Корхонамиз олис бўлмаган масофаларга юк ташиш билан шуғулланиш имконига эга. Билишимча, бунинг учун лицензия олиш зарур. Бунинг учун қандай ҳужжатларни тайёрлашимиз керак бўлади?
Б.Раҳимов,
бухгалтер.
– Юк ташиш ҳуқуқига лицензия олиш учун сиз Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг ҳудудий лицензиялаш бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишингиз зарур (Низомнинг 10-банди, ВМнинг 14.07.2006 йилдаги 138-сон қарорига 1-илова):
лицензия бериш тўғрисидаги ариза. Унда юридик шахс учун – юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами; жисмоний шахс учун – фамилияси, исми, отасининг исми, паспортга оид маълумотлар ва ҳайдовчилик гувоҳномаси; фаолиятнинг лицензияланадиган тури (ёхуд унинг бир қисми) кўрсатиш зарур;
юридик шахс учун – юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси; жисмоний шахс учун – якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
мавжуд автотранспорт воситаларининг мулк ҳуқуқи, бошқа ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара шартномалари тўғрисидаги маълумотлар, ЙҲХДХ бўлинмаси томонидан берилган автотранспорт воситасининг техник жиҳатдан соз эканлиги тўғрисида белги қўйилган автотранспорт воситаси техник паспортининг ёки автотранспорт воситалари гуруҳи техник кўрикдан ўтказилганлиги далолатномасининг нусхаси;
сизда ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ва автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ёхуд сизнинг тегишли ихтисосликдаги ташкилот билан унга тиббий кўрик ва техник кўрикдан ўтиш имконияти берилиши тўғрисидаги шартнома нусхаси мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар;
ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Ҳужжатларни бевосита ёки улар олинганлиги ҳақидаги билдириш хати билан почта орқали тақдим этиш мумкин. Улар рўйхат бўйича қабул қилинади. Унинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).
Алла Ромашко,
мухбиримиз.