Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 7 / Бухгалтерга тавсиялар

Норезидент – юридик шахснинг даромадларидан тўлов манбаида фойда солиғи қандай тўланади

 

Қуйидаги иш тажрибасига эга:

● солиқ солиш соҳасида – 20 йиллик;

● ЎзР Давлат солиқ қўмитасида – 18 йиллик;

● хорижий давлатлар органлари билан алоқа қилиш.

 

Қуйидагиларда иштирок этган:

● ЎзР солиқ қонунчилигини ислоҳ қилишга доир лойиҳаларни ишлаб чиқишда;

● 40 дан ортиқ халқаро келишувларни тузиш ва ўзгартиришда;

● ЎзР ДСҚ томонидан солиқ солишдан озод қилиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишда.

 

Норезидент – хорижий компания Ўзбекистонда даромад олса, бу ерда уларга қуйидагича солиқ солиниши лозим:

● доимий муассаса орқали (СК 49-боби); 

● ёхуд норезидент доимий муассасага эга бўлмаса, тўлов манбаида (СК 50-боби).

Ўзбекистон ҳудудида солиқ ҳисобига қўйилгандан кейин норезидентнинг ўзи доимий муассаса орқали солиқ тўлайди. Қандай ҳолларда доимий муассаса ташкил этилиши, яъни норезидент мустақил равишда солиқ тўлаши СК 36-моддасида белгиланган. ДМ орқали олинган даромадларга солиқ солиш тартиби СК 347–350-моддаларида белгиланган.

Норезидентнинг фаолияти Ўзбекистон ҳудудида ДМ ташкил этмаса, у ҳолда солиқ агенти (тўлов манбаи) даромаднинг бутун суммасидан солиқ ушлаб қолади. У хорижий компанияга даромад тўлаш чоғида солиқни ушлаб қолади. ДМ билан боғлиқ бўлмаган ва тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадларга солиқ солиш тартиби СК 351–358-моддаларида белгиланган.

Қуйидагилар норезидентга даромад тўлаш чоғида норезидентнинг даромадларидан фойда солиғини ушлаб қолиши шарт бўлган солиқ агентлари ҳисобланади:

юридик шахслар, шу жумладан солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг иштирокчилари;

● якка тартибдаги тадбиркорлар;

● фаолиятини доимий муассасалар орқали амалга оширувчи норезидентлар;

● норезидент бўлган юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхоналари;

мол-мулкни олувчи жисмоний шахслар ва Ўзбекистон Республикаси норезиденти бўлган юридик шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этмаган ҳолда чет эл тузилмалари (СК 352-м., 354-м. 4-қ.). 

 

Тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадлар рўйхати СК 351-моддаси 2-қисмида келтирилган.

Ўзбекистон билан хорижий компания резиденти бўлган давлат ўртасида иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартнома амал қилаётган бўлса, у ҳолда халқаро шартнома қоидаларини қўллаш лозим (СК 2-м.).

Тўлов манбаида даромадга қандай солиқ солинишини кўриб чиқамиз.

 

Қандай даромадлардан тўлов манбаида солиқ ушлаб қолинади

 

Хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) учун импорт контракти ёки қандайдир бошқа ҳужжатлар бўйича норезидентга даромад тўлаётган бўлсангиз, СК 353-моддасида кўрсатилган ставкаларда даромаддан фойда солиғи ушлаб қолишингиз шарт:

6%

 

10%

 

20%

 

  • халқаро алоқа учун телекоммуникациялар;
  • халқаро ташишлар (фрахтдан олинган даромадлар)

 

  • дивидендлар

Куйидагилар реализация қилинганда олинадиган даромадлар:

  • акциялар (бундан фонд биржасида реализация қилинадиган акциялар мустасно), ЎзР резиденти бўлган юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши (пайлар); кўчмас мулк; мулк мажмуаси сифатида корхона; инвестиция пай фондларининг инвестиция пайлари;
  • роялти;
  • топшириқ ёки воситачилик шартномаси асосида сотиладиган товарларни реализация қилишдан олинган даромадлар;
  • мол-мулкни ижарага ва иккиламчи ижарага беришдан олинган даромадлар;
  • транспорт-экспедиторлик хизматлари;
  • жарималар ва пенялар;
  • беғараз олинган мол-мулк;
  • қарзни талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечишдан олинган даромад;
  • қарзни талаб қилиш ҳуқуқини олиш чоғида талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечишдан олинган даромад;
  • диск майдони ва (ёки) алоқа каналини тақдим этишдан олинган даромадлар;
  • бошқарувга оид, техник ёки маслаҳат хусусиятига эга хизматлар учун тўлов сифатида белгиланган техник хизматлардан олинган даромадлар;
  • норезидент томонидан Ўзбекистон ҳудудида хизматлар кўрсатишдан олинган бошқа даромадлар

 

 

Ушбу даромадлар қандай шаклда олинганидан қатъи назар, уларга солиқ солинади. Улар қуйидаги шаклда бўлиши мумкин:

● нақд пул ва (ёки) нақд пулсиз шаклда пулларни, қимматли қоғозларни, иштирок этиш улушини, товарларни, мол-мулкни бериш;

● ЎзР норезидентининг даромадларига нисбатан тузиладиган битимлар (воз кечиш ҳақи, бир турдаги қарама-қарши талабномани ҳисобга ўтказиш, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш чоғида ҳисобга ўтказиш, новация, қарздан кечиб юбориш);

● бажаришнинг имкони бўлмаганлиги ёки қарздор ва кредитор айни бир шахс эканлиги туфайли даромадни тўлаш мажбуриятининг тугаши (СК 354-м. 6-қ.).

 

Қуйидаги ҳолларда норезидентга тўланган тўловлар даромад деб ҳисобланмайди ва уларга фойда солиғи солинмайди:

1) Ўзбекистон корхонаси импорт товарларни етказиб бериш ҳақини тўласа. Бунда бир вақтнинг ўзида 2 та шартга риоя этиш шарт:

товарни етказиб бериш ЎзР ҳудудида жойлашган сақлаш жойларидан (шу жумладан божхона омборларидан) амалга оширилмаса;

● товар чет эл юридик шахсининг ЎзРдаги ДМ орқали сотилмаса (СК 351-м. 3-қ. 1-б.).

Акс ҳолда бундай фаолият ДМ ташкил этилишига олиб келади, олинадиган даромадга фойда солиғи солиниши керак бўлади (СК 36-м. 2-қ.);

2) норезидент томонидан Ўзбекистондан ташқарида хизматлар кўрсатилса ёки ишлар бажарилса ­
(СК 351-м. 3-қ. 2-б.).
 

Бунда контрактда норезидент томонидан Ўзбекистон ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам хизматлар кўрсатилиши назарда тутилган бўлса, солиқни ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш тартиби хизматларнинг ҳар бир тури учун алоҳида-алоҳида қўлланилади (СК 351-м. 4-қ.). Контракт бўйича норезидент даромадларининг умумий суммаси Ўзбекистонда ва унинг ташқарисида хизматлар кўрсатишдан олинган даромадларга тақсимланган бўлиши ҳамда ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак. Ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, норезидентга тўланган бутун даромадга солиқ солиниши лозим бўлади (СК 351-м. 5-қ.).

