Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 9 / 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

Буларнинг барчаси сиз учун

Бугунги кунда бизнес, ижтимоий соҳа, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини, сиёсат, маданият, фан – умуман жамиятимиз ҳаётини аёлларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Уларнинг оиладаги ўрни, болалар тарбиясидаги роли беқиёсдир.

Давлатимиз томонидан аёлларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни юксак баҳоланиб, уларга турли имтиёзлар тақдим этилмоқда.

Муҳтарама аёллар, 8 март арафасида сизларга тақдим этилган солиқ имтиёзлари ҳақида эслатиб ўтмоқчимиз.

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ДАРОМАД СОЛИҒИ БЎЙИЧА

Корхона томонидан йилига ЭКИҲнинг 6 бараваригача (2015 йилда – 710 400 сўм) қийматда ходималарга байрам муносабати билан натура шаклида, шунингдек илгари корхона ходимлари бўлган ишламаётган пенсионер аёлларга берилган совға ва бошқа ёрдам турларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС) солинмайди (Солиқ кодексининг (Кодекс) 179-моддаси 14-банди).

Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, МХХнинг аёл ҳарбий хизматчилари, ички ишлар органлари ҳамда божхона органларининг оддий хизматчилари ва бошлиқлари таркибига кирувчилар, шунингдек ўқув ёки синов йиғинларига чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар – хизматни ўташ (хизмат вазифаларини бажариш) муносабати билан олган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар суммалари бўйича даромадлари ЖШДСдан тўлиқ озод қилинади (Кодекснинг 180-моддаси биринчи қисмининг 6-банди).

Конституциявий суднинг, умумий юрисдикция судларининг ва хўжалик судларининг аёл судьялари, шунингдек прокуратура органларининг мансаб даражаларига эга бўлган ходималари – уларнинг хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган даромадларига ҳам ЖШДС солинмайди (Кодекснинг 180-моддаси биринчи қисмининг 7-банди).

Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияси бўлган аёл ижрочилар – ушбу фаолиятдан олинган даромадлари бўйича ЖШДС тўлашдан озод қилинади (Кодекснинг 180-моддаси биринчи қисмининг 8-банди).

Қуйидаги аёллар ҳар бир ой учун ЭКИҲнинг 4 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича ЖШДСдан озод қилинади: «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлганлар, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланганлар; уруш ногиронлари ва қатнашчилари (шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар); болаликдан ногирон бўлиб қолганлар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари; ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг оналари ва бева хотинлари; икки ва ундан ортиқ 16 ёшга тўлмаган болалари бор ёлғиз оналар; икки ва ундан ортиқ 16 ёшга тўлмаган болалари бор ва боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олмайдиган бева аёллар; болалигидан ногирон бўлган, доимий парваришни талаб қиладиган фарзандини тарбиялаётган оналар (Кодекснинг 180-моддаси иккинчи қисми).

Мазкур имтиёз вужудга келган пайтдан эътиборан аёлнинг асосий иш (хизмат) жойи бўйича, асосий иш жойи бўлмаган тақдирда – яшаш жойидаги солиқ органларига жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация топширилганда қўлланилади. Имтиёз фоизлар ва дивидендлар тарзида олинган даромадларга ҳамда мол-мулкни ижарага топширишдан олинган даромадларга ҳам татбиқ этилади.

Меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган аёлларнинг (масалан, белгиланган рўйхатга кўра арматурачи, ғишт терувчи ва бошқалар) даромадларидан ЖШДС олиш даражаси 20%дан ошмаслиги лозим (Кодекснинг 181-моддаси). Мазкур тартиб аёлларнинг ушбу шароитлардаги ишларига боғлиқ меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадларига татбиқ этилади.

 

МОЛ-МУЛК СОЛИҒИ БЎЙИЧА

«Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган аёллар, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланганлар; уруш ногиронлари ва қатнашчилари (шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар), ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оналари ва бева хотинлари эгалигида бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотларга жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича имтиёзга эга бўладилар. Уларга тегишли бўлган мол-мулк объектининг фақат биттасига солиқ солинмайди.

10 нафар ва ундан ортиқ болалари бор аёллар, пенсионерлар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари эгалигидаги мол-мулкнинг фақат битта объекти (мулкдорнинг танлашига биноан) майдонининг 60 кв.метри учун солиқ тўлашдан озод этиладилар.

Бироқ мол-мулкдан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилганда ёхуд у юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда мазкур имтиёз қўлланилмайди (Кодекснинг 275-моддаси).

 

ЕР СОЛИҒИ БЎЙИЧА

«Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган аёллар, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланганлар; уруш ногиронлари ва қатнашчилари (шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар); шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари, ер участкаларига эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижарага бериш ҳуқуқи мавжуд бўлган тақдирда, ер солиғини тўлашдан озод қилинадилар.

Мазкур имтиёз ёлғиз пенсионерларга (яъни ёлғиз ёки вояга етмаган болалари, ногирон боласи билан алоҳида уйда бирга яшовчи пенсионерлар) ҳамда боқувчисини йўқотган кўп болали оилаларга (масалан, турмуш ўртоғи вафот этган, 16 ёшга тўлмаган 5 та ва ундан ортиқ болалари бўлган аёллар) ҳам тақдим этилади.

Ушбу имтиёз якка тартибдаги уй-жой қурилиши ёки деҳқон хўжалиги юритиш учун берилган ер участкаларига (кўп болали оилалар бундан мустасно) бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказишда ҳамда солиқ тўловчининг танлаши бўйича фақат битта ер участкасига берилади (Кодекснинг 290-моддаси).


Ирина АХМЕТОВА, 

экспертимиз.

Прочитано: 3635 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика