Шуъба корхонаси директори ишга қабул қилиш, ходимларнинг хизмат жойини ўзгартириш сингари буйруқларни имзолашга жисмонан улгурмаяпти.
Буйруқларни имзолаш ҳуқуқини бошқа шахсга, айтайлик, кадрлар бўлими бошлиғига берса бўладими? Ёки иккинчи имзо қўйиш ҳуқуқини расмийлаштириш керакми? Агар мумкин бўлса, қандай меъёрий ҳужжатларга асосланамиз? Бу қандай расмийлаштирилади?
У.Лерова.
– Қонун ҳужжатлари, агар ушбу ҳуқуқ таъсис ҳужжатларида ёки уни тайинлаш ҳақидаги буйруқда қайд этилмаган бўлса, раҳбар кадрларга оид буйруқларни имзолаш ваколатларини ташкилотнинг бошқа ходимига юклашига йўл қўймайди.
Одатда, ишга қабул қилиш ҳуқуқи раҳбарга ёки бошқа ваколатли шахсга тегишли бўлади (МКнинг 82-моддаси). Бу шахс ўз ваколатидаги ҳаракатларни шахсан амалга ошириши шарт. Башарти, унга ишончнома билан ваколат берилган бўлса, у ҳаракатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкин (ФКнинг 140-моддаси 1-қисми).
Шу сабабли, агар таъсис ҳужжатларида ёки директорни тайинлаш ҳақидаги буйруқда кўрсатилган ҳаракатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкинлиги назарда тутилган бўлса, директор кадрларга оид буйруқларни имзолаш ваколатларини бошқа шахсга юклашга ҳақли бўлади.
Шуни қайд этиш лозимки, ишга қабул қилиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган мансабдор шахс, қонунни очиқ-ойдин бузиб, меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки бошқа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқарган тақдирда, у МКнинг 201-моддаси 1-қисми доирасида моддий жавобгар бўлади (ОС Пленумининг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарори 53-банди 2-хатбошиси).
«Lord Grand» масъулияти чекланган жамияти
БУЙРУҚ
_____-сон 2010 йил «___» июнь
Ваколатларни юклаш ва имзо қўйиш
ҳуқуқини бериш ҳақида
Кадрлар сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар тезкор ҳал этилишини таъминлаш мақсадида, «Lord Grand» МЧЖ уставининг директор ўз ваколатларини амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши ҳуқуқи тўғрисидаги 2-бандига, 10.06.2010 йилдаги 01/11-сон меҳнат шартномасига кадрлар бўлими бошлиғи И.С.Собирова билан тузилган 15.09.2010 йилдаги 04/11-сон ўзгартиришга асосланиб
БУЮРАМАН:
1. Кадрлар бўлими бошлиғи И.С.Собировага кадрларга оид буйруқларни имзолаш ваколати юклатилсин.
2. Юридик бўлим бошлиғи Д.Е.Ҳошимов ушбу буйруққа биноан кадрларга оид буйруқларни имзолаш ҳуқуқи ҳақидаги 2010 йил «____» июндан ______ йил «___» ______гача амал қилувчи ишончноманинг расмийлаштирилиши ва кадрлар бўлими бошлиғига топширилишини таъминласин.
3. Девонхона бошлиғи Г.Д.Сотиболдиев ушбу буйруқ чиқарилган санадан бошлаб уч иш куни мобайнида шахсий имзоси остидаги реестрга мувофиқ мазкур буйруқ билан жамият ходимларини таништирсин.
Бош директор И.Саломов.
Жўрабек Муротов,
«Norma Online» эксперти.