2015 йилда шартномани нотариал расмийлаштириб, ўзимга тегишли квартирани ижарага топширдим. Ярим йилдан кейин ижарага олувчи бошқа арзонроқ квартира топганини айтиб, ижара шартномасини бекор қилмай туриб бир ҳафта ичида янги яшаш жойига кўчиб кетди. Айни пайтда квартирага бошқа ижарага олувчини қўймоқчиман, бироқ нотариал идорадагилар эски ижара шартномасини бекор қилмай туриб бошқа ижарага олувчи билан янги шартнома тузишга ҳақим йўқлигини айтишди. Барча илтимосларимга қарамай, эски ижарага олувчи ижара шартномасини бекор қилиш учун нотариус ҳузурига келишдан бўйин товлаяпти. Судма-суд юриб, шартномани суд тартибида бекор қилишга вақтим йўқ.
1. Қандай қилиб нотариусда ижара шартномасини ижарага олувчининг иштирокисиз бекор қилиш мумкин?
2. Қандай қилиб келгусида ижарага олувчи шартномани бекор қилишдан бўйин товлаши ҳолатларининг олдини олиш мумкин? Шартномага ижара шартномаси ижарага олувчининг иштирокисиз бекор қилиниши ҳақидаги шартни киритса бўладими?
Ф.Акбарова.
– Агар шартномада унинг бир тарафлама бекор қилиниши назарда тутилмаган бўлса, нотариусда ижарага олувчи ҳозир бўлмасдан туриб ижара шартномасини бекор қилиб бўлмайди, бунда судга мурожаат қилиш зарур бўлади.
Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олишни кўзлаб шартномада ундан бир тарафлама воз кечиш имкониятини назарда тутиш лозим.
1 |
Шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилади, башарти қонун ҳужжатларидан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса (ФКнинг 384-моддаси).
Фуқаролар ўртасида тузилган турар жой ижара шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак (Уй-жой кодексининг 86-моддаси 3-қисми).
Қонун нотариал расмийлаштирилаётган шартномани имзолашда тарафлар шахсан ҳозир бўлишини талаб этади. «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 34-моддаси 1-қисмига мувофиқ, нотариал тасдиқланадиган битим, ариза ва бошқа ҳужжатлар нотариус иштирокида имзоланади (АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 14-бандида ҳам худди шундай меъёр келтирилган).
Бинобарин, иккала томон ҳозирлигида ва нотариусда тузилган ижара шартномаси худди шундай тартибда бекор қилиниши керак, бунда ижарага олувчи албатта иштирок этиши шарт.
2 |
Қонун 2 хил усулда шартномани бир тарафлама бекор қилишга йўл қўяди:
1) шартномани суд тартибида бекор қилиш (ФКнинг 382-моддаси 2-қисми, 615-моддаси 3, 4-қисмлари; УКнинг 93-моддаси 1-қисми);
2) бир тараф шартномани бажаришдан тўла ёки қисман бош тортиб, қонун ёхуд тарафларнинг келишувида бунга йўл қўйилса, шартноманинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши (ФКнинг 382-моддаси 4-қисми).
Қонунга кўра фақат уй-жойни ижарага олувчи ижарага берувчини 3 ой аввал ёзма равишда огоҳлантириб, шартномани бажаришдан бош тортишга ва уни муддатидан аввал бекор қилишга ҳақли (ФКнинг 615-моддаси 2-қисми).
Бинобарин, шартнома тузаётганда унинг ўзида ижарага берувчининг шартномани бажаришдан бир тарафлама бош тортиш ҳуқуқини назарда тутиш зарур. Шунингдек бу ҳақда иккинчи тарафга хабар бериш тарзида бош тортишнинг ёзма расмийлаштирилишини (ОХС Пленумининг 18.12.2009 йилдаги 203-сон қарори 25-банди 3-хатбошиси) ва уй-жойни бўшатиш муддатини кўрсатиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Эркин Ҳосилов,
«Norma Online» эксперти.