим?

 

Ходимлар СТИР ва (ёки) аввалги иш жойидан маълумотнома тақдим этмаган ҳолларда ЖШДС ҳисоб-китоби энг юқори ставкада (22% – 2014 йилда, 23% – 2015 йилда) амалга оширилади. Агар ходимлар солиқ даври мобайнида СТИРни келтиришмаса, солиқни чораклик қайта ҳисоб-китобларни тақдим этиш йўли билан энг юқори ставкада қайта ҳисоблаш лозим. ЖШДС бўйича фарқни бюджетга ўтказиш ва жисмоний шахсларнинг даромадидан чегириш керак.

Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўра 2010 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида ўзининг ўқиши ёки 26 ёшгача бўлган ўз фарзандларининг ўқиши учун йўналтириладиган иш ҳақи суммалари ва солиқ солинадиган бошқа даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.

Низомнинг 1-бандида кўрсатилган ЖШДС бўйича имтиёз жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган даромадларини таълим олишга йўналтириладиган маблағлар суммаларига камайтириш кўринишида берилади.

Жисмоний шахсларга солиқ чегирмаси ўқиш учун тўлов қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилганда тақдим этилади:

1) ўз маблағлари – имтиёз жисмоний шахснинг декларацияси бўйича берилади;

2) жисмоний шахсга тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари – имтиёз корхонада қўлланади;

3) юридик шахслар томонидан жисмоний шахсларга қайтариш шарти билан берилган маблағлар (ссудалар) – имтиёз корхонада қўлланади.

Сизнинг ҳолатингизда учинчи вариант мақбул – яъни ходим билан қарз шартномаси (таълимга ҳақ тўлашга) тузиш зарур. Шартномага жадвал илова қилиниши керак, у иш ҳақидан суммаларни ушлаш учун асос бўлади. Шартнома тузилганда ходим қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак (Низомнинг 11-банди):

талаба билан Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юрти ўртасида тўловли-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;

таълим олувчининг (таълим олувчиларнинг) паспорти ва (ёки) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси.

Шуни ёдда тутиш муҳимки, ЖШДС бўйича имтиёз фақат ушланган суммаларга қўлланади ва йилдан йилга кўчирилмайди (яъни даромад таълим қийматини қоплаши керак). Шунингдек, Меҳнат кодексининг 164-моддасига кўра, ушланмалар суммаси ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг 50%идан ошмаслиги керак.

Бухгалтерия проводкалари қуйидагича бўлади:

 

Дт

 

Кт

 

Проводка мазмуни

 

4730

 

51ХХ

 

Ходимга берилган қарз ҳисобига ходимнинг таълим олишига ҳақ тўланди

 

6710

 

4730

 

Жадвал бўйича берилган қарз суммаси ушланди

 

 

Ходим фарзандининг ўқиши учун ўзининг дивидендларидан ҳақ тўлаши мумкинми?

Биринчи навбатда қуйидагиларни белгилаб олиш зарур:

1) дивидендлар ҳисоблаб ёзилганми ёки «келгуси» дивидендлар тўғрисида сўз боряптими;

2) ходим фарзандининг ёши қандай – 26 ёшга тўлмаганми ёки ундан ошганми;

3) ходимнинг фарзанди ўқийдиган ўқув юрти – Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртими ёки йўқми.

Жавобда дивидендлар эълон қилинган, фарзанди 26 ёшга тўлмаган ва у миллий ўқув юртида ўқийди деб фараз қиламиз.

Ҳисобланган дивидендларни муассис фарзандини ўқитишга тўлаш учун йўналтириши мумкин.

Солиқ кодекси 176-моддасининг 2-бандига кўра дивидендлар 10%лик ставкада ЖШДС солинадиган ялпи даромад таркибига кирадиган мулкий даромад ҳисобланади (бундан хусусий корхоналар мустасно – улар учун «дивиденд» тушунчаси мавжуд эмас). Солиқ кодекси 179-моддасининг 31-бандига мувофиқ фуқароларнинг солиқ солинадиган, республика олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган иш ҳақи суммалари ва бошқа даромадлари (шу жумладан дивидендлар ҳам) солиқ солишдан озод қилинади.

