Корхонада маъмурий бино ва иссиқхоналар барпо этилган ер участкаси мавжуд. Иккала объект битта жойда жойлашган. Қишлоқ хўжалигидан ташқари, бошқа фаолият турлари билан шуғулланмайди.
Қачон ҳисобот топширилади ва ер солиғи тўланади – жорий йилнинг 10 январидами ёки 1 майидами?
– Ер участкасининг ҳар бир тури учун ер солиғи ҳисоб-китобининг турли шакллари назарда тутилган.
Солиқ ҳар бир солиқ даврининг 1 январига бўлган ҳолатга кўра ҳисоблаб чиқарилади ва солиқ ҳисоботи ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органига тақдим этилади.
Ер солиғи ҳисоб-китобининг тегишли шакли қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича – жорий солиқ даврининг 10 январига қадар, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича – жорий солиқ даврининг 1 майига қадар тақдим этилиши лозим (СКнинг 431-моддаси 1-қисми).
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқни тўлаш қуйидагича амалга оширилади (СКнинг 432-моддаси):
● айланмадан солиқ тўловчилар учун – йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми миқдорида, ҳар чорак биринчи ойининг 10-кунигача;
● айланмадан солиқ тўловчи бўлмаган солиқ тўловчилар учун – йиллик солиқ суммасининг 1/12 қисми миқдорида, ҳар ойнинг 10-кунигача.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун солиқни тўлаш қуйидагича амалга оширилади:
● ҳисобот йилининг 1 сентябрига қадар – йиллик солиқ суммасининг 30%и;
● ҳисобот йилининг 1 декабрига қадар – солиқнинг қолган суммаси.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.