Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 9 / Хўжалик юритиш қоидалари

Суғуртада франшиза

Хўжалик юритувчи субъектлар кўпинча хатарларни имкони борича камайтириш, банкдан кредит олиш ва бошқа сабабларга кўра ўз мол-мулкларини суғурталашларига тўғри келади. Суғурта шартномасининг муҳим шарти, суғурта суммаси ва суғурта мукофотидан ташқари, франшиза ҳисобланади. Шартномани ўрганаётганда суғурта франшизаси шартларига албатта эътибор қаратиш лозим, чунки у суғурталовчи қоплайдиган зарарнинг бир қисми ҳисобланмайди, шу тариқа суғурта қилдирувчининг хатарда иштирок этиш даражасини белгилайди. Суғурта шартномасида франшиза тўғри қўлланилганда корхона суғурта шартномаси бўйича анча миқдордаги ўринсиз тўловлардан халос бўлиши мумкин.

Бугун биз амалиётдан олинган мисоллар ёрдамида суғурта шартномасида франшизани қўллашнинг асосий шартларини очиб беришга ҳаракат қиламиз. Уларни билсангиз, хатарлар ва корхонангиз фаолият туридан келиб чиқиб энг мувофиқ шартларни танлай оласиз.

 

Бизнес соҳаси учун суғурта хизматлари кўрсатишнинг ягона талаблари ва стандартлари тўғрисида низомга (молия вазирининг АВ томонидан 28.01.2009 йилда 1891-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) мувофиқ франшиза – суғурта шартномасида назарда тутилган, суғурталовчи томонидан қопланмайдиган суғурта қилдирувчи зарарларининг бир қисми. Франшиза ҳам суғурта суммасидан фоизлар кўринишида, ҳам аниқ суммада ўрнатилиши ҳамда шартли ва шартсиз бўлиши мумкин. Суғурта шартномасида вақтинча франшиза ҳам белгиланиши мумкин, у муайян муддатга белгиланади, бу муддат мобайнида кўрилган зарарлар қопланмайди.

 

Шартли франшиза суғурталовчини суғурта шартномасида аниқ ёки суғурта суммасидан фоизларда кўрсатилган франшиза билан белгиланган миқдордан кўп бўлмаган зарар учун жавобгарликдан озод қилади. Агар етказилган зарар франшизадан ошса, суғурталовчи суғурта қопламини тўлиқ тўлаши, қилинган таъкидга эътибор қаратмаслиги шарт.

 

1-МИСОЛ. Суғурта шартномасида 1% ёки 1 000 000 сўм шартли франшиза назарда тутилган. Суғурта суммаси – 100 млн сўм (100%). Мол-мулкка етказилган зарар 800 000 сўмни (0,8%) ташкил этди. У франшиза суммасидан камлиги сабабли суғурта компанияси суғурта қопламини тўламайди.

 

2-МИСОЛ. Суғурта шартномаси 1% ёки 1 000 000 сўм шартли франшизани, 100 млн сўм (100%) суғурта суммасини назарда тутади. Корхона мол-мулкига етказилган ҳақиқатдаги зарар 1 500 000 сўмни (1,5%) ташкил қилди. У франшиза суммасидан ошиши сабабли суғурта компанияси 1 500 000 сўм тўлаб, уни тўлиқ қоплаши керак.

 

Шартсиз франшиза қатъий тарзда, ҳеч қандай шартларсиз қўлланади. У ҳам суғурта шартномасида суғурта пули суммаси ёки фоизи тарзида кўрсатилади ва суғурта қоплами суммасидан чегирилади. Агар зарар суммаси шартсиз франшизадан кам ёки унга тенг бўлса, суғурта компанияси уни қопламайди.

 

3-МИСОЛ. Суғурта шартномасида зарар суммасидан 1% ёки 1 000 000 сўм шартсиз франшиза назарда тутилган. Корхона мол-мулкига етказилган ҳақиқатдаги зарар 2 500 000 сўмни ташкил этди. Мазкур ҳолда суғурта қоплами 1 500 000 сўмни (2 500 000 – 1 000 000) ташкил этади.

Агар ҳақиқатдаги зарар, масалан, 900 000 сўмни ташкил этганда, бу эса шартсиз франшизадан кам, шартномага кўра, бунда сиз суғурта қопламини олмас эдингиз.

