2019 йилда бола 2 ёшга тўлгунга қадар унинг парвариши бўйича нафақа 406 000 сўм миқдори белгиланган. 2019 йил 1 августдан корхона томонидан нафақа миқдори 446 000 сўмгача оширилган.
Хусусий ташкилотда бола 2 ёшга тўлгунга қадар унинг парвариши бўйича нафақа миқдорини унга ЖШДС солинмаган ҳолда ошириш мумкинми?
– 2019 йилда 2007 йилги Солиқ кодексининг 179-моддаси 20-бандига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган нафақаларга имтиёзлар назарда тутилган эди (вақтинча меҳнат лаёқатсизлик бўйича нафақа бундан мустасно). 2019 йилда Президентнинг қарори билан бола 2 ёшга тўлгунга қадар унинг парвариши бўйича нафақа 406 000 сўм миқдорида белгиланган (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорга 25-илова). Тегишинча, имтиёз тўловнинг шу қисмига қўлланилади.
Сизнинг ҳолатда корхона маблағлари ҳисобига тўланадиган нафақаларга қўшимча тўлов 40 000 сўмни (446 000 – 406 000) ташкил этади, у ишланмаган вақт учун тўланган тўлов ҳисобланади ва меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад деб эътироф этилади (2007 йилги таҳрирдаги СКнинг 172-моддаси, 175-моддаси 15-банди). Уларга ЖШДС ва ЯИТ солиниши лозим.
Хулоса: нафақа миқдорини оширишингиз мумкин эмас, бироқ унга қўшимча тўловни исталган миқдорда тўлай оласиз. Мазкур қўшимча тўловларга ЖШДС ва ЯИТ солинади.
Изоҳ: 2020 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа 434 000 сўмни ташкил этади (30.12.2019 йилдаги ПҚ-4555-сон қарор 7-банди ва унга 2-илова).
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.