Айланмадан олинадиган солиқни тўловчи қишлоқ хўжалиги корхоналари ўз қудуғига эга. Сув сарфини ҳисоблаш ускунаси ўрнатилган, бироқ солиқ инспекцияси ва «Сувсоз» уни пломбалашни рад этяпти. Корхона солиқни қандай тўлаши лозим?
– Фойдаланилган сув ҳажми сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича солиқ базаси ҳисобланади. Сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбаларидан олинган сув ҳажми сувдан фойдаланишнинг бухгалтерия (дастлабки) ҳисоби ҳужжатларида акс эттирилган сув ўлчагич асбоблар кўрсаткичлари асосида аниқланади (СКнинг 443-моддаси, 444-моддаси 1-қисми).
Юридик шахсларга ер ости сувларига қудуқ бурғулаш давлат хизматлари марказлари орқали рухсатнома берилади (Маъмурий регламент, ВМнинг 14.08.2019 йилдаги 672-сон қарорига 1-илова). Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш ишлари якунланганидан сўнг рухсатнома олган ариза берувчилар бир ой муддатда белгиланган шакл бўйича техник паспортни тайёрлайди ва уни Давлат геология қўмитасининг тегишли ҳудудий гидрогеология станциясига тақдим этади (Регламентнинг 35-банди).
Гидрогеология станцияси тақдим этилган техник паспортни 1 кун муддатда кўриб чиқади. Кўриб чиқиш натижалари бўйича қудуққа тартиб рақами берилади ва у ҳисобга олинади. Қудуқнинг тартиб рақами берилган техник паспортнинг нусхаси бурғулашни амалга оширувчи ташкилот ва буюртмачига қайтариб берилади (Регламентнинг 36-банди).
Корхонангиз қудуғи Регламентга мувофиқ расмийлаштирилган бўлса, ваколатли орган томонидан пломбаланган сувни ўлчаш асбобларининг кўрсаткичлари солиқ ҳисоб-китобида ҳисобга олинади. Тартибга риоя қилинмаган тақдирда, қудуқни расмийлаштириш учун давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишни тавсия этамиз.
Изоҳ. Пломбаланмаган ўлчаш асбобларисиз сувдан фойдаланилганда унинг ҳажми сув объектларидан сув олиш лимитлари, сувдан фойдаланишнинг технологик ва санитария нормалари, экинлар ва кўчатларни суғориш нормаларидан келиб чиққан ёки маълумотларнинг ишончлилигини таъминлайдиган бошқа усуллардан фойдаланган ҳолда аниқланади.
Юридик шахслар қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларга тааллуқли қисм бўйича солиқ базасини солиқ даврида 1 гектар суғориладиган ерларни суғориш учун сарфланадиган сувнинг бутун хўжалик бўйича ўртача ҳажмидан келиб чиққан ҳолда аниқлайди (СКнинг 444-моддаси 9-қисми).
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.