Мен Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эгаман. Ҳозир Россияга доимий яшаш учун кетяпман. Айтишларича, пропискадан чиқишим билан дарҳол янги яшаш жойига чиқиб кетишим керак экан. Муайян вақт пропискасиз Ўзбекистонда қолишим мумкинми?
А.Сисовец.
Тошкент ш.
– Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни республиканинг бошқа минтақаларида доимий прописка қилиш, уларни пропискадан чиқариш, шунингдек бошқа давлатга доимий яшаш учун чиқиб кетаётганлари муносабати билан пропискадан чиқариш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Агар пропискадан чиқиб, 3 сутка ичида (жўнаб кетиш варақасида кўрсатилган муддатда) Россиядаги доимий яшаш жойига чиқиб кетмасангиз, республика ташқарисига чиқиб кетгунча вақтинча пропискани расмийлаштиришингиз мумкин. Бунинг учун сиз туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг тегишли хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (ИИБ ХЧКваФРБ) мурожаат қилишингиз зарур. Ушбу тартибни Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларига нисбатан ҳам қўллаш мумкин (АВ томонидан 14.05.2012 йилда 2363-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома).
Мутахассис учун прописка
Давлат муассасаси ходимини Тошкентда доимий прописка қилиш тартиби қандай?
Исломова.
Бухоро ш.
– Давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) улар лавозимда турадиган даврга доимий прописка қилиниши лозим (14.09.2011 йилдаги ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган Рўйхатнинг 11-банди).
Ушбу фуқаролар Тошкент шаҳар ИИБ ХЧКваФРБга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар (АВ томонидан 4.05.2012 йилда 2358-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома):
белгиланган шаклдаги ариза;
паспорт;
контракт бўйича ҳарбий хизматчининг ёки ЎзР Қуролли Кучлари офицерининг шахсий гувоҳномаси (казармалар, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);
турар жой учун ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхалари;
уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериши тўғрисида нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги);
никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг ёки фарзанднинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг, шунингдек васийликни (ҳомийликни) тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхалари;
давлат ҳокимияти органи, давлат ва хўжалик бошқаруви органи, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилоти раҳбарининг белгиланган шаклда* ишга таклиф этилаётган фуқаронинг (юқори малакали мутахассис ёки тор ихтисосликдаги мутахассис) ишончлилиги кафолати билан биргаликда илтимосномаси, шунингдек лавозимга тайинлаш тўғрисида буйруқдан кўчирма. Бунда республика аҳамиятига молик давлат ташкилотлари деганда уларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш масалалари қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан тартибга солинадиган давлат ташкилотлари тушунилади;
давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.
Агар ташкилотнинг илтимосномасига кўра Тошкентда пропискадан ўтган мутахассис ишдан бўшатилса, бошқа ишга ўтса ёки пенсияга чиқса, ташкилот раҳбарияти фуқаронинг охирги доимий пропискадан ўтган жойидаги ИИБ ХЧКваФРБни бу ҳақда 2 кунлик муддат ичида хабардор қилади. Агар пойтахтда доимий прописка қилиниши учун фуқарода бошқа сабаблар бўлмаса, хабарнома асосида уни илгариги яшаш жойида ёки унинг белгиланган шаклдаги аризасига кўра бошқа минтақада пропискадан ўтказадилар. Пропискадан чиқишдан бош тортган тақдирда доимий пропискаси бекор қилинади.
*Йўриқномага 6-илова.
Ўқиш учун Тошкентга
Мен Тошкент вилоятида (Зангиота тумани) пропискадан ўтганман. Ўқиш пайтида Тошкентда яшашим учун вақтинча рўйхатдан ўтишим зарурми?
Барно У.
– Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган фуқаролар ўқиш даврига ҳисобга олинади. Бунда таълим муассасаси томонидан фуқаронинг ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатидан нусха (агар бу туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бўлса – 35 х 45 мм ўлчамли 2 та фотосурат) ва турар жой билан таъминланганлиги тўғрисида маълумотнома ТШИИБ ХЧКваФРБга тақдим этилади. Шунингдек ушбу ҳужжатлар билан бирга ҳисобга олиш учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанцияни ҳам тақдим этиш зарур.
Агар таълим муассасасининг турар жойида яшамасангиз, таълим муассасасининг алоқа хати асосида сиз танлаган жойидаги ТШИИБ ХЧКваФРБ томонидан ҳисобга олинасиз.
Ўқишингиз Тошкент шаҳридан ташқарида жойлашган бошқа таълим муассасасига кўчирилган, шунингдек сиз академик таътил олган тақдирда ушбу муассаса раҳбарияти сиздан амал қилиш муддати ўтган прописка ҳисобга олинганлиги ҳақидаги қайд варағини олади ва уни билдиришнома билан бирга тегишли ТШИИБ ХЧКваФРБга юборади (АВ томонидан 28.06.2016 йилда 2804-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 13–16-бандлари).
Шикастланган паспортни тиклаш
Мен тасодифан паспортни «ювиб» қўйдим, у яроқсиз ҳолга келди. Уни Москвадаги Элчихонамизда тиклашим мумкинми?
Камол Н.
– Ҳа, фақат консуллик рўйхатида турсангиз, Москвада (Ўзбекистон Элчихонасида) ёки Новосибирскда (Бош консулликда) паспортингизни алмаштиришингиз мумкин (Низом, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова).
Агар консуллик рўйхатида турмасангиз, бу ҳолда ҳаммаси паспортингиз ҳолатига боғлиқ бўлади. Агар паспортингиз ундаги маълумотни ўқиб бўлмайдиган даражада шикастланган бўлса, уни алмаштириш учун Ўзбекистонга келишингизга тўғри келади. Бунинг учун Элчихонада Қайтариш учун сертификат олиш зарур.
Агар яроқсиз ҳолга келган паспортни Ўзбекистонда берилган ҳужжат сифатида идентификациялашнинг иложи бўлса, унда эгасининг Ф.И.Ш.ни ўқиб бўлса, консуллик муассасасида шахсингизни тасдиқлаш таомилидан ўтишингиз ва янги биометрик паспорт олиш учун ариза топширишингиз зарур. Шунда ҳужжатни алмаштириш учун Ўзбекистонга қайтишингизга тўғри келмайди.
Шунга эътибор берингки, консуллик рўйхатида туришингиз учун РФда қонуний асосда бўлишингиз (ўқишингиз, вақтинча яшашга рухсатномангиз бўлиши, рўйхатдан ўтган бўлишингиз, яшаш гувоҳномаси бўлиши ва ҳ.к.) шарт.
Санжар Хўжааҳмедов, «Norma Online» эксперти.