 

Суғурта шартномаларида кам учрайдиган вақт кўринишидаги франшизада (вақт франшизаси), агар суғурта ҳолатининг бошланишига олиб келиши мумкин бўлган таъкидланган ҳолатнинг амал қилиши белгиланган муддатларда юз берса, суғурта қоплами тўланмайди. У вақт бирликларида ўлчанади.

 

4-МИСОЛ. Суғурта шартномаси уни қўллаш муддати 60 календарь кун бўлган вақт франшизасини белгилайди. Агар суғурта ҳолати у тузилган пайтдан бошлаб 60 календарь кун мобайнида юз берса, суғурта компанияси зарарни қопламайди.

 

Кўпинча мол-мулк суғуртаси чоғида шартсиз франшизадан фойдаланилади. Унинг миқдори қанча катта бўлса, суғурта шартномаси бўйича мукофот шунча кичик бўлади. Бу суғурта компанияси қўллайдиган хатарлар лимити билан боғлиқ. Катта франшиза корхона жиддий хатарга учраганда, шунингдек суғурталанган мол-мулк шикастланишидаги майда хатарларни ўз зиммасига олиш ва улар билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш, шунингдек суғурта мукофотида тежашга тайёрланган чоғида фойдалидир.

 

Суғурта шартномасида франшизанинг мавжудлиги ижобий жиҳатларга эга.

Биринчидан, у суғурта пулини арзонлаштириш имконини беради, чунки франшиза миқдори бевосита суғурта мукофоти миқдорига таъсир кўрсатади. Улар ўртасида қайтар боғлиқлик кузатилади: франшиза қанча юқори бўлса, суғурта мукофоти шунча кам бўлади ва аксинча. Ушбу нозик жиҳатдан суғурталашдан корхона эмас, балки гаровга олувчи банк кўпроқ манфаатдор бўлган ҳолатларда гаровга қўйилган мол-мулкни суғурталашда фойдаланиш мумкин. Ушбу ҳолда энг кўп франшиза ёрдамида суғурта харажатларини имкони борича камайтиришга эришилади.

Иккинчидан, суғурта компаниясини майда нарсалар билан безовта қилиш зарурати йўқолади. Зеро мазкур ҳолда франшиза суғурталовчини арзимас зарар суммаси билан кўплаб мурожаатлардан ҳимоя қилувчи ўзига хос тўсиқ сифатида майдонга чиқади. Сиз 500 млн сўмга конвейер ишлаб чиқариш линиясини суғурталадингиз, дейлик. Шартномада франшиза йўқлиги суғурталовчига ҳар қандай, ҳатто энг арзимас зарар кўрган чоғида тўловлар учун суғурта компаниясига мурожаат қилиш ҳуқуқини беради. Бундай мурожаатлар суғурталовчининг қўлини олади. Бунинг устига мурожаатни кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлар қоплам суммасидан кўп бўлиши мумкин. Шу сабабли суғурта компаниясига франшизали шартнома тузиш, бироқ камроқ суғурта мукофотини талаб қилиш фойдалироқ.

 

Ўзбекистоннинг фуқаролик қонун ҳужжатларида суғурта франшизаси тартибга солинмаган. Уни қўллаш имконияти шартнома эркинлиги қоидасига асосланган, франшиза тўғрисидаги шартнинг ўзи эса суд амалиётида иш муомаласи одати сифатида қабул қилинади. Суғурта шартномаларининг кўпчилигида франшиза таърифи мавжуд эмас. Бироқ, агар шартномада франшиза ва унинг миқдори юзасидан битимга эришишни тасдиқлайдиган сўз ва иборалар мавжуд бўлса, судлар тўлов миқдорини уни ҳисобга олган ҳолда белгилайдилар. Бунда ушбу атамани айтишнинг ўзи етарлидир.

Хулоса ўрнида франшиза суғурта шартномаси тарафлари хатарларининг ўзига хос шкаласи ҳисобланади дейиш мумкин. Бу эса ўз навбатида суғурта мукофотига ҳам, суғурта тўловига ҳам таъсир кўрсатади. Шу сабабли суғурта агенти сизга шубҳалантирадиган даражадаги арзон суғуртани таклиф қилса, шартнома қандай франшизани тақозо этишини ундан сўраб билинг. У анча оширилган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас, суғурта пулининг ўзи эса корхона учун бефойда бўлади. Агар суғурта шартномасини тузишингизга тўғри келса, шуни назарда тутинг.

 

Дониёр ИБРОҲИМОВ,

«Victory Yurconsalt» МЧЖ юрисконсульти.

Прочитано: 4304 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика