2019 йилда МЧЖ – умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхона эски заводни (8 та бино) сотиб олди. Завод демонтаж қилиниши, унинг ўрнига кейинчалик квартиралари реализация қилинадиган уй-жой комплекси қурилиши лозим. 2019 йилда бир нечта бино бузиб ташланган, 3 таси қолган – улардан биттаси офис учун ижарага бериляпти. Бузилган бинолар ўрнида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 2019 йилда янги ташкил этилган корхона сифатида мол-мулк солиғи бўйича имтиёз мавжуд бўлган ва у 1.04.2020 йилга қадар амал қилади (янги Солиқ кодекси бўйича тушунтиришларга биноан).
Мол-мулк солиғи бўйича бўнак тўловлари ҳисоб-китобини бузилган биноларни ҳисобга олган ҳолда қандай тўғри топшириш мумкин?
Бинолар бузилганлигини қандай ҳужжатлар билан тасдиқлашимиз ва қолган бинолар бўйича мол-мулк солиғи ҳисоб-китобини қандай асослаб беришимиз мумкин?
– Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган бино ва иншоотлар юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланади (СКнинг 411-моддаси).
Ер участкалари ва бошқа кўчмас мол-мулк билан боғлиқ битимлар (бошқа шахсга бериш, ипотека, узоқ муддатли ижара, меросни қабул қилиб олиш ва бошқалар) давлат рўйхатидан ўтказилиши керак (ФКнинг 111-моддаси).
Кўчмас мулк объекти мулкдорлари ёхуд ушбу объект бўйича ашёвий ҳуқуқлар эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг ваколатли вакиллари кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, чекланган ёки бекор бўлган ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарган кундан бошлаб, бир ой муддатда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида ариза билан мурожаат қилишлари шарт (ВМнинг 29.12.2018 йилдаги 1060-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 11-банди).
Тегишинча, кўчмас мулк объектлари бузилганидан кейин уларга тегишли кадастрларни қайта расмийлаштириш лозим. Мол-мулк солиғи бўйича бўнак тўловлари ҳисоб-китоби кадастр ҳужжатларида акс эттирилган объектлар бўйича топширилади.