Россия Давлат думаси жисмоний шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган янги солиқ тўғрисидаги кўпдан буён баҳс мавзуси бўлиб келаётган масалага ниҳоят нуқта қўйиб, солиқни модернизация қилиш ва уни кадастр қийматига ўтказиш ҳақида қонун қабул қилди.
Бу ҳужжатга кўра солиқ тўловчиларнинг харажати анчагина ошадиган кўринади. Зотан, кўчмас мулкнинг кадастр қиймати имкон қадар бозор баҳосига яқинлашиб қолган. Илгариги, инвентаризация қиймати бўйича ҳисобланиладиган солиқ ҳозиргисидан бир неча баробар кам бўлиши мумкин.
Бундай қиймат Техник инвентаризация бюроси томонидан бинонинг қурилиш вақтидаги қийматини ва уйнинг ишлатилиш, путурдан кетиш даражасини инобатга олган ҳолда белгиланар эди. Кадастр қиймати эса уй-жойнинг тижорий хусусиятини, яъни кўчмас мулкнинг жойлашув манзили ва табақаланувига таянади. Шу сабабли ҳам, бундай қиймат бозор баҳосига тенглашиб қолмоқда ҳисоб.
Илгари солиқ ставкаси 0,1–2 фоиз атрофида бўлар эди. Кадастр қийматига ўтилгач, солиқ ставкаси турфа хил бўлиб қолади. Уй ва турар жойлар, машина қўйиладиган жой ва гаражлар, қуриб битказилмаган уй учун бу ставка 0,1, бошқа бино ва иншоотлар учун 0,5, нархи 300 млн рублдан ошадиган мол-мулк учун 2 фоизни ташкил этади.
Муниципалитетларга таянч ставкани 0,3 фоизга оширишга ёки муайян тоифадаги солиқ тўловчилар учун солиқ бобида имтиёзлар жорий этишга ижозат этилади. Мол-мулк солиғи бўйича амалдаги имтиёзлар сақланиб қолади. Бироқ бундай имтиёзлар солиқ тўловчига кўчмас мулкнинг (квартира, хусусий уй, машина қўйиладиган жой) ҳар бир турида фақат битта объект бўйича берилади.
Экспертлар якдиллик билан таъкидлашларича, россияликларнинг аксарияти учун солиқ юки бир неча марта ошиб кетади. Айниқса, инвентаризация қиймати паст кўчмас мулкка (эски, анча путурдан кетаёзган, баҳолаш 10–20 йил муқаддам ўтказилган уйларга) эга бўлганларга, агар бу кўчмас мулк юқори кадастр қиймати билан белгиланган, яъни қимматбаҳо ерда, шоҳона деб юритиладиган жойларда жойлашган бўлса, анча жабр бўладиган бўлди. Баъзи объектларнинг кадастр қиймати инвентаризация қийматидан юз ва ҳатто минг баробар ошиб кетиши мумкин.
Бугунги кунда фойдаланишга топширилаётган янги биноларнинг инвентаризация қиймати бозор баҳоси даражасига чиқиб олди деса бўлади. Бинобарин, бундай кўчмас мулк соҳибларининг солиқ юки унча ошмайди.
Янги қонунда 2020 йил 1 январга қадар ўтиш даври назарда тутилмоқда. Ана шу вақт мобайнида минтақалар солиқларни янгича ҳисоблашга ўтиладиган ягона санани тайинлашлари лозим.
БУ БОРАДА ЎЗИМИЗДА НИМА ГАП
Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ объектига турар жойлар, квартиралар, дала ҳовли қурилмалари, гаражлар ва бошқа иморатлар, республика ҳудудида жойлашган бинолар, иморатлар киради. Солиқ солиш объектларининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан белгиланадиган инвентаризация қиймати тўловчилар учун солиқ солинадиган базадир. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини баҳолаш бўйича ваколатли орган томонидан аниқланган солиқ солиш объектининг баҳоси мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкнинг қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган шартли қиймати солиқ солинадиган базадир (Солиқ кодексининг 247-моддаси).
Президентимизнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарори билан бу йил жисмоний шахсларнинг мол-мулкига қуйидаги солиқ ставкалари (19-илова) белгиланган: турар жойлар, квартиралар (умумий майдони 200 кв.м га қадар), дала ҳовли қурилмалари, гаражлар ва бошқа иморатлар – инвентаризация қийматига 1,3%;
саҳни 200 кв.м дан 500 кв.м гача бўлган турар жойлар ва квартиралар – 1,6%;
саҳни 500 кв.м дан ошиқ бўлган – 2,2% миқдорида.
Инвентаризация қиймати бўлмаган тақдирда, солиқ шартли қийматдан ундирилади. Шартли қиймат бу йил Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 20 328 минг сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда – 8 833 минг сўмни ташкил этади.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, мол-мулкка солинадиган солиқни тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномасини солиқ органлари сизга 1 майдан кечиктирмай маълум қилиши шарт. Унда кўрсатилган сумма жорий йилнинг 15 октябрига қадар тўланмоғи керак (Солиқ кодексининг 277-моддаси).
Ўз ахборотимиз.