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН ИЖАРАГА ОЛИШ ВА БАЪЗИ БОШҚА МАСАЛАЛАР ҲАҚИДА

 

Жисмоний шахсларнинг даромадлари тўғрисида маълумотларни йил якунлари бўйича топшириш муддатлари ва тартиби қандай? Даромадлар бўйича чораклик ҳисоботда жисмоний шахсга жой ижараси учун тўланган даромадни кўрсатиш керакми?

 

Солиқ кодексининг 187-моддасига кўра солиқ агентлари асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида солиқ даври тугаганидан сўнг 30 кун ичида солиқ органларига маълумотнома тақдим этишлари шарт. Тўланган даромадлар ва ушланган ЖШДС суммалари тўғрисидаги маълумотнома электрон шаклда топширилади. ЖШДС бўйича чораклик ҳисоботга солиқ агенти Солиқ кодексининг 172–178-моддаларига кўра жисмоний шахсларнинг барча даромадларини киритади. ЖШДС бўйича ҳисоботнинг 3-«Ҳисобланган жисмоний шахсларга даромадлар расшифровкаси» иловаси (бундан кейин – Расшифровка) йил якунлари бўйича қўшимча тўлдирилади, унда жисмоний шахсларга тўланган даромад суммалари моддалар бўйича тақсимланган.

 

Ходимларимизнинг бири ўзининг шахсий автомобилида курсантларни машина ҳайдашга ўргатади, бунинг учун унга ҳар ойда автомобиль ижараси учун ҳақ тўланади. Ундан ЖШДС, иш ҳақидан суғурта бадаллари қандай ҳисобланади (иш ҳақи ва ижарани қўшиш ёки алоҳида-алоҳида ҳисоблаб ёзиш керакми)?

Солиқ кодексининг 181-моддасига кўра мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга энг кам ставкада ЖШДС солиниши керак. Бунда меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга шкала бўйича солиқ солинади.

Шу тариқа, сиз меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларнинг алоҳида ҳисобини юритишингиз лозим, уларга ЖШДСга қўшимча тарзда Пенсия жамғармасига мажбурий бадаллар солинади, шунингдек ушбу бадаллар солинмайдиган ижара даромадлари ҳисоби ҳам алоҳида юритилади.

 

Ходимларнинг уяли алоқаси учун ҳақ бошқа даромад ҳисобланадими, 4 ой ичида жамланган бутун суммани бирйўла ёпиш мумкинми? 

 

Агар корхона ходимлари уяли алоқадан ишлаб чиқариш мақсадларида фойдалансалар, корхона бундай алоқага ҳақ тўлайди. Бунда учта вазиятдан бири долзарб бўлади:

1) агар мобил телефонлар корхонага тегишли бўлса – солиқ оқибатлари юзага келмайди;

2) агар корхона телефонларни жисмоний шахслардан ижарага олса – корхона тўлов манбаи сифатида ижара ҳақидан энг кам ставкада ЖШДС тўлайди (Солиқ кодексининг 181-моддаси);

3) телефонлардан текинга фойдаланилганда – ЖШДС ҳисоблаб ёзилмайди, бироқ корхонада Солиқ кодексининг 132, 135-моддалари бўйича даромад вужудга келади (текинга олинган мулкий ҳуқуқ – бозор қиймати бўйича).

Агар корхона ундан шахсий мақсадларда фойдаланадиган ходимларнинг уяли алоқасига ҳақ тўласа, тўланган суммалар тегишли солиқ солинган ҳолда моддий наф тарзидаги даромадлар сифатида классификацияланади.

Ҳисоблаб ёзиш қоидасидан келиб чиқилганда, даромад ва харажатлар бирламчи ҳужжатлар асосида ҳисоблаб ёзиш усули бўйича эътироф этилиши керак. Шу тариқа, агар алоқа оператори 4 та ҳисобварақ-фактура берса (ҳар бир ой учун алоҳида), бухгалтерия ҳисобида ҳам 4 та ёзувни акс эттириш лозим.

