ЯСТ тўловчи корхона 2014 йил декабрида жисмоний шахсдан 6 ой муддатга нотурар жойни ижарага олди. Ойлик ижара ҳақи (ижара шартномасига кўра) 700 000 сўмни ташкил қилади. Декабрда бухгалтерия ЖШДСни 7,5%лик ставкада (700 000 х 7,5% = 52 500 сўм) ҳисоблади, январда 8,5%лик ставкада ЖШДС (700 000 х 8,5% = 59 500 сўм) ҳисобланган. Жисмоний шахсга декабрь (2014 йил) – январь (2015 йил) учун даромад ва бюджетга ҳисобланган солиқ ҳақиқатда 2015 йил январда тўланган: 1 288 000 сўм – жисмоний шахснинг даромади ва 112 000 сўм – ЖШДС. Солиқ кодексининг 181-моддасига кўра мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга белгиланган энг кам ставкада жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.
Агар декабрь ва январь учун тўлов ҳақиқатда январда амалга оширилган бўлса, 2014 йил декабри ва 2015 йил январи учун мол-мулк ижарасидан ЖШДС қандай белгиланган энг кам ставкада ушланиши ва ўтказилиши керак?
С.Морозов,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари таркибига мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар киради (Солиқ кодексининг 176-моддаси) ва уларга жисмоний шахсларнинг тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадларига белгиланган энг кам ставка бўйича солиқ (ЖШДС) солинади (Солиқ кодексининг 181, 184-моддалари).
Тўлов манбаида солиқ солиш солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда солиқ агентлари томонидан амалга оширилади. ЖШДС эса даромадлар ҳақиқатда тўланаётганда ушлаб қолинади (Солиқ кодексининг 185-моддаси). Бунда ҳисоблаб чиқарилган ЖШДС суммаси бюджетга пул маблағларини олиш учун хизмат кўрсатувчи банкка ҳужжатларни тақдим этиш билан бир вақтда тўланади (Солиқ кодексининг 188-моддаси).
Масалага жисмоний шахснинг даромадини эътироф этиш пайтини белгилаш позициясидан қаралганда шуни таъкидлаш лозимки, Солиқ кодексининг 39-моддасига мувофиқ солиқ тўловчиларнинг даромадлари ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун улар бўйича тегишли чегирмалар тўлов тўланган вақт ва пул келиб тушган санадан қатъи назар, яъни ҳисоблаб ёзиш усули бўйича улар тааллуқли бўлган ҳисобот даврида акс эттирилади.
Солиқ кодексининг 3-моддасида белгиланишича, солиқ солиш солиқ мажбуриятлари юзага келган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Юқорида кўрсатилганлардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, сиз 2014 йил декабри учун 7,5%лик ставкада, 2015 йил январи учун эса 8,5%лик ставкада, яъни жисмоний шахсда мулкий даромад вужудга келган пайтда амал қилган ЖШДСнинг энг кам ставкаларида ЖШДСни тўғри ушлагансиз. Бунда 2014 йил декабри учун жисмоний шахс даромадини ҳисоблаш ва ундан ЖШДСни ушлаш 2014 йил учун ЖШДС бўйича ҳисоботда акс эттирилиши керак. Тегишинча, 2015 йил январи учун даромадни ҳисоблаш ва ундан ЖШДСни ушлаш 2015 йил I чораги учун ЖШДС бўйича ҳисоботда акс эттирилади. Амалда 2 ой учун даромадни тўлаш 2015 йил январда амалга оширилиб, ушланган ЖШДС ҳисобга олинади ва банкка тўлов ҳужжатларини тақдим этган вақтда тўланади. Шу тариқа, сиз солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг барча талабларига риоя этгансиз.
Ирина АХМЕТОВА,
экспертимиз.