2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сон Қонуннинг 4-моддаси 46-банди билан Солиқ кодексининг 375-моддасига киритилган ўзгартишга биноан якка тартибдаги тадбиркорларга муайян имтиёз берилди.
Касб-ҳунар коллежи битирувчиси бу имтиёздан фойдаланиш учун қайси йилда ўқишни тамомлаган бўлиши керак: 2015 йилдами ёки охирги 3 йиллик даврдами? Бу имтиёзни қўллаш учун қайси ҳужжат асос бўлиб хизмат қилади?
Б.Юсупов.
– Дарҳақиқат, «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (4.12.2014 йилдаги ЎРҚ-379-сон, кейинги ўринларда – Қонун) 4-моддасининг 46-бандига биноан Солиқ кодексининг 375-моддаси бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилган. Хусусан, олтинчи қисм қуйидаги мазмунда баён этилган:
«Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолият тугатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланади».
Қонуннинг 4-моддаси 46-банди 2015 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
МИСОЛ. Фуқаро касб-ҳунар коллежини, айтайлик, 2014 йил 30 июнда битирган бўлса, ва Қонун 4-моддасининг 46-банди кучга киргандан кейинги даврда, бироқ коллежни тамомлагандан кейин 12 ой ўтмаган ҳолда якка тартибдаги тадбиркор (кейинги ўринларда – ЯТТ) сифатида давлат рўйхатидан ўтса, у рўйхатдан ўтган шу санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан 6 ой муддатга озод этилиши керак. Аниқроқ қилиб айтсак, агар 2014 йил 30 июнда коллежни битирган шахс 2015 йил 1 январдан 30 июнь куни охиригача бўлган даврда ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, унга нисбатан мазкур солиқ имтиёзи татбиқ этилади. Бироқ айнан шу шахс ЯТТ сифатида 2015 йилнинг 1 июлида ва ундан кейин рўйхатдан ўтган бўлса, унга имтиёз қўлланилмайди. Ўз навбатида, касб-ҳунар коллежини 2015 йил ва ундан кейинги йилларнинг муайян санасида битирган шахс шу санадан бошлаб 12 ой мобайнида ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтса, юқоридаги имтиёз унга нисбатан рўйхатдан ўтган кунидан бошлаб 6 ой давомида амал қилади. Бу имтиёзни қўллаш учун, табиийки, коллежнинг битирувчисига берилган диплом асос бўлади. Шунинг учун имтиёздан фойдаланиш мақсадида у тегишли солиқ органига дипломнинг нусхасини илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилиши мақсадга мувофиқдир.
Демак, агар касб-ҳунар коллежининг битирувчиси ушбу Қонун 4-моддасининг 46-банди кучга киргандан кейин, лекин ўқишни тугаллаган кунидан бошлаб ЯТТ сифатида давлат рўйхатидан ўтган санагача 12 ой ўтиб кетган бўлса, унга нисбатан юқорида айтиб ўтилган имтиёз қўлланилмайди.
Камол МУЗАФФАРОВ,
эксперт-юристимиз.