Хорижий компания давлати билан тузилган иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартнома мавжуд бўлганда, бундай компания СК 351-моддасида белгиланган солиқ солишдан озод бўлиш ёки даромад солиғининг пасайтирилган ставкасини қўллаш ҳуқуқига эга.

 

Халқаро шартнома мавжуд бўлганда хорижий компанияга даромад тўлаш чоғида нималарга эътибор бериш лозим

Норезидентга у резиденти бўлган давлат билан халқаро шартнома тузилган бўлса, солиқ ушлаб қолмай ёки пасайтирилган ставкани қўллаган ҳолда даромад тўлашга ҳақлисиз.

Бундай норезидентга даромад тўлашдан олдин тўланаётган даромад олувчининг ДМ билан боғлиқ эмаслигига ишонч ҳосил қилинг. Норезидент хизматлар кўрсатиш ёки ишларни бажариш учун Ўзбекистон ҳудудида жисмонан ҳозир бўлган ҳолда доимий муассаса ташкил этилади.

 

Норезидентга тўланаётган даромадлар унинг доимий муассасаси билан боғлиқ эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун:

тузилган контракт шартларини диққат билан ўрганинг;

мазкур норезидентнинг фаолияти СК 36-моддаси ёки иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартнома 5-моддасида тилга олинган фаолият эмаслигига ишонч ҳосил қилинг;

хизматлар кўрсатиш муддати 183 кундан ортиқ эмаслигини, норезидентнинг фаолияти қурилиш майдонида амалга ошириладиган фаолият деб ҳисобланмаслигини ёки норезидентга тобе агент Ўзбекистон ҳудудида ҳаракат қилмаётганини текширинг ва ҳ.к.   

 

Даромадлар ДМ билан боғлиқ бўлмаса, хорижий компаниядан ўз давлатининг солиқ резиденти эканлигини тасдиқловчи ҳужжатни сўраб олинг (СК 354-м. 4-қ.). Даромадни тўлаш пайтида ушбу ҳужжат бухгалтериянгизда бўлиши керак.

Бироқ дивидендлар, фоизлар ва роялти тарзидаги даромадларни тўлаш чоғида фақат солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг ўзи камлик қилади. Солиқнинг пасайтирилган ставкасини қўллаш ёки ундан озод бўлиш учун норезидент ҳақиқатда бундай турдаги даромадни олишга ҳақли эканини исботлаш керак бўлади (СК 357-м. 4-қ.). Шу сабабли норезидентга дивидендлар, фоизлар ва роялти тарзидаги даромадларни тўлаш чоғида ушбу даромадлар уларга ҳақиқатда ҳақли бўлган шахсга тўланаётганига ҳам ишонч ҳосил қилинг (СК 354-м. 5-қ.). Қуйидагилар ана шундай шахс деб эътироф этилади:

● ушбу даромадлардан мустақил равишда фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган шахс;

● ёхуд унинг манфаатларини кўзлаб бундай даромадларни тасарруф этишга ваколатли бўлган ўзга шахс.

 

МИСОЛ. ДМ мавжуд бўлмаганда хорижий компаниянинг Ўзбекистон ҳудудида хизматлар кўрсатишдан олган даромадига солиқ солиш. Солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмаган

Ўзбекистон корхонаси (буюртмачи) Россия компанияси (ижрочи) билан буюртмачи ҳудудида ижрочининг мутахассислари 3 ой давомида 50 000 АҚШ доллари эвазига ускунага техник хизмат кўрсатиши учун импорт контрактини тузди. Ижрочи белгиланган 3 ойлик муддатда буюртмачига хизматлар кўрсатди.

Ўзбекистон билан Россия ўртасида даромадлар ва мулкка иккиёқлама солиқ солмаслик тўғрисида битим тузилган (Москва, 2.03.1994 й., ЎзР ОКнинг 6.05.1994 йилдаги 1075-XII-сон қарори билан ратификация қилинган).

Битимнинг 5-моддасига мурожаат қиламиз. Унда ДМ ташкил этилишига олиб келадиган фаолият турлари санаб ўтилган.

Тузилган контрактга кўра ускунага техник хизмат кўрсатиш хизматлари 5-моддада кўрсатилмаган. Халқаро шартномада тўғридан-тўғри кўрсатмалар мавжуд бўлмаса, миллий қонунчиликка мурожаат қилиш лозим.

СК 36-моддаси 3-қисмида кўрсатилишича, чет эл юридик шахси томонидан ўз хизматчилари орқали хизматлар кўрсатиш исталган кетма-кетликдаги 12 ойлик давр мобайнида камида 183 кун давом этган ҳолатдагина ДМ ташкил этилади.

Хизматлар 3 ой мобайнида кўрсатилгани боис ушбу Битим қоидалари бўйича ҳам, СК бўйича ҳам ижрочининг фаолияти норезидентнинг ДМ ташкил этилишига олиб келмаган.

Бироқ даромад тўлаш пайтида буюртмачининг бухгалтериясида Россия компаниясининг солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган. Бинобарин, Ўзбекистон корхонаси даромад тўлаш чоғида 20%лик ставка бўйича 10 000 доллар (50 000 х 20%) миқдорида солиқ ҳисоблаши ва уни тўлаш санасидаги МБ томонидан белгиланган курс бўйича бюджетга тўлаши шарт (СК 354-м. 3-қ.).

Россия компанияси 40 000 доллар (50 000 – 10 000) миқдорида даромад олади.

Халқаро шартноманинг мавжудлиги Россия компаниясига ушлаб қолинган солиқ суммасини қайтаришни сўраб ДСҚга мурожаат қилиш имконини беради (СК 357-м. 6-қ.).

Норезидентларнинг даромадларидан солиқ суммаси норезидентга даромадлар тўланган куннинг кейинги кунидан кечиктирмай солиқ агенти томонидан бюджетга тўланади (СК 355-м. 2-қ.).

Солиқ тўлаш (ўтказиш) муддатини кечиктирганлик учун пеня ҳисобланади (СК 354-м. 11-қ.).

 

 

МИСОЛ. Норезидентга тўланадиган фоизлар тарзидаги даромадга солиқ солиш

Ўзбекистон компанияси (қарз олувчи) ва Корея компанияси (қарз берувчи) ўртасида қарз битими тузилган, унга кўра қарз берувчи қарз олувчига 6 ой муддатга йиллик 10% ҳисоблаган ҳолда 50 000 АҚШ доллари миқдорида қарз беради.

Қарз берувчи ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш учун Ўзбекистонда турмайди, ДМга эга эмас.

Фоизлар тўлов манбаида солиқ солинадиган даромад ҳисобланади.

Қарз битими бўйича ойлик фоизлар суммаси 2 500 долларни (50 000 х 10% / 12 х 6) ташкил этади.

Умумий қоидага кўра, Ўзбекистон корхонаси норезидентга фоизларни тўлаш чоғида:

● 10%лик ставкада 250 доллар (2 500 х 10%) миқдорида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаши;

● тўланаётган даромаднинг умумий суммасидан солиқ ушлаб қолиб, уни бюджетга ўтказиши;

● Корея компаниясига 2 250 доллар (2 500 – 2 500 х 10%) миқдорида даромад ўтказиши керак.

Бироқ Ўзбекистон ва Корея ўртасида иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш ҳамда даромад ва сармоя солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида конвенция (Тошкент, 11.02.1998 й.) имзоланган, унда фоизлардан солиқ ставкаси 5% миқдорида белгиланган (Конвенциянинг 11-моддаси).

Ўзбекистон корхонаси ушлаб қолиш чоғида солиқнинг камайтирилган ставкасини қўллаши учун:

● норезидентга даромад тўлаш пайтида Ўзбекистон корхонасида Корея компаниясининг солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши керак (СК 357-м. 4-қ.). Ушбу ҳужжат хорижий ҳамкор ҳақиқатан ҳам Корея резиденти ҳисобланишини, демак, Конвенция тақдим этадиган имтиёзларга ҳақли эканлигини тасдиқлайди;

● Корея компанияси ушбу даромадларни олишга бўлган ҳуқуққа ҳақиқатда эга эканлигини исботлаши лозим (СК 357-м. 4-қ.).

Таърифга кўра ушбу даромадлардан мустақил равишда фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ёхуд унинг манфаатларини кўзлаб бундай даромадларни тасарруф этишга ваколатли бўлган ўзга шахс ана шундай шахс деб эътироф этилади. Бунда у бажарадиган вазифалар, шунингдек қабул қиладиган таваккалчиликлар инобатга олинади (СК 6-м. 5, 7-қ.).

Ўзбекистон корхонаси норезидентдан ушбу норезидент тегишли даромадни олишга бўлган ҳуқуққа ҳақиқатда эга эканлиги тасдиқномасини сўраб олишга ҳақли (СК 357-м. 4-қ.).

Солиқ резидентлигини ва фоизларга бўлган ҳуқуққа ҳақиқатда эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда Ўзбекистон корхонаси 2 375 АҚШ доллари (2 500 – 2 500 х 5%) миқдорида даромад тўлайди, 125 доллар миқдоридаги солиқни эса республика бюджетига ўтказади.

 

Даромадга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахс қандай аниқланади

Иққиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги аксарият битимларда хорижий компанияда даромадга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахс мақоми мавжудлигига қараб норезидентнинг даромад солиғи бўйича имтиёзларни (дивидендлар, фоизлар ёки роялти тўлаш чоғида) қўллаш имкони берилади. Бу СКда ҳам белгиланган (СК 6-м.).

Шу сабабли норезидентга дивидендлар, фоизлар ёки роялти тарзидаги даромадни тўлаш чоғида у мазкур даромадни олиш ҳуқуқига эга эканлигига ишонч ҳосил қилинг (СК 357-м. 5-қ.). Норезидент даромадга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахс ҳисобланмаса, у ҳолда солиқ органлари даромад солиғидан озод қилиш ёки у бўйича пасайтирилган ставкани қўллаш ҳуқуққа зид деб тан олишлари мумкин.

Тўловнинг транзит тусга эгалиги, томонларнинг ўзаро боғлиқлиги, хорижий компания хорижий давлатда иқтисодий жиҳатдан реал қатнашмаслиги аниқланса, шартномада воситачилик функциялари ёки тўловларни қабул қилиш функциялари кўрсатилган бўлса, солиқ имтиёзларининг қўлланиши ҳуқуққа зид бўлади. Корхонангиз солиқ агенти сифатида СКда назарда тутилган ставкаларда даромад солиғи, шунингдек пеня тўлашига тўғри келади.

Солиқ кодекси ва халқаро битимларда норезидентнинг даромадни олишга бўлган ҳуқуққа ҳақиқатда эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхати келтирилмаган.

Хорижий компаниядан даромадни олишга бўлган ҳуқуққа ҳақиқатда эга эканлигини тасдиқловчи қуйидаги ҳужжатларни сўраб олишни тавсия этамиз:

хорижий компания пировард тўловларни олувчи эканлиги ҳақида тушунтириш берилган хат;

хатга илова қилинган молиявий ҳисобот, унда хорижий компаниянинг харажатлари дивидендларни тўлаш учун эмас, балки унинг жорий фаолиятига йўналтирилгани, ёки олинган барча маблағлар муайян хизмат кўрсатиш учун тузилган битта шартнома бўйича сарфланмаётгани кўрсатилган бўлиши керак;

хорижий компания реал фаолият юритаётганининг далил-исботи (масалан, сайтга, давлат контрактига ҳавола ёки жаҳон рейтингидаги позицияси, таниқли халқаро компания билан тузилган контракт ва ҳ.к.).  

 

МИСОЛ. Норезидентнинг роялти тарзидаги даромадига солиқ солиш

Ўзбекистон корхонаси Ирландия компанияси билан тузилган иккиламчи лицензия шартномаси бўйича товар белгисига бўлган мутлақ ҳуқуқларни олмоқда. Бунда Ирландия компанияси бош ҳуқуқ соҳиби (ҳақиқий эгаси) – Швейцария Қироллигида рўйхатдан ўтказилган компаниядан ушбу товар белгисига бўлган ҳуқуқларни олган.

Ирландия билан икки томонлама солиқ солинишига йўл қўймаслик ҳамда мулк ва даромад солиқлари тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олиш тўғрисидаги конвенцияга (Дублин, 11.07.2012 й., 28.12.2012 йилдаги ПҚ-1896-сон қарори билан тасдиқланган) асосан товар белгисидан фойдаланиш ҳуқуқи учун мукофот роялти деб ҳисобланади. Ҳақиқий эгаси Ирландия резиденти бўлган ҳолдагина унга Ўзбекистонда 5%лик ставкада солиқ солиниши лозим бўлади (12-м. 2-б.).

Бироқ товар белгисининг ҳақиқий эгаси Швеция компанияси ҳисобланади. Ўзбекистон ва Швеция ўртасида иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартнома тузилмаган, демак, роялти тарзидаги даромадга СКда белгиланган ставкада – 20% солиқ солиниши керак.

Ўзбекистон корхонаси Ирландия компаниясига даромад тўлаш чоғида, Ирландия компанияси солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этган ҳолда ҳам, 20%лик ставкада солиқ ушлаб қолиши керак (СК 6-м. 11-қ.).

 

МИСОЛ. ДМ мавжуд бўлганда хорижий компаниянинг Ўзбекистон ҳудудида хизматлар кўрсатишдан олган даромадига солиқ солиш

Сингапур компанияси Ўзбекистон корхонасига маслаҳатчиларни йўллаш орқали Ўзбекистон ҳудудида Ўзбекистон компанияси учун маслаҳат бериш хизматларини кўрсатмоқда. Хизматлар кўрсатиш даври жами 7 ойни ташкил этади.

Сингапур компанияси Ўзбекистон корхонаси даромад тўлай бошлашидан аввал Ўзбекистон корхонасига солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этган.

Мазкур ҳолда хорижий компания тақдим этган резидентликни тасдиқловчи ҳужжатнинг мавжуд бўлиши етарлими?

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Сингапур Республикаси Ҳукумати ўртасидаги икки томонлама солиққа тортишга йўл қўймаслик ҳамда даромад солиғи тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳақидаги битим (24.07.2008 й., 12.09.2008 йилдаги ПҚ-959-сон қарор билан тасдиқланган) 5-моддаси 3-банди «b» кичик бандида айтилишича:

 

3. «Доимий муассаса» атамаси қуйидагиларни ҳам ўз ичига олади:

а) қурилиш майдончаси, қурилиш, монтаж ёки йиғиш объекти ёки улар билан боғлиқ бўлган назорат фаолияти, бироқ шундай майдонча, объект ёки фаолиятнинг давомийлиги 12 ойдан ортиқ давом этсагина;

b) Аҳдлашувчи Давлат корхонаси томонидан хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, консалтинг ёки бошқарув хизматлари корхона шу мақсад учун ёллаган хизматчилар ёки бошқа ходимлар орқали амалга оширилса, бироқ шу мазмундаги фаолият бошқа Аҳдлашувчи Давлат ҳудудида ҳар қандай ўн икки ойлик давр доирасида 183 кундан ошадиган давр ёки даврлар мобайнида давом этсагина.

 

Бунда фаолиятни амалга ошириш муддати 183 кундан ортиқни ташкил этмаса, ДМ ташкил этилмаган деб ҳисобланади.

Мазкур ҳолда хорижий компания 7 ой мобайнида консалтинг хизматларини кўрсатади, бу халқаро шартномада белгиланган чегарадан ошади.

Яъни Сингапур компанияси солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган тақдирда ҳам Ўзбекистон корхонаси даромадни тўлаш чоғида 20% миқдорида солиқ ушлаб қолиши керак (СК 350-м.). Қуйидаги ҳолларда у солиқ ушлаб қолмасликка ҳақли:

● Сингапур компанияси мазкур контракт бўйича ДМни солиқ ҳисобига қўйган бўлса;

● Ўзбекистон корхонасига бунинг далил-исботи – ҳисобга қўйганлик ҳақида маълумотномани тақдим этган бўлса (СК 354-м. 4-қ.). 

 

Солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатдан қандай фойдаланиш мумкин

СКда халқаро шартнома қоидалари миллий солиқ қонунчилиги қоидаларидан устувор эканлиги белгиланган (2-м.). Бу хорижий компанияларга солиқларни ўз давлатида тўлаш ва Ўзбекистонда солиқларни тўламаслик ёки пасайтирилган ставкада тўлаш имконини беради. 

Норезидентга нисбатан халқаро шартнома қоидаларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлишингиз учун у сизга солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат – Доимий бўлиш жойи ҳақида маълумотнома, Резидентлик сертификати, Residence Certificate, Certificate of Fiscal Residence тақдим этиши керак. Ушбу ҳужжат хорижий давлатнинг ваколатли органи, одатда, Молия вазирлиги (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) ёки унинг ваколатли вакили томонидан берилади. Масалан, солиқ органи томонидан.

Солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатни олганда қуйидагиларга эътибор беринг:

1) у қуйидаги шаклларда тақдим этилиши мумкин:

● норезидент резиденти бўлган чет давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган асл нусха. Бунда шундай ҳужжатни бериш консуллик легаллаштириш амалга оширилган ёки апостиль қўйилган ҳолда бажарилади;

● ҳужжат асл нусхасининг нотариал тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси, у ҳам консуллик легаллаштириш амалга оширилган ёки апостиль қўйилган ҳолда берилиши керак;

● чет давлат ваколатли органининг интернет-ресурсида жойлаштирилган, солиқ резидентлигини тасдиқловчи электрон ҳужжатнинг қоғоздаги нусхаси (СК 358-м. 1-қ.);

2) ҳужжатда контрагент норезидент деб эътироф этиладиган муддат кўрсатилганми (СК 358-м. 4-қ.).

Гап шундаки, Ўзбекистон норезиденти солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатда кўрсатилган давр мобайнида бошқа давлат резиденти деб эътироф этилади. Унда ушбу муддат кўрсатилмаган бўлса, бундай ҳужжат берилган календарь йил мобайнида норезидент мазкур ҳужжатни берган давлатнинг резиденти деб эътироф этилади (СК 358-м. 5-қ.);

 

МИСОЛ. Солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг амал қилиш муддатини аниқлаш

Хорижий компанияга 2020 йил 15 январда резидентликни тасдиқловчи ҳужжат берилган. Унда амал қилиш муддати кўрсатилмаган.

Ушбу хорижий компания 2020 йил 1 январдан 31 декабргача ҳужжатни берган давлатнинг резиденти деб ҳисобланади.

Резидентликни тасдиқловчи ҳужжат 2020 йил декабрда берилса, хорижий компания 2020 йил мобайнида, яъни 2020 йил 1 январдан 31 декабргача ўз давлатининг резиденти деб ҳисобланади.  

 

3) солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат консулхонада легаллаштирилганми, унга апостиль қўйилганми (СК 358-м. 1-қ.). Консуллик легаллаштириш ҳужжатлар ва актлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини ва уларнинг қабул қилувчи давлат қонунларига мувофиқлигини аниқлаш ва тасдиқлашдан иборат (АВ томонидан 12.03.1997 йилда 313-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 1-б.).

Консуллик легаллаштириш функциясини хорижий давлатларда мамлакатимизнинг консуллик муассасалари, Ўзбекистон Республикасида эса ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти бажаради (Йўриқноманинг 2-б.).

Ҳужжатга апостиль қўйиш тўғрисидаги қоидалар Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи конвенцияда (Гаага, 5.10.1961 й., ЎзР учун 15.04.2012 йилдан кучга кирган) келтирилган. 

 

Апостиль намунаси

Апостиль томонлари камида 9 см бўлган тўртбурчак шаклда бўлади.

 

APOSTILLE

(Convention de la Haye du 5 octobre 1961)

 

1. Мамлакат………………………………………….…………………………………………….

Мазкур расмий ҳужжатни

2. ………………………...........………………………............………… имзолаган (фамилия)

3. ……………..…………..…. ………………………..................………… сифатида чиқувчи

4. ……………………………………………………….…………..…………..….…………………

(муассаса номи) муҳри/штампи билан тасдиқланган

Тасдиқланган

5. …..……………………………………да 6. (сана) ….……………....………....………………

7. (тасдиқловчи орган номи) ..………………….………………….…..........................……….

8. N ……………………………………………………………………................………………….

9. муҳр /штамп           ……………………………       10. имзо ............................................

 

Консуллик легаллаштириш ҳам, апостиль қўйиш ҳам муҳрнинг ва ҳужжатни имзолаган шахс имзосининг ҳақиқийлигини белгилаш учун зарур.

Солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат ё консулхона томонидан легаллаштирилган, ёки апостиль қўйилган бўлиши мумкин – иккисидан бири.

Мазкур талаб Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенцияни (Минск, 22.01.1993 й., ЎзР учун 19.05.1994 йилдан кучга кирган) имзолаган МДҲга аъзо давлатларга нисбатан татбиқ этилмайди. Унда белгиланишича, ҳужжат белгиланган шаклда тайёрланган ҳамда ваколатли органнинг гербли муҳри билан тасдиқланган бўлса, махсус тасдиқлашсиз қабул қилиниши мумкин (Конвенциянинг 13-м.).

Легаллаштириш қуйидаги ҳолларда талаб қилинмайди, агар:

1) солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат чет давлат ваколатли органининг интернет-ресурсида жойлаштирилган бўлса;

2) ЎзР халқаро шартномаси билан ёки Ўзбекистоннинг ваколатли органи ва чет давлатнинг ваколатли органи ўртасида имзонинг ва муҳрнинг ҳақиқийлигини тасдиқлашнинг бошқача тартиби белгиланган бўлса.  

Чет эл банкига ва халқаро банклараро телекоммуникация тизимларига даромад тўланаётган бўлса, уларнинг турган жойи ҳамма фойдалана оладиган ахборот манбаларидаги, масалан, Интернетдаги маълумотлар билан тасдиқланса, улар учун солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат талаб этилмайди (СК 358-м. 2-қ.). 

 

Фойда солиғи ушлаб қолинмаганда қандай қилиб солиқ органлари эътироз билдиришига йўл қўймаслик мумкин

Солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат солиқни пасайтирилган ставкалар бўйича тўлаш ёки уни умуман тўламаслик учун зарур. Бироқ қуйидаги ҳолларда ушбу ҳужжат сизни солиқчиларнинг эътирозларидан сақлаб қолмайди:

● норезидентнинг доимий муассасаси ташкил этилганда;

● халқаро шартнома қоидалари нотўғри қўлланилганда.

 

МИСОЛ. Дивидендлар тарзида даромад тўланганда хорижий компанияга солиқ солиш

Испан хорижий капитали улуши 20% миқдорида бўлган Ўзбекистон корхонаси:

хорижий иштирокчига дивидендлар тарзида даромад тўлайди;

солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда солиқнинг 5%лик ставкасини қўллайди.

Бироқ халқаро шартномага мувофиқ, башарти Ўзбекистон корхонасида испан капитали улуши камида 25%ни ташкил этса, ушбу ставка қўлланилади (Конвенциянинг 10-м. 2-б. «а» кичик б., Мадрид, 8.07.2013 й., 19.09.2015 йилдан кучга кирган).

Бизнинг ҳолатда хорижий капитал миқдори 20%ни ташкил этади. Бинобарин, солиқ манбада 10%лик ставкада ушлаб қолинади (Конвенциянинг 10-м. 2-б. «b» кичик б.).

СК 353-моддасига мувофиқ норезидентларнинг даромадларидан дивидендлардан солиқ ставкаси 10% миқдорида белгиланган. Халқаро шартнома бўйича ва Кодекс бўйича ставкалар бир хил эканлигини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон корхонаси ҳар қандай ҳолатда солиқни манбада 10%лик ставкада ушлаб қолади.

Ўзбекистон корхонаси 5%лик ставкада дивидендлардан солиқ ушлаб қолган бўлса, у ҳолда унга нисбатан тегишли санкциялар қўлланилади – у фарқни ва тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун пеняни бюджетга қўшимча тўлаши шарт (СК 354-м. 11-қ.).

Ушбу аниқ мисолда дивидендларни олиш ҳуқуқи ҳақиқатда мавжудлиги тўғрисида ҳужжатларни хорижий компаниядан талаб қилиб олиш зарурати юзага келмайди.

Норезидентга даромад тўлаш чоғида имтиёзларни қўллаш имконини берадиган халқаро битим шартларига риоя этилганини текшириб кўришни тавсия этамиз.

Нафақат СК талабларини, балки халқаро шартнома қоидаларини ҳам текшириш лозим. Халқаро шартномада аниқ шартлар белгиланган, бунда норезидент солиқ солишдан озод бўлиш ёки пасайтирилган ставкани қўллаш ҳуқуқига эга бўлади. 

 

 

Норезидентнинг даромадидан тўланган фойда солиғини халқаро битимга мувофиқ қандай қайтариш мумкин

Хорижий компанияга даромад тўлаш чоғида у Ўзбекистон корхонасига солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган бўлса, тўланаётган даромад суммасидан солиқ ушлаб қолишга тўғри келади. Бунда хорижий компания давлати билан Ўзбекистон ўртасида иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартнома тузилган бўлиши мумкин. Яъни норезидент мазкур шартномага кўра солиқ имтиёзларини олишга ҳақли бўлган, бироқ резидентлик сертификатини тақдим этмагани сабабли уларни олмаган.

Хорижий компания СК талабларини бажарса, ушлаб қолинган солиқни қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлади (СК 357-м. 6-қ.). Қайтариб олиш тартиби Ўзбекистон резидентлари учун белгиланганига айнан ўхшаш (СК 12-боби):

● норезидент солиқ органига ёзма ариза тақдим этади;

● солиқ органи тегишли аризани олган кундан эътиборан 10 кун ичида қайтариш тўғрисида қарор қабул қилади (СК 104-м. 6-қ.);

● солиқ органи ҳисобга олишни ёки қайтаришни рад этиш тўғрисидаги қабул қилинган қарор ҳақида солиқ тўловчига бундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 кун ичида хабар қилади (СК 104-м. 8-қ.);

● ушлаб қолинган солиқ суммаси солиқ органи томонидан бундай ариза олинган кундан эътиборан 15 кун ичида қайтарилиши лозим (СК 104-м. 4-қ.).

Агар ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ тўловчига қайтариш муддат бузилган ҳолда (яъни 15 кундан ошадиган муддат ичида) амалга оширилса, белгиланган муддатда қайтарилмаган сумма учун солиқ тўловчига қайтариш муддати бузилган ҳар бир календарь кун учун фоизлар ҳисобланади. Фоиз ставкаси қайтариш муддати бузилган кунларда амал қилган МБнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенг этиб қабул қилинади.

Солиқни қайтариш бўйича даъво муддати, СКда белгиланганидек (СК 104-м. 5-қ.) 5 йилни эмас, балки 3 йилни ташкил этади. У халқаро шартнома билан белгиланган («Ўзаро келишиш тартиб-таомили»).  

Солиқ органи ҳужжатларни кўриб чиқиш чоғида хорижий компания фаолияти доимий муассаса ташкил этилишига олиб келишини, бироқ у солиқ ҳисобига қўйилмаганини аниқлаган бўлса, фойда солиғи қайтарилмайди.

Хорижий компания ҳисобга қўйилганидан кейин тўланган, тўлов манбаида ушлаб қолинган солиқ суммаси доимий муассаса сифатида солиқ мажбуриятларини қоплаш ҳисобига ҳисобга олинади (СК 350-м.).

 

Қуйидаги ҳолларда фойда солиғи қайтарилмайди:

● Ўзбекистон корхонаси аввал солиқни ушлаб қолмасдан ва солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлмаганда хорижий компанияга даромад тўлаган бўлса;

● сўнг ўз маблағларидан солиқ суммасини тўлаган бўлса.

Резидентлик сертификатининг тақдим этилиши Ўзбекистон корхонасига солиқни қайтариш ҳуқуқини бермайди, сабаби у солиқ тўловчи ҳисобланмайди.

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси солиқни ушлаб қолмасдан ва солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлмаганда хорижий компанияга даромад тўлади. Сўнг ўз маблағларидан солиқ суммасини тўлаб, хорижий компаниядан солиқни бюджетдан қайтариш учун ҳужжатларни тайёрлашни сўради. Солиқни кейин қайтариш мумкинми?

  • Ўзбекистон корхонаси тўлаган солиқ суммаси қайтарилмайди. Мазкур ҳолда норезидент даромадини тўлиқ олган, норезидентнинг маблағларидан солиқ тўланмаган, демак, норезидент Ўзбекистон корхонаси тўлаган солиқ суммасини қайтариш тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишга ҳақли эмас. 

Шу билан бирга Ўзбекистон корхонаси солиқ суммасини ушлаб қолмаган ҳолда уни ўз маблағлари ҳисобидан тўлаганда солиқ агентининг солиқни ушлаб қолиш ва ўтказиш бўйича мажбурияти бажарилган деб эътироф этилади (СК 354-м. 12-қ.).

 

Норезидентнинг муаллифлик ҳақи (роялти) тарзидаги даромадларига қандай солиқ солинади

Роялти (лицензия тўлови, муаллифлик ҳақи) – моддий асосга эга бўлган ва, одатда, фоиз ёки қатъий белгиланган тўлов тарзида тўланадиган муаллифлик ҳуқуқи соҳибига тўлов. Роялтига тўлов манбаида 20%лик ставкада ёки иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартномаларда белгиланган ставкаларда фойда солиғи солинади.

Муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланиш ҳуқуқи учун даромад тўласангиз, қуйидагиларга эътибор беринг:

● норезидент ҳақиқатда ушбу ҳуқуқ соҳиби ҳисобланадими. Ундай бўлмаса, тўланадиган даромадга халқаро шартномада белгиланган ставкада эмас, балки 20%лик ставкада солиқ солинг;

● айрим битимларда ижарага берилаётган саноат, тижорат ёки илмий ускуналар учун тўловларга роялти сифатида қаралади. Бу ҳолда бундай тўловларга нисбатан роялти учун белгиланган ставка қўлланилади; 

● норезидентнинг доимий муассасаси фаолият юритиши муносабати билан роялти юзага келса, халқаро шартнома бўйича пасайтирилган ставкани қўллаб бўлмайди. Бу ҳолда роялтидан олинган даромад ДМнинг жами даромадига киритилади ва доимий муассасада юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг умумбелгиланган ставкаси бўйича солиқ солинади. Бу иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш соҳасидаги барча битимларда назарда тутилган (12-м. 4 ёки 5-б.).

 

МИСОЛ. Хорижий компаниянинг доимий муассасаси ташкил этилганда роялтига солиқ солиш

Ўзбекистон корхонаси Исроил компанияси билан контракт тузди, унда қуйидагилар назарда тутилган:

мураккаб технологик ускунани етказиб бериш (100 000 АҚШ доллари);

ушбу ускунани ўрнатиш (25 000 АҚШ доллари);

ускунага ўрнатилган дастур учун ҳуқуқни тақдим этиш (35 000 АҚШ доллари).

Етказиб бериш, ўрнатиш ҳуқуқни тақдим этиш қиймати алоҳида ажратиб кўрсатилган. Ускуна 10 ой ичида ўрнатилади.

Кўриб чиқилаётган вазиятда норезидентнинг даромадига солиқ солиш чоғида қуйидагиларга эътибор беринг:

1) ускуна 10 ой ичида ўрнатилади.

Исроил билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги конвенциянинг (Қуддус, 15.09.1998 й., 9.03.1999 йилдан кучга кирган) 5-моддасига мувофиқ ўрнатиш ишларига Конвенцияда назарда тутилганидан 9 ой кўп вақт кетди. Яъни мазкур фаолият Ўзбекистон ҳудудида Исроил компаниясининг ДМ ташкил этилишига олиб келди;

2) компания ДМни солиқ ҳисобига қўйиб, Ўзбекистон корхонасига ҳисобга қўйганлик ҳақида маълумотнома тақдим этди.

Ўзбекистон корхонаси маълумотнома мавжуд бўлганда солиқни тўлов манбаида ушлаб қолмасликка ҳақли бўлади (СК 354-м.). Фойда солиғини доимий муассасанинг ўзи тўлайди;

3) дастурдан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишдан олинган даромад ДМ билан боғлиқ бўлмаган даромадлар сифатида қараладиган ва тўлов манбаида солиқ солинадиган роялти деб ҳисобланишига қарамай, Конвенциянинг 12-моддасига мурожаат қилиш зарур. 12-модданинг 4-бандида белгиланишича, роялти ДМ орқали фаолият юритиш билан боғлиқ бўлса, бундай роялтига ДМнинг жами фойдаси таркибида солиқ солинади.

Хуллас, доимий муассасанинг жами даромади ҳисобланиб, солиқ солинадиган фойда аниқланади:

(100 000 + 25 000 + 35 000) = 160 000 долл.

Контрактни бажариш натижасида норезидент сарфлаган харажатлар чегирилганда 15%лик ставкада солиқ солинадиган фойда қолади.

 

Норезидентнинг халқаро ташишдан олинган даромадларига
қандай солиқ солинади

Халқаро ташиш деганда давлатлардан бири Ўзбекистон Республикаси бўлган турли давлатларда жойлашган пунктлар ўртасида амалга ошириладиган ҳар қандай ташиш тушунилади.

Фақат Ўзбекистондан ташқарида жойлашган пунктлар ўртасида амалга ошириладиган ташиш солиқ солиш мақсадида халқаро ташиш деб эътироф этилмайди (СК 351-м. 2-қ. 9-б.). Бу ҳолда бундай хизматларга республикадан ташқарида кўрсатилган хизматлар сифатида қаралиб, норезидентнинг даромадидан солиқ ушлаб қолинмайди.

 

МИСОЛ. Халқаро ташиш хизматларини кўрсатишдан олинган даромадга солиқ солиш

Қозоғистон корхонаси ўзига тегишли юк транспортида Ўзбекистон корхонаси учун товарларни у жойлашган жойгача олиб келиб, 25 000 АҚШ доллари миқдорида ҳақ олади.

Бундай хизматлар халқаро ташиш хизматлари ҳисобланади, олинаётган бутун даромадга Ўзбекистонда 6%лик ставкада солиқ солиниши лозим. Солиқ суммаси 1 500 АҚШ долларини (25 000 х 6%) ташкил этади.

Қозоғистон корхонаси солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этса, у олаётган даромад Қозоғистон билан даромаддан ва мулкдан олинадиган солиқларнинг иккиёқлама қўлланишининг олдини олиш тўғрисида битимнинг (Алмати, 12.06.1996 й., 21.04.1997 йилдан кучга кирган) 8-моддаси асосида Ўзбекистонда солиқ солишдан озод этилади.  

 

МИСОЛ. Транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатишдан олинган даромадга солиқ солиш

Қозоғистон корхонаси темир йўл корхоналари ва юк автоташувчилари хизматларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон корхонасига Россиядан товар етказиб беради.

Қозоғистон корхонасига тўланадиган умумий суммага (100 000 АҚШ доллари) темир йўл корхоналари ва юк автоташувчилари хизматларига ҳақ тўлаш (жами 55 000 АҚШ доллари), юкларни суғурталаш (2 500 АҚШ доллари) харажатлари, қўшимча ва бошқа харажатлар (жами 15 500 АҚШ доллари), шунингдек бевосита унинг ҳақи (27 000 АҚШ доллари) киради.  

Бу ҳолда норезидентнинг даромадига қандай ставкада солиқ солинади?

Мазкур хизматларга транспорт-экспедиторликхизматлари сифатида қаралади.

Бевосита Қозоғистон корхонасининг даромади, яъни 27 000 АҚШ долларига 20%лик ставкада солиқ солинади, у 5 400 долларни ташкил этади.

Бироқ бунинг учун Ўзбекистон корхонаси Қозоғистон корхонасидан унинг қолган сумма 73 000 доллар (55 000 + 15 500 + 2 500) учун харажатларини тасдиқловчи ҳужжатларни сўраб олиши лозим.  

Қозоғистон компаниясида ҳеч қандай бошланғич ҳужжатлар бўлмаса, у ҳолда бутун ўтказилаётган даромадга (100 000 АҚШ доллари) халқаро ташишдан олинган даромад сифатида 6%лик ставкада солиқ солиниши лозим
(СК 351-м. 2-қ. 11-б.). Бу ҳолда солиқ суммаси 6 000 долларни (100 000 х 6%) ташкил этади.

Халқаро шартнома ва ўз вақтида тақдим этилган солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлса, Ўзбекистон корхонаси даромадни тўлаш чоғида солиқни ушлаб қолмаслик имконига эга бўлади.

 

МИСОЛ. Ўзбекистон ташқарисида кўрсатиладиган ташиш хизматларига солиқ солиш

Россия корхонаси Ўзбекистон корхонасининг буюртмасига кўра Россия ҳудуди бўйлаб товарни Қозоғистон божхона чегарасидан олиб ўтади.

Ўзбекистон корхонаси ушбу хизматлари учун унга ҳақ тўлайди.

Ушбу ҳаққа норезидентнинг даромади сифатида қаралмайди, сабаби Россия компанияси Ўзбекистон корхонаси учун мамлакат ташқарисида хизматлар кўрсатади (СК 351-м. 3-қ. 2-б.), тегишинча, унга Ўзбекистонда фойда солиғи солинмайди.

 

Норезидентнинг товарларни воситачилик ёки топшириқ шартномаси бўйича реализация қилишдан олган даромадларига қандай солиқ солинади    

 

Норезидентга тегишли бўлган ва мамлакатимиз ҳудудида унинг ўзи ёхуд Ўзбекистон резиденти томонидан воситачилик, топшириқ шартномаси асосида реализация қилинадиган товарларни реализация қилишдан олинган даромадларга тўлов манбаида солиқ солинади.

Бунда товарларни реализация қилишдан олинган мазкур даромадлар Ўзбекистон Республикаси норезидентига тўланадиган сумманинг олиб кирилган товар контракт (фактура) қийматидан ошган қисми сифатида белгиланади.

 

МИСОЛ. Норезидент ташқи савдо контрактини тузмасдан «Божхона омбори» (ИМ-74) режимида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига товар олиб кирди. БЮДнинг 42-устунида товарнинг фактура қийматини 50 000 АҚШ доллари миқдорида акс эттирди.

Ташқи савдо контракти тузилмаганда товарнинг фактура қиймати товарга илова қилинувчи ҳужжатлар асосида кўрсатилади. 

Сўнг норезидент илгари божхона омборига жойлаштирилган товарларни етказиб бериш учун Ўзбекистон компанияси билан импорт контрактини тузди. Контракт шартларига кўра реализация қилинаётган товарлар қиймати 70 000 АҚШ долларини ташкил этади.

Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириладиган товарлар БЮД (ИМ-40) бўйича расмийлаштирилади, унинг 42-устунида декларацияланаётган, импорт контракти шартларига кўра тўланиши лозим бўлган (ҳақиқатда тўланган) товарнинг фактура қиймати кўрсатилади. Товарларнинг айни ушбу қиймати норезидентга тўланадиган сумма ҳисобланади.

Бизнинг мисолда норезидентга тўланиши лозим бўлган сумма 70 000 АҚШ долларини ташкил этади.

Норезидентнинг товарларни реализация қилишдан олган даромадлари норезидент томонидан реализация қилинган товар учун олинадиган сумманинг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида белгиланади. Товарни сотиб олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда, норезидент томонидан олинадиган барча суммадан солиқ ушлаб қолинади (СК 351-м. 2-қ. 6-б.).

Бизнинг мисолда норезидентга тўланаётган сумманинг (70 000 АҚШ доллари) олиб кирилган товар фактура қийматидан (50 000 АҚШ доллари) ошган қисми 20 000 АҚШ долларини ташкил этади. Айни ушбу сумма норезидентнинг товарларни реализация қилишдан олган даромади деб ҳисобланади.

Ўзбекистон компанияси билан тузилган контрактда назарда тутилган етказиб берилган товарлар қийматини (70 000 АҚШ доллари) норезидентга тўлаш чоғида Ўзбекистон компанияси норезидентнинг даромадидан (20 000 АҚШ доллари) тўлов манбаида солиқ ушлаб қолиши керак.

Норезидентнинг бу турдаги даромадига 20%лик ставкада солиқ солинади (СК 353-м.).

Бизнинг мисолда тўлов манбаида ушлаб қолиниши лозим бўлган солиқ суммаси 4 000 АҚШ долларини (20 000 х 20%) ташкил этади.

Солиқ ушлаб қолинганидан кейин норезидентга тўланадиган сумма 66 000 АҚШ долларини (70 000 – 4 000) ташкил этади.

Норезидентнинг давлати билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартнома тузилган бўлса, норезидент солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда солиқ солишдан озод бўлиш ҳуқуқига эга бўлади.

Солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат асосида норезидентга даромад тўлашдан олдин унинг Ўзбекистон ҳудудидаги фаолияти доимий муассаса ташкил этилишига олиб келмаганини текшириб кўринг. Сабаби савдо шохобчаси сифатида фойдаланиладиган ҳар қандай жой, шу жумладан омбор норезидентнинг ДМ ташкил этилишига олиб келади (СК 36-м. 2-қ. 3-б.). Бу ҳолда солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг мавжуд бўлиши солиқ имтиёзини олиш ҳуқуқини бермайди, норезидент ДМ сифатида ҳисобда турмагунча тўлов манбаида солиқ ушлаб қолишингиз керак бўлади.

 

 

Хорижий компанияга даромадларни тўлаш чоғида халқаро шартномаларнинг қайси қоидаларига риоя этиш лозим

Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартнома мавжуд бўлганда дивидендлар тарзида даромад тўланса, у ҳолда унинг 10-«Дивидендлар» моддаси қоидаларига риоя этиш лозим.

Фоизлар тўланганда – 11-«Фоизлар» моддасига, роялти тўланганда – 12-«Роялти» моддасига.

Мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадга солиқ солиш 13-«Мол-мулк қийматининг ошиши» моддаси билан тартибга солинади. Баъзан битимларда «мол-мулк» атамаси ўрнига «капитал» атамасидан фойдаланилади, моҳиятан у худди шундай маънони англатади.

Норезидентнинг Ўзбекистон ҳудудидаги фаолияти натижасида ДМ ташкил этилишини, ушбу норезидент қачон хизматлар кўрсатиши ёки ишларни бажаришини билиш учун халқаро шартноманинг 5-«Доимий муассаса» моддасини таҳлил қилиш лозим.

ДМ ташкил этилган бўлса, 7-«Тадбиркорлик фаолиятидан олинган фойда» моддаси қоидаларини ҳисобга олган ҳолда ушбу ДМ орқали фаолият юритишдан олинган фойдага солиқ солинади.

Хорижий компания халқаро ташиш хизматларини кўрсатишидан даромад тўланаётган бўлса, 8-«Халқаро транспорт» моддасига амал қилиш лозим.

Қолган ҳолларда 21 ёки 22 рақамли «Бошқа даромадлар» моддаси қўлланилади. 

 

Норезидентлар харидор ёки сотувчи бўлганда Ўзбекистондаги
мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромаддан
солиқ қандай ушлаб қолинади

Халқаро ҳуқуқ соҳасида қўлланиладиган умумий қоидага кўра, мол-мулк ва уни реализация қилишдан олинган даромадларга у жойлашган жойда солиқ солинади.

Бундай мол-мулк қуйидагилар кўринишида бўлиши мумкин (СК 351-м.):

● акциялар (бундан фонд биржасида реализация қилинадиган акциялар мустасно), Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши (пайлар);

● кўчмас мулк;

● мулк мажмуаси сифатида корхона;

● Ўзбекистон қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган инвестиция пай фондларининг инвестиция пайлари.

У акциялар, Ўзбекистон корхонасининг устав фондидаги улушлар ёки норезидентга тегишли бўлган ва Ўзбекистонда жойлашган кўчмас мулк, ёки мулк мажмуаси сифатида корхона, ёки инвестиция пайларини бошқа норезидентга ёки резидентга сотаётган бўлса, ушбу операциядан олинган даромадга Ўзбекистонда солиқ солиниши лозим.

Даромадлар мол-мулкни реализация қилиш суммасининг уни ҳужжатлар билан тасдиқланадиган сотиб олиш қийматидан ошган суммаси сифатида аниқланади. Мол-мулкни сотиб олиш қийматини аниқлашнинг имкони бўлмаганда, мол-мулкнинг бутун сотиш қийматига 20%лик ставкада солиқ солинади (СК 356-м. 3-қ.).

 

МИСОЛ. Норезидент ўз улушини Ўзбекистон резидентига сотганда олинган даромадга солиқ солиш

Ўзбекистон корхонасида улушга эга бўлган хорижий компания ўз улушини Ўзбекистондаги бошқа компанияга сотиш ҳақида қарор қабул қилди.

Улуш 100 000 АҚШ долларига сотиб олинганлиги ҳақида ҳужжатлар мавжуд.

Сотиш қиймати 120 000 долларни ташкил этади.

20 000 доллар миқдоридаги фарққа 20%лик ставкада солиқ солиниши лозим, солиқ суммаси даромадни тўлаш санасидаги МБ курси бўйича миллий валютада 4 000 долларни (20 000 х 20%) ташкил этади.

Ушбу солиқ суммасини норезидентга 20 000 доллар миқдорида даромаддан улуш қийматини тўлаш чоғида Ўзбекистон корхонаси – улуш харидори ушлаб қолиши лозим.   

 

 

Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартномада компаниядаги улушни реализация қилишдан олинган даромадлар даромад юзага келадиган давлатда солиқ солишдан озод этилишини назарда тутувчи қоидалар қайд этилган бўлиши мумкин.

Бу ҳолда солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда солиқ имтиёзидан фойдаланилади.

 

 

МИСОЛ. Норезидент Ўзбекистон резидентига кўчмас мулкни сотганда олинган даромадга солиқ солиш

Ўзбекистонда кўчмас мулкка эга бўлган хорижий компания уни Ўзбекистон компаниясига сотмоқда.

Мол-мулкнинг харид қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас.

Мол-мулк 50 000 АҚШ долларига реализация қилинмоқда.

Ўзбекистон корхонаси хорижий компанияга тегишли кўчмас мулкни сотиб олиш чоғида 10 000 АҚШ доллари (50 000 х 20%) миқдорида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб, даромадни тўлаш санасидаги МБ курси бўйича миллий валютада солиқ тўлайди.

 

 

Мол-мулк сотувчисининг давлати билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартнома тузилган бўлса, ушбу шартнома қоидаларига мурожаат қилинг, сабаби унда СКда белгиланганидан фарқланувчи қоидалар назарда тутилган бўлиши мумкин.

 

 

Норезидентнинг даромадларидан фойда солиғини қандай тўлаш ва у бўйича ҳисобот топшириш мумкин

Норезидентга даромадлар тўланган куннинг кейинги кунидан кечиктирмай бюджетга солиқ тўланг (СК 355-м. 2-қ. 2-б.).

Банклар (дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлар бундан мустасно) даромадларни тўлаш амалга оширилган ойдан кейинги ойнинг 5-кунидан кечиктирмай солиқ тўлашлари лозим (СК 355-м. 2-қ. 1-б.).

Солиқ суммасини норезидентга даромадни тўлаш санасидаги Ўзбекистон МБ томонидан белгиланган курс бўйича ҳисоблаб чиқаринг (СК 354-м. 3-қ.).

Норезидентларнинг даромадларидан олинадиган солиқ суммалари бўйича солиқ ҳисоботини ўзингиз солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги солиқ органига даромадлар тўланган ойдан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай тақдим этинг (СК 355-м. 1-қ.).

 

Муаллифимиз Радмила КАРИМОВА,

«Assistance in tax» ХК директори,

солиқ маслаҳатчиси.

Прочитано: 590 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика