Мен, жисмоний шахс, нотурар жой хонасини хусусий тадбиркорга ижарага берганман. Нотариал расмийлаштирилган шартномада айтилганидек, агар шартнома муддати тугаганда ижара шартлари ўзгармаса, шартнома ўз-ўзидан келаси муддатга узайтирилади. Бироқ солиқ инспекциясидагилар янги шартнома тузишимни талаб қиляптилар.
Амалдаги шартномада аввалгисининг муддати тугаганда ва томонларнинг эътирозлари бўлмаганда у ўз-ўзидан янги муддатга узайтирилиши шарти назарда тутилган бўлса, солиқчининг янги ижара шартномасини тузиш ҳақидаги талаби тўғрими?
К.Умаров.
– Сизнинг ҳолатда янги шартнома тузиш талаби қонунчиликка мувофиқ келмайди.
Ижара шартномаси муддати тугаганидан кейин ҳам ижарачи ижарага олинган мулкдан амалда фойдаланишни давом эттираверса ҳамда ижарага берувчи ижара шартномаси муддати тугагунига қадар бунга ҳеч қандай эътироз билдирмаган ва шартномада ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, у ҳолда шартнома худди шу муддатга давом эттирилган ҳисобланади («Ижара тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси).
Сиз солиқ инспекциясининг мансабдор шахси устидан давлат солиқ хизматининг юқори турувчи тегишли органига ёзма шикоят беришга ҳақлисиз. Шикоятга уни асослантирувчи ҳужжатлар илова қилиниши керак (Солиқ кодексининг 124-моддаси).
Бундан ташқари, сизнинг ҳуқуқларингиз ва эркинликларингизни бузаётган солиқ органи мансабдор шахсларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят билан судга мурожаат қилишингиз мумкин («Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддаси).
Жўрабек Муротов, «Norma Online» эксперти.