 

МОДДИЙ ЁРДАМГА СОЛИҚ СОЛИШ ХУСУСИЯТЛАРИ

 

Ой ўртасида – иш ҳақи ҳисоб-китоб қилингунига қадар, бинобарин, ЖШДС ҳисоб-китоби учун база олиш имкониятига эга бўлмасдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини харид қилишга ЭКИҲнинг 12 бараваридан кўп моддий ёрдам ҳисоблаётган ва бераётганда, ушбу операцияни ЖШДС бўйича солиқ ҳисоботида қандай акс эттириш керак?

 

Расшифровкада (2-кичик устунда) сиз моддий ёрдам ҳисоблаб ёзилган сана (ходим унга ҳуқуқ олган сана) – буйруқ санасини қайд этасиз. Расшифровканинг 3-кичик устунида солиқ солинадиган моддий ёрдам суммаси кўрсатилади. Маблағлар олинишини 6-кичик устунда тўлиқ акс эттирасиз, 7-кичик устунда эса ЭКИҲнинг 12 бараваридан кўп, яъни солиқ солинадиган суммани кўрсатасиз.

 

Ходим моддий ёрдамни қандай сарфлаганини ҳужжат билан тасдиқлаши керакми?

 

Берилган моддий ёрдам сарфланишини ҳужжат билан тасдиқлаш Солиқ кодексида талаб қилинмаган.

 

Агар ходимга бир вақтнинг ўзида 2 та моддий ёрдам тўланса, икковига ЖШДС солинмайдими?

 

Моддий ёрдамнинг қандай турлари тўғрисида сўз бораётганлиги унчалик тушунарли эмас. Солиқ кодексининг 179-моддасига кўра солиқ солишдан озод қилиш тарзида моддий ёрдам бўйича қуйидаги имтиёзлар мавжуд:

фавқулодда ҳолатлар муносабати билан бериладиган тўловлар – тўлиқ;

вафот этган ходимнинг оила ­аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган тўловлар – ЭКИҲнинг 12 бараваригача;

бошқа ҳолларда – солиқ даври учун ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорда.

Шу тариқа, агар ходим оила аъзосининг вафоти муносабати билан ва картошкага моддий ёрдам олса, ушбу суммаларнинг ҳар бири бўйича ЭКИҲнинг 12 баравари доирасида имтиёз қўлланади (яъни тўланиши мумкин бўлган имтиёзларнинг энг юқори суммаси – ЭКИҲнинг 24 баравари). Агар фавқулодда ҳолатлар муносабати билан ва иккинчиси – даволанишга моддий ёрдам назарда тутилса, биринчи суммага имтиёз тўлиқ қўлланади, иккинчисига эса (даволанишга) – ЭКИҲнинг 12 бараваригача. Агар ходим «бошқа ҳолларда» гуруҳига кирадиган 2 та моддий ёрдам олса, имтиёзнинг энг юқори суммаси – улар сонидан қатъи назар ЭКИҲнинг 12 баравари.

Шуни ёдда тутиш лозимки, имтиёзларни ҳисоблаётганда 1 январдаги ҳолат бўйича ЭКИҲ қабул қилинади.

 

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-иловага:

пенсияга чиқиш муносабати билан ишдан бўшатишда бир марталик моддий ёрдам;

нормадан ортиқча суткалик пуллар киритиладими?

Уларнинг қайсиларига ЯИТ ва Пенсия жамғармасига мажбурий бадаллар ҳисобланади?

Нима учун таътилга чиққан ва соғлиғини тикламоқчи бўлган ходимга берилган даволаниш учун моддий ёрдам Солиқ кодексининг 179-моддасига кўра «бошқа ҳол» деб ҳисобланмайди?

 

«Пенсияга чиқиш муносабати билан ишдан бўшатишда бир марталик моддий ёрдам» тушунчаси мавжуд эмас. Чамаси, корхона ходимга меҳнат шартномаси бекор қилинганида солиқ оқибатларисиз ЭКИҲнинг 12 баравари миқдори доирасида тўлайдиган ишдан бўшатиш нафақаси тўғрисида (Солиқ кодекси 179-моддасининг 20-банди) сўз бормоқда. Агар у ишдан бўшатиш нафақаси бўлмай, балки самарали иш якунлари бўйича мукофот бўлса, мукофот суммасига умумбелгиланган тартибда солиқ солинади.

Қонун ҳужжатлари билан белгиланган нормалардан ортиқча суткалик пулларга Солиқ кодексининг 175-моддаси бўйича жисмоний шахснинг даромади сифатида солиқ солинади.

Кўрсатилган барча даромадларга ЯИТ ва Пенсия жамғармасига мажбурий бадаллар солинади. Агар мазкур сумма бир марталик мукофот бўлса, биринчи ҳолатда ЯИТ ва суғурта бадаллари солинади.

Чегирилмайдиган харажатларга келсак, иккинчи ҳолатда корхона харажатлари (нормалардан ортиқча суткалик пуллар) уларнинг таркибига киритилади.

Агар ходим тегишли ариза ёзган ва мазкур ҳол корхонанинг жамоа шартномасига киритилган норма бўлмаса, Солиқ кодексининг 179-моддасига кўра, таътилга чиққан ва соғлиғини тиклашга қарор қилган ходимга даволаниш учун берилган моддий ёрдам «бошқа ҳол» ҳисобланади.

 

ЧЕТ ЭЛЛИКЛАР МЕҲНАТГА ЖАЛБ ЭТИЛСА

 

Корхонада Меҳнат вазирлигининг лицензияси бўйича чет эл фуқаролари ишлайдилар. Чет элликларнинг иш ҳақидан ЎзР Солиқ кодексига кўра 20% даромад солиғи ушланади. Кўринадики, чет элликларнинг даромадларига даромад солиғи шкаласи бўйича ҳам, энг юқори ставкада ҳам солиқ солинмайди. Чет элликлар даромадлари суммаларини ҳисобот (ЖШДС бўйича маълумотлар) топшираётганда маълумотларнинг қандай сатрига киритиш керак?

 

Солиқ ҳисоботининг амалдаги шаклларида даромадлар икки тоифага бўлинади: асосий ва асосий бўлмаган иш жойи бўйича. Шу тариқа, чет эллик ўриндош бўлиш-бўлмаслигига боғлиқ ҳолда унинг даромади тегишли сатрда акс эттирилади.

 

Ўзбекистон норезидентлари учун даромад солиғининг қандай ставкалари белгиланган?

 

Солиқ кодексининг 19-моддасида ким ва қандай ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг резиденти деб эътироф этилиши белгиланган. Тегишинча, Ўзбекистон норезидентларига кўрсатилган моддада саналган мезонларга жавоб бермайдиган шахслар киритилади.

ЎзР норезидентлари учун ЖШДС ставкалари Солиқ кодексининг 182-моддаси билан белгиланган:

дивидендлар ва фоизларга – 10%;

Солиқ кодекси 155-моддаси учинчи қисмининг 9-бандига мувофиқ белгиланадиган халқаро ташишларда транспорт хизматлари кўрсатишдан олинадиган даромадларга (фрахтдан олинадиган даромадларга) – 6%;

меҳнат шартномалари (контрактлари) ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича олинган даромадларга ва юқорида кўрсатилмаган бошқа даромадларга – 20%.

Жисмоний шахс – Ўзбекистон норезидентининг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромадларига тўлов манбаида чегирмаларсиз солиқ солинади. Тўлов манбаида солиқ солиш тўлов республика ҳудудида ёки унинг ҳудудидан ташқарида содир этилганлигидан қатъи назар амалга оширилади.

Шуни ҳам ёдда тутиш лозимки, ЎзР норезидентларининг МҲТФдан корхона белгиланган ставкада ЯИТ ҳам тўлайди.

Давоми бор.

Прочитано: 7594 раз(а)

Комментарии к статье (2)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2019-11-15 11:24:08, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2020-09-12 15:19:11, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика