Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 7 / Божхона

Сертификатлашдан кейинги божхонадан ўтказиш

 

7 йилдирки, биз ҳар 3-4 ойда мунтазам равишда тиббий мақсаддаги буюмларни (ТМБ) олиб кирамиз. Саволларимизга батафсил жавобларни олишни истардик.

1. ТИФ ТН коди 3304 бўлган, ТМБга тааллуқли импорт товарни божхонадан ўтказиш тартиб-таомилларини амалга оширишнинг белгиланган муддати борми? Етказиб берувчилар – МДҲ мамлакатлари, хусусан, Украина. Баъзида Европадан ҳам олиб келамиз. Бу меъёрлар қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган?

2. Сертификатлаштириш муддатлари 30 кунгача чўзилиб кетади, шунда биз товарларни божхонада расмийлаштира олмай қоламиз. Текширувчи органлар томонидан сертификат-хулосаларни беришнинг муддатлари қайси норматив ҳужжатларда кўрсатилган? Божхона кодекси ёки бошқа қонун ҳужжатларида бу масалага оид тушунтиришлар борми?

3. Нусхаларни танлаб олишда қанча миқдори (донаси) йиғимга ва қандай лаборатория тажрибалари учун олинишини кўрсатадиган аниқ нормативлар борми? Ҳар сафар биздан мувофиқлик сертификати ва санитария-эпидемиологик хулосаси учун турли хил миқдорда, ўртача олганда 6-8 донадан нусхалар олинади. 

 

– Божхона органига Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ товарларни чиқариб юбориш учун зарур бўлган лицензиялар, сертификатлар, бошқа давлат органларининг рухсатномаларини тақдим этиш товарларни чиқариб юбориш учун асос бўладиган шартлардан бири ҳисобланади. Шундай ҳужжатларнинг товарлар чиқариб юборилганидан кейин тақдим этилиши истисно ҳоллардан ҳисобланади (БКнинг 271-моддаси).

Улар Президентнинг «Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (12.12.2018 йилдаги ПҚ-4059-сон) билан белгиланган. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига мувофиқлик сертификатини тақдим этмаган ҳолда уни божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб 2 ой давомида ўрнатилган тартибда олиш шарти билан божхона ҳужжатларини расмийлаштиришга йўл қўйилади.

3304 ТИФ ТН коди остидаги товарлар (косметика воситалари ёки макияж ва терини парваришлаш учун ишлатиладиган воситалар (дориворларидан ташқари), шу жумладан, офтобдан қораймаслик ёки қорайиш учун воситалар, маникюр ёки педикюр учун ишлатиладиган воситалар) Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхатига киритилган (ВМнинг 28.04.2011 йилдаги 122-сон қарорига 1-илова). Бу эса товарлар сертификатлаштирилгани тўғрисидаги тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда божхона органи уларни эркин муомалага чиқара олмаслигини англатади.

Маҳсулотларни сертификатлаштиришнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини, шунингдек сертификатлаштириш иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Қонун белгилаб беради.

Қонунда мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотларни республикага етказиб бериш учун тузиладиган контрактлар (шартномалар) шартида маҳсулотларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи, «Ўзстандарт» агентлиги томонидан берилган ёки эътироф этилган мувофиқлик сертификатлари ва мувофиқлик белгилари бўлиши назарда тутилиши керак.

Миллий мувофиқлик сертификатлари ва мувофиқлик белгилари ёки бошқа давлатларнинг «Ўзстандарт» агентлиги томонидан эътироф этилган мувофиқлик сертификатлари ва мувофиқлик белгилари БЮД билан биргаликда аризачи (маҳсулот етказиб берувчи) томонидан божхона органларига тақдим этилади ҳамда ушбу ҳужжатлар маҳсулотни тегишли божхона режимига жойлаштириш учун асос бўлади.

Олиб кирилаётган маҳсулотнинг хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган тақдирда, божхона органлари уни сертификатлаштиришдан ўтказиш тўғрисидаги масала ҳал этилгунига ёки чет эл сертификати миллий сертификатлаштириш тизими қоидаларига мувофиқ эътироф этилмагунига қадар бундай маҳсулотни тегишли божхона режимига жойлаштиришга йўл қўймайди, бундан вақтинча сақлаш ва божхона омбори божхона режимлари мустасно (Қонуннинг 14-моддаси).

 

Сертификатлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари

Олиб кириладиган маҳсулотни сертификатлаштириш тартиб-таомилларининг набватлилиги Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 6.07.2004 йилдаги 318-сон қарори) белгиланган. Низомнинг амал қилиши мажбурий ва ихтиёрий сертификатлаштиришга татбиқ этилади.

Сертификатлаштиришни «Ўзстандарт» агентлиги томонидан аккредитация қилинган сертификатлаштириш органи ташкиллаштиради ва ўтказади. Аризачи уни мустақил равишда ўзи танлайди.

Сертификатлаштириш тартиботи, қоидага кўра, Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ 2 босқичда амалга оширилади. Бу сизнинг ҳолатга ҳам тааллуқлидир.

Биринчи босқич бир вақтнинг ўзида, заруриятга кўра, ветеринария ва фитосанитария хулосалари тегишли равишда давлат ветеринария назорати ва ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати органларида расмийлаштирилган ҳолда «Ўзстандарт» агентлиги томонидан аккредитация қилинган тегишли хулоса расмийлаштирилишини ўз ичига олади. Бунда тадбиркорлик фаолияти субъекти санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш учун ариза билан биргаликда белгиланган тартибда аккредитация қилинган сертификатлаштириш органларига мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш юзасидан ариза беришга ҳақлидир.

Иккинчи босқич – сертификатлаштириш органлари томонидан мувофиқлик сертификати бериш ҳисобланади.

Бинобарин, ёзишингизга қараганда, 7 йил давомида мунтазам равишда МДҲ мамлакатларидан маҳсулот олиб келар экансиз. Экспортёр корхона томонидан мувофиқлик сертификатини бериш тўғрисидаги бандни ташқи савдо битимига киритишингизни тавсия этамиз.

 

Маълумот учун. Сертификатлаштириш органи эътироф этиш тўғрисида битим тузилган МДҲ мамлакатларидан ва узоқ хорижий мамлакатлардан олиб келинадиган маҳсулотга сертификатларни эътироф этиш ҳуқуқига эга.

Сертификат талабларга мувофиқ бўлган, мамлакатимизда белгиланган ана шундай талаблардан қолишмайдиган маҳсулот учун ­эътироф этилади.

Норматив ҳужжатларда сертификатлаштириш учун шарт бўлган ёки контрактда белгиланган қўшимча талаблар мавжуд бўлган тақдирда маҳсулот ушбу талабларга мувофиқлик юзасидан синаб кўрилиши керак.

Олинган ҳужжатлар ва материалларни таҳлил қилиш, шунингдек маҳсулотни идентификациялаш асосида сертификатлаштириш органи чет эл мувофиқлик сертификатини эътироф этиш (этмаслик) тўғрисида қарор қабул қилади.

Экспорт қилувчи мамлакатнинг Миллий сертификатлаштириш тизимига берилган мувофиқлик сертификатини эътироф этиш уни импорт қилувчи мамлакатнинг мувофиқлик сертификатига қайта расмийлаштириш ва Ягона давлат реестрига киритиш йўли билан амалга оширилади.

 

Маҳсулотнинг (транспорт воситаларидан ташқари) мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва бериш муддати барча зарур ҳужжатлар (синов протоколлари, тадқиқот далолатномалари, санитария-эпидемиология, ветеринария, фитосанитария хулосалари, экологик экспертиза хулосаси) берилган вақтдан бошлаб 3 иш кунидан ошмаслиги лозим.

Ветеринария ва фитосанитария хулосалари олиниши ҳисобга олинган ҳолда санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш ва бериш муддати тегишли синов методлари учун норматив ҳужжатларда назарда тутилган муддатларга қараб белгиланади. Санитария-эпидемиологик хулосани тайёрлаш учун турли инстанцияларга ажратилган тахминий муддатлар Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиботи схемасида (Низомга илова) келтирилган. Дарвоқе, – бундай хулоса, худди олиб кириладиган маҳсулотга мувофиқлик сертификати сингари маҳсулотнинг яроқлилик даврига, яроқлилик муддатига эга бўлмаган маҳсулотга эса муддати кўрсатилмасдан берилади.

 

Маълумот учун. Айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида санитария-эпидемиология хулосаси бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба берилади.

 

Сертификатлаштиришдаги расмиятчиликлар

Товарларни сертификатлаштиришга тайёрлаш ва ўтказишга умумий талаблар Маҳсулотларни сертификатлаш қоидаларида (АВ томонидан 18.03.2005 йилда 1458-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган.

Четдан келтириладиган маҳсулотни сертификатлаштиришда ­қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:

ишлаб чиқариладиган маҳсулотга меъёрий ҳужжат (МҲ) нусхаси (амалда бор бўлган тақдирда);

маҳсулот ёрлиғидан намуна ёки маҳсулот тўғрисида маълумот;

маҳсулотнинг Ўзбекистон Республикаси божхонаси ҳудудига келганлиги тўғрисидаги белги қўйилган товарга қўшиб жўнатиладиган ҳужжат нусхаси (товар-транспорт юкхати, инвойс, ҳисобварақ-фактура);

амалда бор бўлган тақдирда, давлат санитария назорати идорасининг лабораториясида ўтказилган синовларнинг натижаларини ўз ичига олган санитария-эпидемиология хулосаси ва синов баённомалари, МҲда белгиланган бошқа талаблар (ветеринария ва фитосанитария хулосалари, экологик экспертиза);

олиб кирилаётган маҳсулотнинг аниқ ҳажми (сони) кўрсатилган ташқи савдо шартномаси (контракти) ва маҳсулотни етказиб берувчи ҳамда қабул қилувчи ўртасида тузилган келишув(лар) нусхаси (маҳсулотларни 7А чизмаси асосида сертификатлаштирилганда).

Агар аризачи айни вақтда санитария-эпидемиология хулосасини ва мувофиқлик сертификатини олишга ариза берган бўлса, бундай ҳолда санитария-эпидемиология хулосасининг нусхаси уни белгиланган тартибда расмийлаштиргандан кейин берилади.

Мажбурий тартибда сертификатлаштириладиган, четдан келтирилган маҳсулотга республикада меъёрий ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда, сифат кўрсаткичлари ва хавфсизлик бўйича сертификатлаш синовлари ўхшаш турдаги маҳсулотга бўлган талабларга мувофиқ амалга оширилади.

 

Маълумот учун. Аризачи томонидан четдан келтирилган маҳсулотга зарур бўлган меъёрий ҳужжат ёки хавфсизлик бўйича техник тавсифлар тақдим этилмаса, мазкур маҳсулотни сертификатлаш ўхшаш турдаги маҳсулот ҳужжатлари бўйича ёки идентификация қилиш орқали санитария-эпидемиология хулосаси асосида амалга оширилади.

Меъёрий ҳужжатга эга бўлмаган, санитария-эпидемиология хулосаси талаб этилмайдиган, шунингдек синовларни амалга ошириш учун аккредитацияланган синов лабораториялари мавжуд бўлмаган тақдирда маҳсулотларни сертификатлаш идентификация йўли билан ўтказилади.

 

Намуналарни танлаб олиш ҳақида

Сертификатлаштириш органлари ариза берилгандан кейин 2 кундан кечиктирилмаган муддатда жойига чиққан ҳолда сертификатлаштиришни ўтказиш учун маҳсулот намуналарини танлаб олади ва идентификация қилади.

Намуналарнинг миқдори, танлаб олиш, идентификация қилиш ва сақлаш тартиби мажбурий тартибда сертификатланадиган маҳсулотнинг меъёрий ҳужжатда, шу жумладан синаш усулларида белгиланади.

Республикага четдан келтириладиган маҳсулот тўпидан сертификатлаш учун танлаб олинадиган намуналар сонини синаш усуллари белгиланган меъёрий ҳужжатга мувофиқ синовларни ўтказишни ҳисобга олган ҳолда сертификатлаштириш органлари аниқлайди. Бунда аккредитацияланган органлар ва лабораториялар сертификатлаштириш бўйича Миллий идора томонидан четдан келтирилган маҳсулотлардан намуна олишнинг чекланган нормаларига риоя қилиши зарур.

Сертификатлаштиришга тақдим этилган маҳсулот намуналарини танлаб олишда идентификация қилиш амали, маҳсулотни сертификатлаш қоидаларига мувофиқ, ушбу Қоидаларнинг ­5-иловасига мувофиқ намуналарни идентификация қилиш ва танлаб олиш далолатномасини расмийлаштирган ҳолда амалга оширилади, уларнинг биттаси аризачига берилади.

Божхонада сақланаётган импорт товарларни сертификатлаштириш учун намуналарни танлаб олиш сертификатлаштириш органлари томонидан, божхона органининг мансабдор шахси ва товар эгаси ёки унинг вакили иштирокида ўтказилади. Бунда сертификатлаштириш органлари вакили томонидан намуналарни идентификация қилиш ва танлаб олиш тўғрисидаги далолатнома 3 нусхада тузилади ва иккинчи нусхаси божхона идорасига тақдим этилади.

 

Маълумот учун. Сертификатлаштириш органлари аризачининг биринчи талабига мувофиқ, қуйидагиларни тақдим этиши лозим: мажбурий тартибда сертификатланадиган маҳсулот турлари рўйхати ёки бу рўйхатдан кўчирмани; сертификатлаштириш органларининг аккредитация доираси бўйича маҳсулотни сертификатлаштириш қоидаларини; сертификатлаштириш хизматларига ҳақ тўлаш прейскуранти (тарифлари); ваколатли давлат органида аккредитациядан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатни.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 392 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика